Фиқҳ илми тарихи
Фиқҳ илмининг тарихига назар соладиган бўлсак, Исломнинг аввалги даврида тафсир, ҳадис, усул фиқҳ ва бошқа илмлар каби, фиқҳ илми ҳам алоҳида илм шаклида ажралиб чиқмаганлигини кўрамиз.
Дастлаб Маккаи Мукаррамада ўн уч йил давомида асосан ақийдага оид оятлар нозил бўлди. Кейинроқ, айниқса Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилинганидан сўнг шаръий ҳукмларга тегишли оятлар ҳам нозил бўла бошлади. Уларнинг ҳаммасини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали унча кўпаймаган мусулмон жамоасига ўқиб, тушунтириб берар эдилар.
У Вақтдаги мусулмонларнинг деярли барчаси араблар бўлиб, араб тилини нозик жойларигача яхши тушунар, Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини мутлақо қийналмай англар ва уларга амал қилар эдилар. Мабодо баъзи тушунмовчиликлар бўлса, дарров Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан сўраб олар эдилар. Ўша вақтда саҳобаларнинг содда ҳаётларида асосий ишлари ҳам шундан иборат эди.
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётлариннинг охирига келиб, Қуръони Карим оятлари нозил бўлиши ниҳоясига етиб қолди. Кейинги босқичдаги оятларнинг аксари шаръий ҳукмлар хусусида эди.
Маълум вақт ўтгач, турли қабила ва юрт одамлари Исломни қабул қилишди. Янги мусулмонлар қаршисида деярли йигирма уч йил давомида нозил бўлиб тўпланган оятларни ўқиб ўрганиш, уларга амал қилиш, шариат аҳкомларини ўз ҳаётларига татбиқ қилиш вазифаси турар эди.
Табиийки, ёш саҳобалар ўзларидан катталрдан, янги мусулмонлар аввалгиларидан шаръий масалаларни сўрай бошлашди. Бу ишда баъзи саҳобалар ўз илмлари, топқирликлари билан бошқаларидан ажралиб чиқдилар.
Уламоларимиз фиқҳ билан машҳур бўлган саҳобалрдан тўрт халифани, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Масъуд ибн Ос, Зайд ибн Собит, Оиша онамиз розияллоллоҳу анҳу ва бошқаларни мисол қилиб келтирадилар.
Шунингдек, Пайғамбармиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳолиси мусулмон бўлган узоқроқ юртдагиларга ўша ердагиларга шариат аҳкомларини ўргатиш, уларга ҳаётда ориз бўладиган масалаларни ҳал этиш учун ўз вакилларини юбора бошладилар.
عن معاذ رضي الله عنه
أن رسول الله صلى الله عليه وسلم لما أراد أن يبعث معاذا إلى اليمن ،
قال : كيف تقضي إذا عرض لك قضاء ؟ قال : أقضي بكتاب الله .
قال : فإن لم تجد في كتاب الله ؟ قال : فبسنة رسول الله صلى الله عليه وسلم .
قال : فإن لم تجد في سنة رسول الله صلى الله عليه وسلم ؟ قال : أجتهد رأيي ولا آلو .
فضرب رسول الله صلى الله عليه وسلم صدره وقال : الحمد لله الذي وفق رسول رسول الله لما يرضي رسول الله رواه احمد
Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Яманга юбараётиб:
“У ерда бир масала ориз бўлса, қандай қилиб ҳукм чиқарасан?” дедилар.
“Аллоҳнинг Китоби ила ҳукм чиқараман”, дедим.
“Аллоҳнинг китобида бўлмаса-чи?” дедилар.
“Аллоҳнинг Расули суннати ила”, дедим.
“Аллоҳнинг Расули суннатида ҳам бўлмаса-чи?” дедилар.
“Фикрим ила ижтиҳод қиламан, сусткашлик қилмайман”, дедим
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам кўксимга урдилар ва:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳининг вакилини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин”, дедилар”.
Имом Аҳмад ривоят қилган.
Деярли барча ҳадис китобларида келтирилган ушбу машҳур воқеа асрлар давомида фақиҳларимизни янгидан-янги илмий чўққиларга, изланишларга чорлаши билан бирга, Қуръони Карим оятлари, бошқа ҳадислар билан бир қаторда, фиқҳ илмига ҳужжам ва далил бўлиб келмоқда.
Биринчи ҳижрий асрнинг иккинчи ярми ва иккинчи ҳижрий асрда Ислом дини дунё бўйлаб кенг тарқалди. Араб бўлмаган турли халқлар ҳам мусулмон бўлдилар. Табиийки, улар ўзларига Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан шариат аҳкомларини чиқариб, тартибга солиш имконига эга эмас эдилар. Бир тарафдан, тил билмайдилар, қолаверса илмлари йўқ.
Нима қилиш керак? Билганлардан сўраш керак. Шундай қилиб, аста-секин кишиларга диний ҳукмларни ўргатадиган, уларнинг саволларига жавоб берадиган кишилар ажраб чиқа бошлади.
Кейинчалик шароит бутун бошли китоблар таълиф этишни, масалаларни жамлаб баён қилишни ҳам тақозо қилиб қолди.
Бу ҳақиқатни халифа Жаъфар Мансур ва имом Молик ораларида бўлиб ўтган ходисадан ҳам билиб олсак бўлади.
Имом Молик ибн Анас ёшликларида Жафъар Мансур билан бирга ўқиган эканлар. Катта бўлганларида йўллари турлича бўлиб, имом Молик илмда, айниқса фиқхда улкан алломалик даражасига етиб, хамманинг ҳурматига сазовор бўлдилар. Оғайнилари ва ҳамдарслари бўлмиш халифа Жафъар Мансур имом Молик билан мажлис қурди ва у кишига “Яқин орада мен билан сендан билимлироқ одам йўқ, ўзинг кўриб турибсан, мен манави иш(яъни халифалик) ила машғул бўлиб қолдим. Сен одамларга диний ишларни енгиллаштириб берсанг”, деди.
Имом Молик рози бўлдилар ва “Муватто” номли китобни таълиф қилдилар. Янаги ҳаж мавсумида “Муватто” китоби билан танишган халифа Жафъар Мансур қойил қолди ва имом Моликка: “Жуда яхши қилибсан, агар ҳоҳласанг,ҳамма одамларни шу китобга жамлайман”, деди.
Имом Молик: “Йўқ, ундай қилма, Расулуллоҳнинг саҳобалари ҳамма ёққа тарқалиб кетишди, уларнинг ҳар бири ўзи билан яхшиликни олиб кетди”, дедилар.
Ушбу қиссадан кўриниб турибдики, ўша даврда ҳатто давлат бошлиғи ҳам кишиларга фиқҳий кўрсатмалар мажмуаси лозимлигини англаб етган. Уламолар, жумладан, имом Моликдек забардаст олим ҳам бу заруратни тушуниб етганлар. Шунинг учун ҳам Ислом оламининг турли жойларида фақиҳ уламолар етишиб чиқа бошладилар.
“Кифоя”
Шайх Муҳаммад Содиқ
Муҳаммад Юсуф