МАЗҲАБСИЗЛИК – энг ката адашиш
Барчамизга маьлумки, Ислом дини омонлик, тинчлик динидир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Оли Имрон сураси 103-оятда:
«Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг» дея марҳамат қилган. Бу ояти каримада мусулмонлар доимо бир бўлишга буюрилмоқда.
Минг таассуфлар бўлсинки, ҳозирги кунимизга келиб, ўзларича Қурьон ва суннатга эргашишни даво қилаётган, бирор мазҳабни ушламай, «мазҳаб бидьатдир» дея жар солаётган кимсалар тез-тез учраб қолмоқда. Бу нарса илмсизликнинг оқибати туфайли келиб чиққандир. Бу борада сўз юритар эканмиз, аввало, «мазҳаб» сўзининг маьносини аниқлаштириб олмоғимиз зарур. «Мазҳаб» сўзи араб тилидаги «заҳаба» феьлидан олинган бўлиб, ўзбекчада «йўл» деган маьнони ифода этади. Истилоҳда эса тўртта фиқҳий мазҳаб имомларининг йўлларидир.
Фиқҳий мазҳабларнинг келиб чиқиши тарихи саҳобалар ва набий алайҳиссалом вафот этгандан кейин келадиган асрга тақалади. Ҳижратнинг аввалги иккинчи асридан тўртинчи асрнинг ярмигача ижтиҳоднинг олтин асри бўлди. Бу вақт оралиғида мазҳаблари ёзилиб ва фикрларига эргашиладиган ўн учта мужтаҳид намоён бўлишди. Улар: Маккада Суфён ибн Уайна, Мадинада Молик ибн Анас, Басрада Ҳасан Басрий, Куфада Абу Ҳанифа ва Суфён Саврий, Шомда Авзоий, Мисрда Шофеий ва Лайс ибн Саьд, Нийсобурда Исҳоқ ибн Роҳивайҳ, Бағдодда Абу Савр, Аҳмад, Довуд Зоҳирий ва ибн Жарир Табарийлардир.
Улардан тўрттаси жумҳур мусулмонлар томонидан расмий фиқҳий мазҳаблар деб тан олинди. Улар Ҳанафий, Шофеий, Моликий, Ҳанбалий мазҳабларидир.
Бу тўрт мазҳаб ўртасида катта фарқлар кўзга ташланмайди. Жуда кўп масалаларда бир хиллик мавжуд. Ўрталарида фақат жузьий ихтилофлар мавжуд.
Демак, фиқҳий мазҳабларнинг вужудга келиш тарихини ўрганар эканмиз, ҳозирги кундаги баьзи мазҳабсизларнинг ёки сохта «салафийлар»нинг: «Мазҳабга эргашиш бидьат», «Имомга эргашиш суннатдан юз ўгиришдир» каби даьволари пуч эканини кўрамиз. Аксинча фиқҳий мазҳабларнинг тарихий илдизи буюк саҳобалар ва улуғ тобеинлар асос солган йўл эканига гувоҳ бўламиз.
Набий алайҳиссаломнинг саҳобалари илмда бир-биридан фарқ қилган. Баьзилар Абдуллоҳ ибн Аббосни, ироқликлар Ибн Масьудни, ҳижозликлар Абдуллоҳ ибн Умарни розияллоҳу анҳум ўзларига ўрнак қилиб, уларнинг кўрсатмаларига риоя этиб яшашган. Аҳли илмлардан ҳеч ким уларнинг бу ишини қоралагани ёки бир шахсга тақлид қилганни гуноҳкорга чиқарганларини билмаймиз.
Демак, бугунги кунимизда ҳам оми халқ, шунингдек, истинбот ва ижтиҳод қилиш даражасига етмаган олимлар учун бирор мужтаҳидга тақлид қилиш, билмаганларини сўрашдан бошқа чора йўқ.
Шу ўринда диёримиз мусулмонлари Ислом дини кириб келган вақтдан бошлаб Имоми Аьзам (ҳанафий) мазҳаби кўрсатмасига риоя қилиб келаётганини алоҳида таькидлаб ўтишимиз зурур.
Ўтган уламоларимизнинг деярли хаммаси ҳам шу мазҳаб асосида асарлар битиб қолдиришган. Халқимиз ҳам шу мазҳабга амал қилишган. Дарҳақиқат Имоми Аьзам мазҳаби мўтадиллиги, Исломнинг асл мазмун моҳиятини ифодалаб бериши билан асрлар оша диёримиз мусуслмонларининг ўзаро хамжихатлигида, турли хуқуқий муаммоларни осон ҳал қилинишида, айрим ҳолларда юзага келадиган турли зиддиятларнинг бартараф этилишида муҳим асос бўлиб келмоқда.
Мазҳабсизликнинг ёйилиши Ислом динига хусусан мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид туғдирадиган омил эканига шубҳа йўқ. Мазҳабсизлар ўзларини бирор бир мазҳабга амал қилмасликларини даьво қиладилару, аслида намоз ва бошқа ибодатларда тўрт мазҳаб имомларидан бирига эргашадилар. Бундан бошқа иложлари ҳам йўқ. Негаки, ижтиҳод қилишга ҳар ким ҳам қодир бўлолмайди. Чунки бу ишни қилиш учун шарьий далиллардан ҳукмларни чиқариб олишга етарли даражада илмий ва ақлий қувват лозим. Лекин бир икки масалани чуқур ўрганмай туриб, ихтилоф чиқаришга усталар, масалан: «Мазҳаб деган нарса Расулуллоҳнинг даврларида бўлмаган, биз уларга эмас Аллоҳ ва Расулига эргашамиз», ёки «Мазҳаб деган нарса Расулуллоҳнинг даврларида йўқ эди, биз мазҳаб эгаларининг эмас, Аллоҳ ва Расулининг айтганига амал қилишимиз керак»- деган даьволарни қиладилар. Бу ўта калтафаҳмлик ва жоҳиллик, ғаразгўйликдан бошқа нарса эмас.
Аслини олганда, мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссаломга эргашади, мужтаҳидларга тақлид қилади холос. Уламоларнинг тутган йўллари хақида машҳур муҳаддис Имом Заҳабий: «Биз, тўрт имом (Абу Ҳанифа, Молик, Шофеий, Аҳмад) икки Суфён (Сўфёни Саврий ва Суфён ибн Уайна), Авзоий, Довуд Зоҳирий, Исҳоқ ибн Роҳувайҳ ва бошқа имомлар ҳақ йўлда бўлганлар, деб ишонишимиз лозим. Улар ўзлари хақда айтилаётган айб (гап)лардан пок бўлиб, уларга эьтибор қаратилмайди. Бошқа мужтаҳид муайян бир мазҳабга эргашиши шарт.. Икки ҳарам имоми (Жувайний) таькидлаганидек, саҳобий ва тобеинларга эргашиб бўлмайди, чунки уларнинг мазҳаби ёзилмаган ва шакллантирилмаган. Қозилик масалалари ва фатво беришда тўрт мазҳабдан бошқасига тақлид қилинмайди» деган. Бошқа бир олим Тожуддин Субкий шундай ёзади: «Ушбу тўрт мазҳаб (ҳанафий, моликий, шофеий, ҳабалий), Аллоҳ раҳмати ила, эьтиқодда бир бўлган. Уларнинг айрим издошлари мўьтазилийлар ва мужассимага қўшилиб кетганларига қарамасдан, мутлақ кўпчилиги хақиқатга риоя қилганлар…». «Аҳли сунна вал-жамоа» олимлари тўрт мазҳабдан бирига тақлид қилиш шарт экани борасида ихтилофга бормаганлар.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, исломдаги фиқҳий мазҳаблар мусулмонларнинг бирлигини сақлашга ва халқнинг диний хукмларга риоя этишларидаги қийинчиликлари олдини олишга хизмат қилган. Бироқ мазҳабларни инкор қилиш мусулмонлар қалбига турли шубҳаларни солиш баробарида соф ислом ақидасини бузиб, жамиятда ихтилофли ҳолатларни келтириб чиқаришга қаратилган.
А.Низомов
Шаҳрисабз шаҳар «Хазрати имом»
масжиди имом ноиби