Аслида нарсаси кўп бой эмас, балки қаноати бор одам бойдир. Агар нафси бой бўлса, у таъмадан тийилади ва азиз бўлади. Инсон доимо ўзидан пастга қараса, бечора ва ожиз бўлиб қолиши мумкинлигини ўйласа, борига қаноат қилади. Инсон учун, Аллоҳ таолонинг берган куни ва едирган ризқи катта давлатдир. Инсонннинг бахт-саодати қаноатли бўлишда ва яратган зотнинг берганига рози бўлишликдир.
Инсон ўз тақдирига рози бўлиб, еб-ичиш каби ишларда тежамкорлик билан ўртача иш кўриш қаноат саналади. Қаноатнинг акси исрофгарчиликдир. Ҳар бир ишда муъайян меъёрдан ошиш исрофдир. Қаноатни нотўғри тушунмаслик керак. Қаноат мутлақо озлик билан чекланиб танбалликда яшаш дегани эмас, балки ҳирс билан ҳаракатланишдан сақланиб, берилган ризққа рози бўлиб, кўнгил ҳузур ҳаловати билан яшаш демакдир. Бир қанча ўғрилик ва жиноятлар қаноатсизлик оқибатида келиб чиқади.
Қаноат шундай хазинаки, у ҳеч вақт камаймайди. Бу хазинага эга бўлган киши умрини шавқ ва роҳатда кечиради. Бу билан қаноатсизликдан пайдо бўладирган ҳасад деган инсоннинг энг зўр душманидан қутилади. Хазина эгасига ўхшаб шараф ва ҳузур-ҳаловатда яшайди.
Р. Акбаров,ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими