Дунёда инсоннинг доимо нимадандир ношукр бўлиши яхши ҳисобланмайди. Ношукрлик туфайли инсон кўп машаққатларга қолади. Инсон доимо ўзида борига шукр қилиб яшаши фазилат ҳисобланади.
Саъдий Шерозий ўзининг “Гулистон” асарларида қуйидаги ҳикояни келтиради:“Узоқ йўл босиб келаётган мусофир киши ўзининг оёқ кийими эскириб кетганидан нолиб, ўз-ўзига “шунақа ҳам ночор одам бўламанми?” дея ҳолининг хароблигидан афсусланди. Шу нолиганича шаҳар дарвозасига яқинлашар экан, дарвоза тагида инсонлардан бирор нарса беришларини тиланиб ўтирган тиланчига кўзи тушди. Не кўз билан кўрсинки, тиланчининг икки оёғи ҳам йўқ эди. Бу ҳолни кўрган мусофир: “Мен пойабзалим йўқлиги учун ношукурлик қилибман, оёқларим йўқ бўлса, нима қила олардим, мендан ҳам ночорроқ одамлар бор экан!”, – деб шукроналик йўлини тутди.
Демак, бирор нарсага етиша олмаган одам, аввало, ўзидаги мавжуд нарсаларга назар солиш ва борига шукр қилиш лозим.
Р. Акбаров,ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими