Катта ёлғон тўқишдан тийилайлик
10077
11-01-2024, 11:49
225
Ўқиш режими
+
-
Бугунги кунда интернет тармоқларида айрим кимсаларнинг эртанги кун ҳақидаги башоратлари кўпайиб кетди. Аслида, эртанги кунда нима бўлишини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:“Айтинг: “Аллоҳдан бошқа осмонлар ва ердаги бирор кимса ғайб (келажак)ни билмас”. Улар қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмаслар”(Намл сураси, 65-оят). Ушбу оятнинг тафсирида: “Аллоҳдан бошқа ҳеч ким-инсон ҳам, фаришталар ҳам, жинлар ҳам ғайбни билишмайди. Бу эса Аллоҳ таолонинг мутлоқ илм эгаси эканини англатиши билан бирга, махлуқотлар учун У буюк зотнинг лутфи ҳамдир...Ўзингиз ўйлаб кўринг: инсон ўз тақдирини-бир кун, бир ҳафта, бир ой, бир йилдан кейин ёки умрининг охиригача нималар бўлишини аниқ билса, унинг учун ўша кун, ҳафта, ой, йилларнинг ва ўзи яшайдиган умрнинг қизиғи қолармикан? Албатта йўқ. Бундан бошқа яна қанчадан-қанча ишлар борки, улар ҳақида қанча бош қотирсак ҳам тагига етолмаймиз, бу ҳақда қанча кўп тафаккур қилсак, шунга ўхшаш саволлар туғилаверади, уларга жавоб топишга уринсак, янги-янги илоҳий ҳикматлар келиб чиқаверади”дейилади.
Инсон ҳеч қачон ўзини эртага нима бўлишидан хабар бера олади, деб ҳисобламаслиги лозим. Мабодо, инсон ўзини эртага нима бўлишидан хабар бера олади деб ўйласа, Аллоҳ таолога нисбатан жуда катта ёлғон тўқиган бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Кимки ўзини эртага нима бўлишидан хабар бера олади, деб ўйласа, Аллоҳга жуда катта ёлғон тўқибди”дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Хулоса қилиб айтамизки, Аллоҳ таоло барчамизни гуноҳ амаллардан асраб, Ўзининг рушду-ҳидоятида барқарор айласин!
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилояти вакиллик ходими