ДАРАЖАСИ БАЛАНД ЗОТ
Тарихий манбаларда Марказий Осиёда калом илмининг ривожланишида Абу Мансур Мотуридийнинг ўрни ниҳоятда катта бўлгани қайд этилади. Чунки, аллома яшаган даврда, яъни IX асрнинг охири ва X асрнинг биринчи ярмида ислом динида турли гуруҳ ва фирқалар сони кўпайиб кетган. Натижада имон-эътиқод масалаларида кўплаб ихтилофлар келиб чиққан. Ана шундай вазиятда Имом Мотуридий диннинг асл моҳиятини очиб бериш, соф исломий ақидани сақлаб қолиш борасида беқиёс ишларни амалга оширган. Ҳанафий мазҳаби асосчиси Абу Ҳанифанинг таълимотига суянган ҳолда ўзига хос калом мактабини яратган. Бу мактаб томонидан илгари сурилган ғоялар ислом динининг моҳиятини тўғрилик, эзгулик, инсонийлик деб биладиган мўмин-мусулмонларнинг қарашлари ва интилишлари билан ҳамоҳанг эди.
Бу йил буюк ватандошимиз, калом илмининг равнақига улкан ҳисса қўшган йирик аллома Абу Мансур Мотуридий таваллудига 1150 йил тўлади.
Мотуридия таълимотининг туб мазмун-моҳиятини очиб бериш, Имом Мотуридий меросини чуқур ўрганиш ва унинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини халқаро миқёсда тарғиб этиш каби ишлар қамровини янада кенгайтириш мақсадида жорий йилнинг 3-5 март кунлари Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференция ўтказилди. Мазкур халқаро анжуманда 15 та мамлакатдан 70га яқин уламолар, исломшунос олимлар, нуфузли таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари иштирок этдилар.
Икки кун давом этган халқаро конференциянинг асосий ва иккита шўъба мажлисларида қирқдан ортиқ маъруза тингланди. Маърузаларда Имом Абу Мансур Мотуридий шахси ва ақидавий қарашлари, мотуридийликнинг мафкуравий асоси, мотуридия калом мактабига оид янги манбалар, ушбу таълимотнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида илмий асослангшан қизиқарли фикрлар билдирилди.
Жумладан, Покистон бош муфтийси, Карачи ислом университети президенти Муҳаммад Рафиъ Усмоний ўз маърузасида ҳозирги кунда интернет тармоғи орқали мотуридийлик таълимотига аёвсиз ҳужумлар уюштирилаётгани билимсизлик натижаси эканини қайд этди.
Малайзия ислом илмлари университети профессори Камолиддин Нуриддин Маржуний мотуридия таълимоти аҳли сунна ақидасини ҳимоя қилиш, унинг рақибларига раддия беришда улкан фазилатларни намоён этиб бораётгани, унинг таассубдан йироқлиги, мўътадиллиги, ислом ғояларини бағрикенглик тамойилига мос тушунтириши билан барчага ўрнак бўлиб келаётганини айтиб ўтди.
Ҳар бир тарихий шахснинг ҳаётини ўрганишда унинг яшаган даврини синчиклаб кўриб чиқиш алоҳида аҳамият касб этади. Имомул–ҳудо (ҳидоятга элтувчи имом), Қудвату-аҳлис-сунна (аҳлис-сунна пешвоси), Мусаҳҳиҳу ақоидил-муслимин (мусулмонлар ақидасини ислоҳ этувчиси), Имомул мутакаллим (калом илми олимларининг пешвоси), Рабибу аҳлис-сунна (аҳли сунна вал-жамоа тарбиясини олган), Ал-Имом аз-Зоҳид (дунёни тарк этган имом), Аш-Шайх ал-Имом каби шарафли унвонлар соҳиби Абу Мансур Мотуридийнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганар эканмиз, Аллоҳнинг мислсиз қудрати кўз ўнгимизда намоён бўлади. Бундан Мотуридий яшаган даврнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳолати ва вазияти шундай улуғ мутафаккирга эҳтиёж сезаётганини англаш мумкин.
Имом Абу Мансур Мотуридий яшаган давр аббосийлар давлати ҳукмронлигининг иккинчи босқичи, яъни IX асрнинг охири X асрнинг бошлари, аббосийлар давлатининг парчаланаёган вақтига тўғри келди.
Ислом олами катта фитналардан бири бўлган қарматийлар фитнаси билан юзлашган бир пайт эди. Энг ачинарлиси қарматийлар 318/930 йил ҳаж мавсумида Маккага ҳужум уюштириб, уни талон- тарож этганлар. Зиёратга борганларни ўлдиришган, бир қисмини қул қилишган, у ердаги “қора тош”ни парчалаб, ўлжа қилиб олиб кетиш даражасида қабиҳликларга боришган. Бундан кўриниб турибдики, бизнинг уламоларимиз қарматийлар оқимининг тарқатаётган ғоялари нафақат ўз даври, балки, келажак авлод учун ҳам катта талафотларга олиб келишини англаб, ўз вақтида керакли муолажаларни олиб борганлар.
Юқоридагилардан ташқари Абу Мансур Мотуридий яшаган даврда ислом оламида эътиқод масалаларида бир-бирига қарама-қарши бўлган хилма–хил ғоялар кенг тарқалган эди. Қадарийлар, шиалар, жаҳмийлар, муътазилийлар, рофизийлар каби ўнлаб оқимлар ўртасидаги тортишувлар баъзан қонли можаролар билан якунланар эди. Ана шундай мураккаб даврда Самарқандда Имом Мотуридий етишиб чиқиб, ўзининг илму-маърифатлари, чуқур ва теран тафаккури билан жаҳолатни енгишга ҳаракат қилдилар. Шу тариқа, соф исломий ақидани сақлаб қолиш учун ўзининг бор салоҳияти ва куч - қувватини аямади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, у зот Қуръони карим ва суннат таълимотлари асосида ҳамда Муҳаммад (с.а.в) саҳобалари услубида ақийда масалаларини ёрита бошладилар. Хусусан, мусулмонларни тарқоқликга олиб келувчи ақидавий оқимларга қарши шу муқаддас курашда Абу Мансур Мотуридий биринчилар сафида бўлди
Имом Абу Мансур Мотуридий Ислом оламида турли ўзгаришлар авж олиб турган, хусусан, ҳар хил ақийдавий фирқалар ўзаро тортишиб турган бир пайтда яшаб, илм-маърифатли бўлдилар. Аллоҳ таолонинг инояти ила у киши ўз замонининг Аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги ҳанафий уламоларига шогирд тушдилар.
Имоми Мотуридий даври билан бугунни боғлайдиган нарса нима, улар ўртасидаги ўхшашлик қандай намоён бўлади?! Ислом тарихидан маълумки, 3-4 ҳижрий асрлардан турли эътиқодий тоифалар ривожланиб, мусулмон умматини тафриқага сола бошлади. “Сен кофир”, “сен мунофиқ” каби даъволар кўпайгандан кўпайди. Шу даврда Имом Мотуридий бизнинг диёрларда етишиб чиқиб Аҳли сунна вал жамоа эътиқодини баён қилиб, халққа тушунтирдилар, керакли ўринларда раддиялар бердилар, адашганларни тўғри йўлга қайтарди. У зотнинг ислом умматига қилган энг катта хизмати, ислом умматини яна қайтадан жамлаш, аҳли сунна вал жамоа эътиқоди атрофида бирлаштириш бўлди. Бугунги кунимизда ҳам ўтмишдаги каби ислом умматида бўлиниш, фирқаланиш ўзгани куфр ва нифоқда айблаш борган сари кўпайиб бормоқда. Ўтмишда улуғ боболаримиз қилгани каби ҳар биримиз умматни бирлаштириш, иттифоқ қилиш ҳаракатида бўлайлик. Бунинг учун Имом Мотуридий бобомиз тутган йўлга бирлашиб, бир-биримизга бағрикенглик қилиб, "Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ", деган кишиларни тек қўяйлик, уларни куфр, нифоқ ва ширк билан айбламайлик. Ахир улуғ бобокалонимиз ўз даврларида бу нарсаларга қарши қандай кураш олиб борган бўлсалар барчаси кучли далил ва ҳужжатларга асосланган ҳолда олиб борилганлигини барча тан олдику?.
У киши ўз замонларидаги мусулмонлар орасида пайдо бўлган нотўғри тушунчаларга ечим топдилар. Ўша вақтдаги бузғунчи фирқалар ақийда бобида сочаётган заҳарлардан пайдо бўлган ақийдавий дардларни даволашга ҳаракат қилдилар. Душманларнинг кирдикорларини фош қилиб, Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг ҳақиқатини очиқ-ойдин кўрсатиб бердилар.
У киши ҳанафий мазҳабида бўлиб, Имоми Аъзамнинг шогирдлари имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳининг икки восита ила шогирдлари бўлганлар. Яъни у кишининг устозлари имом Муҳаммаднинг шогирдлари бўлган.
Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг “Таъвийлоту аҳлис-сунна” номли тафсирларида мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа, мунажжим, фолбин ва бошқаларнинг фикрларини муноқаша қилганлар ва ҳаммаларига раддия берганлар. У киши Аҳли сунна вал жамоа йўлини қўллаб-қувватлаганлар.
У кишининг таълимоти мўътазилийлар каби фақат ақлга суяниш эмас, балки нақлдан ҳам қўшиб фойдаланишни зарур деб билади. Ақида борасида қўшган яна бир ҳиссаси шуки, ўша даврларда жуда кўплаб фирқалар эътиқод борасида ўз фикрлари билан мусулмон аҳлини турли йўлларга бошлаган. Мотуридий бобомиз шунга чек қўяди ва бу ўлкада ягона ақида тизимини (ҳанафия мазҳаби асосида) ўрнатади. У барча ақидалар орасидаги баҳсли мавзуларни ҳар бир фирқага далиллар асосида исботлаб беради. Натижада турли хилдаги майда оқимлар кўпайишининг олди олинади.
Мутакаллим ислом илоҳиётидаги қазо ва қадар (инсон тақдири) ҳақида ҳам мулоҳазаларини баён этган. У инсонда танлаш эркинлиги бор деган иборани қўллаган. аллома инсон қандай йўлни танлаши ўз ихтиёрида эканига алоҳида урғу беради.
Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳнинг қилган энг улкан хизмати аҳли сунна вал жамоага қарши чиққан фирқаларнинг даъволарига умумий раддия қилишдан ташқари уларга батафсил раддиялар қилганидир. Яъни, бу зот ўша пайтларда омма мусулмонларга ташвиш туғдириб турган муътазилий етакчиларининг асарларига бирма-бир раддиялар ёзиб, уларни “очиқ майдон”да мағлуб қилган. Бунга у зотнинг қуйидаги асарлари яққол далилдир:
- Абу Муҳаммад Боҳилий муътазилийнинг “Усулул хомса” (бешта асос) номли китобига “Родду усулил хомса” (“бешта асос” китобига раддия);
- Абулқосим Каъбий муътазилийнинг “таҳзийбул жадал” (илмий баҳсларни ўргатиш) номли китобига “Родду таҳзийбил жадал” (“илмий баҳсларни ўргатиш” китобига раддия);
- Абулқосим Каъбий муътазилийнинг “Ваъийдул фуссақ” (Фосиқларга таҳдид) номли китобига “Родду “Ваъийдил фуссақ” (“Фосиқларга таҳдид” китобига раддия);
- Абулқосим Каъбий муътазилийнинг “Аваилул адилла” (Дастлабки далиллар) номли китобига “Родду аваилил адилла” (“дастлабки далиллар” китобига раддия) номли асарлар ёзган.
Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ таолога иймон келтириш асослари бўйича “Тавҳид” номли китоб ёзган. Бу китоб Имом Мотуридийнинг “шоҳ” асари ҳисобланади. Бу асарда аҳли сунна вал жамоанинг ақоид борасидаги асосий қоидалари баён қилинган. Шунга кўра кейинчалик ёзилган Абул Муин Насафийнинг “Табсиротул адилла”, Умар Насафийнинг “Ақоидун Насафий” каби мотуридия мазҳаби қоидаларини баён қилувчи китоблар “Тавҳид” китоби асосида таълиф этилган асарлар ҳисобланади.
Имоми Мотуридий ўз таълимоти ва илмий асарлари билан Мовароуннаҳр илоҳиёт мактаби ривожига катта ҳисса қўшди. Шунингдек, ҳанафия таълимотининг Ўрта Осиё халқлари урф-одатлари билан чамбарчас боғлиқ эканини ўз қарашлари орқали кўрсатиб берди.
Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ таҳқиқларга кўра ҳижрий 333 санада тўқсон беш ёшлар атрофида Самарқандда вафот этган.
Бугун бизнинг энг асосий вазифаларимиз Имом Мотуридий ғоя ва қарашларни содда тилда ёшларга ўргатиш, махсус сайт яратиб, Имом Мотуридий илмий мероси ва мотуридия таълимоти ҳақида маълумот бериб бориш, хорижий фондларда сақланаётган Имом Мотуридий ва мотуридия калом мактаби алломалари қаламига мансуб асарларнинг электрон нусхаларини жамлаш, сақлаш ва келгуси авлодга етказиш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш, у зотнинг маънавият камолотидаги ўрнини муносиб баҳолаган ҳолда, аллома асарларининг изоҳли нашрларини амалга ошириш, унинг ҳаёти, фаолияти ва маънавий мероси тарбиявий аҳамиятига бағишланган туркум рисола ва монографияларни яратиш ҳамда халқимизни у зотнинг мероси билан янада яқинроқ таништириб боришдан иборат бўлмоғи даркор.
Рахматилло Усмонов,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоятидаги вакили