Ражаб ойининг фазилати
10080
13-01-2024, 17:41
341
Ўқиш режими
+
-
Мана Ражаб ойи ҳам бошланди. Бошланган Ражаб ойининг фазилати кўп. Ражаб ойида эзгу ишларни қилган кишилар кўплаб савобларни қўлга киритадилар.
Ўзбекистон мусулмонлар идора Фатво маркази томонидан қуйидагилар баён қилинади: “Ражаб ойи қамарий ойларнинг еттинчиси бўлиб, уруш ҳаром қилинган улуғ ойлардан бири ҳисобланади. Зеро, “ражаб” сўзи луғатда “улуғлаш”, “ҳурмат бажо келтириш” маъноларини англатади. Жоҳилият даври араблари бу ойни улуғлагани ва ҳурматлагани боис шу ном билан аталган. Саҳобаи киромлар ва улардан кейинги салафи солиҳларимиз Рамазон ойидан сўнг тутган рўзаларини қабул бўлишини Аллоҳ таолодан сўрашар эди. Ражаб ойи келганда эса, Рамазонга соғ-саломат етишни сўрар эдилар. Бу ҳақида Набий алайҳиссаломдан ҳадис ҳам ривоят қилинган:
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ. قَالَ : كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا دَخَلَ رَجَبٌ قَالَ: "اللهُمَّ بَارِكْ لَنَا فِي رَجَبٍ، وَشَعْبَانَ، وَبَلِّغْنَا رَمَضَانَ" (رواه الإمام ابن عساكر والبيهقي)
яъни: Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ражаб ойи кирса, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳ! Ражаб ва шаъбон ойларида бизга барака бергин ва Рамазон ойига етказгин”, дер эдилар” (Имом Ибн Асокир ва Имом Байҳақий ривоят қилган). Дуонинг ўқилиши: “Аллоҳумма баарик ланаа фий ражабин ва шаъбана ва баллиғнаа рамазона”.
Машҳур тобеинлардан бўлган Абу Қилоба раҳимаҳуллоҳ Ражаб ойи фазилати ҳақида шундай деган:
عن عَامِرِ بْنِ شِبْلٍ رضي الله عنه، قَالَ: سَمِعْتُ أَبَا قِلابَةَ رضي الله عنه، يَقُولُ: "فِي الْجَنَّةِ قَصْرٌ لِصُوَّامِ رَجَبٍ" (رواه الإمام البيهقي).
яъни: Омир ибн Шиблдан ривоят қилинади, Абу Қилоба разияллоҳу анҳудан эшитдим, у зот айтадилар: “Ражаб ойида рўза тутувчилар учун жаннатда бир қаср бор” (Имом Байҳақий ривояти). Мазкур ҳадисдан Ражаб ойи бошқа ойлардан фазилатли экани, унда тутилган нафл рўзаларнинг ажри кўпайтириб берилиши маълум бўлмоқда. Шундай экан, имкони бор кишилар Ражаб ойидан бошлаб, нафл рўзаларни тутиб, Рамазон рўзасига ўзларини тайёрлаб боришлари мақсадга мувофиқ бўлади. Бунда Ражаб ойининг муайян кунини хосламасдан, ҳар ким ўз куч-қуввати ва имкониятидан келиб чиқиб рўза тутишлари мумкин. Лекин бунинг учун муайян кунни белгилаб, ушбу иш шариат кўрсатмаси деб, одат қилиб олиш ҳамда бунга далил сифатида турли тўқима ҳадисларни ривоят қилиш тўғри эмас. Айниқса, Ражаб ойининг йигирма еттинчи кечасида “Рағоиб намози”ни адо этиш борасида нақл қилинган ҳадисларнинг барчаси тўқима бўлиб, унга амал қилинмайди. Чунки унинг бидъат эканини Ибн Нужайм, Ибн Обидин ва Абдулҳай Лакнавий каби муҳаққиқ уламоларимиз томонидан очиқ-ойдин айтиб ўтилган (манба: “Баҳрур-роиқ”, “Раддул Муҳтор”, “ал-Осорул марфуъа фил-ахборил-мавзуа” китоблари).
Демак, биз Ражаб ойидан Рамазон ойига тайёргарликни бошлаб, имкон борича нафл намозлар, рўзалар, хайру эҳсон ва шу каби яхшиликларни кўпайтиришимиз айни муддао бўлади. Ражаб ойида ҳам бошқа ойларда бўлгани каби нафл рўза ва намозлар бирор кунга белгиламасдан ўқилаверади”.
Аллоҳ таоло барчамизга Ражаб ойини баракали ойлардан қилсин!
.Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими