1445 йил 18 Шаввол | 2024 йил 26 апрель, Жума.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:21
Sunrise
05:45
Dhuhr
12:35
Asr
17:25
Maghrib
19:25
Isha
20:49


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ЭМИЗИШ (РАЗОЪ)

12-12-2019, 18:07 846 Ўқиш режими + -
Янги туғилган чақалоқнинг эмиши (разоъ) ўтмишда ҳам, ҳозирда ҳам энг долзарб масалалардан бўлиб келяпти. Яқин ўтмишимизда кўпчилик эмизишнинг, она сутининг ҳикматидан бехабарликда, бу муҳим ишга эътиборсиз бўлиб қолган эди. Туғруқхоналарда сути кам оналарнинг болалари сути кўп бошқа оналар сути ёки сунъий озиқлар билан боқилар эди. Сут берган онанинг кимлиги номаълум қоларди. Мустақил бўлганимиздан кейин бу нотўғри ишга барҳам берилди. «Разоъ» сўзининг маъноси «сут эмиш»дир. Шариатда разоъ дейилганида боланинг бошқа аёл кўкрагидан икки ёшгача сут эмиши ва бунинг ҳукмлари билан боғлиқ масалалар тушунилади. Чақалоқ икки ёшгача онасидан бошқа аёлни эмса ёки унинг сути ичирилса, разоъ ҳукми собит бўлади. Бунда сут миқдорининг фарқи йўқ, бир томчи сут кирса ҳам разоъ собит бўлади. Разоъ ҳукмига кўра, бегона аёл сутини эмган болага ўша аёл она, аёлнинг эри ота ҳукмида бўлади. Сут эмган бола шу эр-хотиннинг асл фарзандларидек, уларнинг ўз фарзандлари эса бу болага маҳрам ҳисобланади. Сут эмган бола ўғил ёки қиз бўлишидан қатъи назар, шу маҳрамларига никоҳланиши мутлақо мумкин эмас. Ҳалол ва ҳаром масаласида эмикдошликка ҳам алоҳида эътибор берилади. Шариатимиз оналарга бир неча вазифаларни юклайди.
Жумладан, улар фарзанд соғлом ўсиши учун уни таркибида барча зарур моддаларни мужассамлаштирган она сутидан маҳрум қилмасликлари зарур. Чунончи, Қуръони каримда янги туғилган фарзанднинг онадаги ҳақи бундай баён қилинади:
 «Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар…»(Бақара, 233).
Ояти каримада чақалоқни икки ёшигача она сути билан эмизиш нақадар фойдали эканига ишорат этилмоқда. Лекин шариат бўйича она эмизишга мажбур қилинмайди, бунга бошқа эмизадиган аёлларни ёллаш ҳам мумкин. Бу одат арабларда кенг тарқалган эди. Муҳаммад (алайҳиссалом) оналари тирик бўлатуриб, Саъд қабиласига мансуб Ҳалима исмли аёлга эмиздирилганлари, тарбиясига берилганлари Ислом тарихидан маълум. Сут она ёллашда унинг соғлом, серсут, хулқи ва одоби намунали, ўзи ақлли бўлишига алоҳида эътибор бериш керак, чунки эмизувчи аёлнинг феъл-атворидаги иллат ва фазилатлар болага ҳам кўчиши аниқланган. Уламолар ўртасида «Она ўз фарзандини эмизишга мажбурми ёки мажбур эмасми?» деган масала ҳам бор. Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ): «Агар бола онасидан бошқани эммаса ёки онасидан бошқа эмизадиган аёл бўлмаса ёхуд ота бошқа эмизадиган аёлга бериш учун ижара маблағига эга бўлмаса, она болани эмизишга мажбур қилинади», деганлар. Чунки эмиш боланинг нафақаси ҳисобланиб, унга кетадиган барча нафақа отанинг бурчидир. Бу масалада ҳам аёлнинг эрки, озодлиги, шахсий ҳуқуқи эътиборга олингани ва туққан онаси «мен боламни эмизмайман» деса, уни айблаш ноўрин экани билинади. Имом Молик (раҳматуллоҳи алайҳ) эса: «Туққан она боласини эмизишга мажбурдир», дейдилар. Аммо баъзи оналар ҳам бор, сути камлиги, қомати бузилиши, иши кўплиги каби сабабларни баҳона қилиб, боласини эмизиш ўрнига сунъий сут ва бўтқалар билан боқишни афзал кўришади. Табиатдаги ҳеч нарса она сути ўрнини босолмайди, буни замонавий тиббиёт ҳам исботлаган. Ҳадиси шарифда: «Бола учун она сутидан яхшироқ озуқа йўқ», дейилган. Халқимизнинг ўзига хос бир гўзал фазилати ва хусусияти бор – ҳеч бир она боласини сабабсиз, узрсиз эмизишдан бош тортмайди. Дарҳақиқат, зарурат бўлмаган тақдирда муддатидан олдин она сутидан бошқа сут ёки маҳсулот билан боқишга ўтиш боланинг соғлом, баркамол ўсишига салбий таъсир этишини замонавий тиббиёт таъкидлайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси  раиси,
муфтий  Усмонхон Алимов
“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан
Манба VAKILLIK UZ