1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Дабдабабозлик кимга керак?

18-01-2024, 12:49 284 Ўқиш режими + -
Мамлакатимиз мусулмонларининг хотиржам ибодат қилишлари, шунингдек, фарз ва суннат амаллари бўлмиш ҳаж ва умра зиёратларига нав­батсиз бориб-келишлари учун қулай шарт-шароитлар яратилаётгани боис қисқа вақт ичида минглаб юртдошларимизнинг орзулари ушалмоқда. Бироқ айрим кишилар томонидан сафардан қайтган яқинлари дабдаба билан кутиб олинаётгани кўпларни ранжитмоқда. Баъзилар эса бундай шариатга зид амалларни жоиз кўриб, урфга айлантириб олмоқдалар.
Умра зиёратидан қайтган айримлар хайрли ишларда ибрат бўлиш ўрнига, кутиб олишдаги исрофларга Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназ ҳазратлари  муносабат билдираркан шундай деди: “Муҳтарам Умранинг ниятида юрган ҳожи она, ҳожи оналаримиз... Агар Аллоҳ таолло мени Каъбатуллоҳ тавофига мушарраф қилса, ёки Пайғамбаримиз Муҳаммад С.А.В. равзаларига бориб намоз ўқишни, ул зотнинг қабрларига қараб саловат-у саломлар айтиш бахтини берса, ушбу ибодатдан қайтиб келганимдан кейин ҳеч қандай риё қилмасликка, исроф қилмасликка, балки ҳеч бўлмаганда икки камбағал оилага қўлдан келганча яхшилик қилишга Аллоҳ насиб қилсин, деб ваъда қилинг. Агар йилда 70 минг нафар одам Умрага бораяпти десак, ҳозирга қадар 40 мингга яқини борди. Агар ҳар бир 40 минг киши иккитадан камбағал оиланинг бошини силаса, 80 мингта оиланинг хонадонига бахт кириб боради. Сиз ўзи Умрадан келгандаги тадбир-у маросим, исрофгарчилик, риё, хўжакўрсин маросимга кетадиган харажатни иккита камбағал оила боласининг мактаби учун, таълими учун берсангиз эди. Ёки боласини даволатиш учун, ота-онасини даволатиш учун дори излаётган одамга берсангиз эди. Бугун топгани ошга, нонга етиб, зўрға яшаётган азизларнинг хонадонига ўша хурсандчиликни киргазганингизда эди, унинг савоби бу дабдабабозликдан чандон-чандон кўп бўлар эди”.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази бундайин риёкорликка йўғрилган ишларга қуйидагича муносабат билдирди: “Ҳақиқатан, Умра ибодатига бориб келаётган айрим зиёратчилар ва уларнинг яқинлари билган ёки билмаган ҳолда риёкорликка йўл қўйиши кузатилмоқда. Баъзи ҳолларда Умра сафаридан келганларни дабдаба-ю асъаса ила кутиб олиш, кўча бошидан поёндозлар солиш ҳолати кўпаймоқда. Бу кабилар динимизга мутлақо зид бўлиб, ундай ишларни қилаётганлар ўта жоҳил ва нодон кишилардир. Эҳтимол, бу ишлари билан улар ўзларининг Аллоҳнинг байтига бўлган эҳтиромларини ёки уни тавоф қилиб келган кишига нисбатан ҳурматларини ифодаламоқчидирлар. Лекин, ибодатга ҳурмат-эҳтиром бу тарзда намоён қилинмайди. Аксинча, бу риёкорлик ва оғир гуноҳ”. 
Шу топда ўйланасан, наҳотки мана шу амалларни бажараётган инсонлар Қуръонни ўқимаган, диндан илми йўқ. Агар Қуръонни ўқиган бўлса Аллоҳ таоло Қуръони каримда қаттиқ ва қатъий (!) қоралаган: “Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас”, дея қилган марҳаматининг нега мағзини чақмайди! (Аъроф сураси 31-оят).
Ашраф Алий Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Ҳаждан келган бир кишининг зиёратига кирдик. Шунда у хизматчисига: “Аввалги сафар олиб келган зам-замдан олиб чиқ” деди. Аслида аввалги, кейинги келган зам-замнинг таъмида ҳеч қандай фарқи бўлмайди. У киши бу гаплари билан мен икки марта Ҳажга борганман, деб фахрланмоқчи бўлди. Бечора бундай гаплар билан амали ҳабата бўлишини билганида эди” деганлар. 
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Мўминнинг Умра сафари” китобида шундай келтирилади: “Ҳаж сафарига отланган киши яна нималарга эътибор бериши керак? Аввало, аҳли аёли ва яқин кишиларини тақвога буюрсин. Яъни, Аллоҳнинг амрларига бўйсуниб, қайтарганларидан қайтишга чорласин. Қилаётган Ҳаж ибодатидан Аллоҳнинг розилигини ва охиратининг ободлигини кўзласин. Дунё ва унинг зийнатларини, риёкорлик, ном чиқариш, фахрланиш каби нарсаларни зинҳор хаёлига келтирмасин. Акс ҳолда барча қилган саъй-ҳаракатлари беҳуда кетади”...
Шайх Саъдий Шеърозий раҳматуллоҳи алайҳ: “Бир кун карвонсаройда қолдик. Отам билан мен кечаси билан намоз ўқиб чиқдик. Ҳамроҳларимиз эса субҳгача ухладилар. Шунда мен: “Уларни ҳам туни ўтди, бизнинг ҳам тунимиз ўтди. Биз ибодат қилдик улар қилмади” деган эдим отам: “Ҳай болам-а, улар ухлаб роҳат олишди, сен эса уйқудан ҳам қолдинг, ибодатнинг савобидан ҳам маҳрум бўлдинг” дедилар. 
Ҳаким Ахтар раҳматуллоҳи алайҳ : “Ибодат буғдой экинига ўхшайди, уни экиб, йиғиб, териб олиш бир машаққат бўлса сичқон-каламушга едирмай сақлаб олиш ҳам бир машаққат. Яъни инсон бир ибодатни қилиш учун вақт сарфлайди, харажат қилади, меҳнат қилади, уни адо қилгач савобини сақлаб қолиш ҳам бир машаққатдир. Риё, хўжакўрсин, хўжа эшитсин, миннат қилиш, у ибодатни қилолмаганларни ҳақир санаш ва ҳоказолар ибодатнинг савобини ҳабата қилиб юборади” деганлар. 
Юз йиллардан бери тўйлардаги исрофгарчиликлар ҳақида гапирилади. “Тўй ва таъзияға сарф қилинатургон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва дин йўлиға сарф этсак, анқариб оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимиз-да обрўй ва ривож топар. Йўқ, ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур”. Маҳмудхўжа Беҳбудий, «Ойна» журнали, 1915 йил.
Бу куйиниб айтилган гапларга 100 йилдан ҳам ошиб кетди. Аммо ҳамон ўша исрофгарчилик. Худди исрофгарчилик, ким ўзарга дабдаба қилиш бўйича баҳона излаётгандекмиз. Озгина сабаб бўлса биз тўйлар қилаверсак, тўкиб сочаверсак... Энди Ҳаж, Умра зиёратларининг дабдабага, ҳатто шоуга айланаётганини нима дейиш мумкин.
Хулоса қилиб айтамизки, дабдабабозлик, риёкорлик, исрофгарчилик каби хунук ишлардан сақланайлик! Аллоҳ таоло барчамизни икки дунё саодатига мушарраф қилсин!
 
Муҳаммади Қораев,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакили ўринбосари