Чақимчилик катта гуноҳ
10105
20-01-2024, 21:59
408
Ўқиш режими
+
-
Ислом динида чақимчилик гуноҳи кабирадир. Аллоҳ таоло “Қуръони карим”да:
“Барча (кишиларга дилозорлик қилиб, чақимчилик билан уларнинг обрўларини тўкиб юрадиган)бўҳтон-ғийматчига ҳалокат бўлгай”дейилади. (Ҳумаза сураси, 1-оят).
Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Чақимчи жаннатга кирмайди” дейдилар. Пайғамбаримизнинг “Чақимчи жаннатга кирмайди” деганлари бошқа гуноҳ қилганлар каби биринчилардан бўлиб жаннатга кирмаслигини англатади.
Чақимчилик қилган кишига қабрда азоб берилади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир куни бир қабристондан ўтиб қолдилар. Қабристондаги икки қабр олдида тўтадилар. Ва у зот:“Бу икки қабр эгалари азобланмоқдалар, булар ўзларича гуноҳи кабира эмас деб ўйлаган гуноҳлари учун азоб чекмоқдалар. Буларнинг бири сийдигидан ўзини тоза тутмас,иккинчиси чақимчилик қилиб юрар эди” дедилар. Сўнгра хурмо дарахтининг ҳўл новдасидан олиб, уни иккига бўлдилар. Икки бўлак ҳўл ҳурмо новдасини ҳар икки қабрга суқиб қўйдилар. Сўнгра шундай дедилар:“Бу новдалар қуриб қолгунча, шояд буларнинг азобини енгил қилур”.
Донолар чақимчилик қилишдан одамни иложи борича тўхтатиш, уни иложи бўлмаса, чақимчиликбўлаётган жойни тарк қилиш керак дейишади. Тарк қилишни ҳам иложи бўлмаса, бу ёмон иллатларга қарши норози кайфиятда бошқа нарсалар билан машғул бўлиш керак дейишади.Пайғамбаримиз (с.а.в.)я шундай деганлар:“ Одамлардан камчилик қидирманглар. Кимки камчилик қидирса, Аллоҳ таоло ундан камчилик қидиради. Аллоҳ таоло кимнинг камчилигини қидирса, уни уйидан шарманда қилган ҳолида чиқаради”. ( Муслим ривояти).
Чақимчилик қилинган одам чақимчилик қилинганлигини эшитса, унга сабр қилса, у катта ажрни қўлга киритади. Қиёматда бир кишини олиб келишади. У инсоннинг аъмолномасини фаришталар кўздан кечириб, у киши кўп чақимчилик қилганлигини айтишади. Шунда Аллоҳ таоло:“Чақимчилик қилган кишининг савобларини чақимчилик қилган миқдорда зулм қилинган кишига ўтказинглар”, дейди. Фаришталар у кишининг бор савоб амаллари ўтказадилар ва савоб амаллар тугаб қолганлигини маълум қилишганда Аллоҳ таоло: “ Савоб амаллари тугаган бўлса, энди чақимчилик натижасида зулм қилинган кишининг гуноҳларини чақимчилик қилувчининг аъмолномасига ўтказинглар”, дейди. Ва чақимчилик қилган киши чақимчилик эвазига зулм қилинган одамнинг гуноҳларини олади. Зеро, ҳадисда:“ Кимнинг гарданида бошқа бировнинг ҳаққи бўлса, адо қилсин. Қиёмат куни унинг савоб ишлари ҳақдор кишига олиб берилади. Агар савоблари бўлмаса, ҳақдорнинг гуноҳлари унга олиб берилади”.
Шундай бўлсада, чақимчиликдан сақланмоқ лозим. Айниқса,фарзандларимизга чақимчилик, бировнинг гапини ташиб бировга етказиш каби салбий ҳолатлар ҳақида тушунтиришимиз лозим. Инсон ёшлигидан чақимчилик, одамларнинг гапини бировларга етказиш каби ёмон сифатларни ўзида шаллантирса, кейинчалик бу сифатлардан қутилиш қийин бўлади.
Чақимчилик ўзга кишиларга зулм қилишдир. Шу сабабли чақимчили қилган киши чақимчилиги учун икки ишни қилса кечирилади. Биринчидан, чақимчилигига афсусланиб, Аллоҳ таолога тавба қилиши лозим. Иккинчидан, чақимчилик қилган зулм қилган кишини учратиб, ундан кечирим сўраши лозим.
Чақимчилик, сотқинлик каби хулқлар одамлар орасида ўзаро ҳурмат меҳр-оқибатга путур етказади. У туфайли жамият кишилари орасида ўзаро ишонч, бир-бирларига меҳр-муҳаббат билан қараш, дўстлик , бирдамлик каби фазилатларга ўрин қолмайди. Шу сабабли ёмон иллат бўлган чақимчиликдан узоқ бўлайлик. Бу иллатлардан қанча узоқ бўлсак, икки дунё саодатига шунчалик яқинлашамиз.
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими