Либос Аллоҳ таолонинг бандаларга берган неъматидир. Ер юзидаги айрим махлуқотларни баданидан чиқадиган туклари билан уят жойларини беркитган бўлса, инсоннинг авратини ёпиш учун либосни бериб қўйди. Зеро, бу ҳақида эслатиб, Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:
“Эй Одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва патлар (зийнат кийимлар)ни туширдик. Аммо тақво либоси – бу яхшироқдир. Бу(лар) Аллоҳнинг мўжизаларидандир. Шояд буни эслаб кўрсалар!”[1].
Демак, бандалар бу неъматнинг шукронаси ўлароқ кийимдан шариат белгилаб қўйгандек фойдаланиши лозим бўлади.
Либоснинг ҳукми унинг турига қараб турлича – фарз, мустаҳаб, мубоҳ, макруҳ ва ҳаром бўлади.
Авратни беркитадиган, баданни иссиқ-совуқдан ҳимоя қиладиган даражада кийиниш фарздир. Кийим пахта ёки жундан тикилиши, этаги суннатга мувофиқ тарзда болдирнинг ярмигача тўсадиган, баҳоси арзон ҳам қиммат ҳам бўлмаган ўртача бўлиши афзалдир.
Аллоҳ берган неъматнинг асарини ўзида намоён қилиш, зийнатланиш мақсадида фарздан зиёда кийиниш мустаҳабдир. Бу амал Набий соллоллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ таоло бандасида берган неъматининг асарини кўришни яхши кўради”[2], – деган ҳадисларига мувофиқ келади.
Байрам, жума, тўй маросим каби йиғинларда башанг, энг чиройли кийимларни кийиш эса, мубоҳдир. Лекин бу доим ҳам такрорланмагани маъқул. Акс ҳолда ўз тенгдошларидан ажралиб қолиши, улар билан муомаласи ўзгариб қолиши мумкин. Чунки бундай кийинишга имконияти йўқ инсонларда бу одамга нисбатан нафрат пайдо бўлиш эҳтимоли бор.
Такаббурланиш ўзини кўз-кўз қилиш мақсадида кийиниш макруҳдир. Лекин бу қалб иши бўлганлиги учун нима мақсадда кийиниш ҳар кимнинг виждонига ҳавола. С. Абраев, Қарши тумани “Ҳожи Хизр” масжиди имом хатиби
[1]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири ҳилол Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси. – Т.: Шарқ, 2008.– Б 153. Аъроф 26-оят.
[2]Сунани Термизий, 2819-ҳадис.– Қоҳира: Дорус салом, 1429. – Б. 1934.