Уйқунинг фазилатли вақтлари
10126
25-01-2024, 11:56
210
Ўқиш режими
+
-
Инсон хоҳлаган пайтида ётиб ухлаш имкониятига эга. Уни ҳеч ким бу имкониятдан маҳрум қилмайди. Аммо шундай бўлсада, инсоннинг ухлаш вақтлари икки хил бўлади. Бири уйқунинг фазилатли вақтлари бўлса, иккинчиси эса уйқунинг кароҳатли вақтларидир. Уйқунинг фазилатли вақтларига кечаси, чошгоҳ ва туш пайтидаги уйқу вақтлари киради. Бундан чошгоҳ ва туш пайтидаги уйқу мустаҳаб (ухласа яхши, ухламаса ёмон эмас) деб ҳисобланади. Инсон уйқусининг кароҳатли вақтларига куннинг охири ва туннинг аввалги қисмлари киради. Куннинг охири деганда кун ботиш, туннинг аввали деганда эса қоронғулик туша бошлаган пайт эътиборга олинади. Бу вақтларда ухлаш макруҳ (кароҳатли)дир.
Бу кароҳатли вақтлар қуёшнинг завол топаётган ва қора туннинг янги бошланган пайти бўлиб, шайтон ва жинлар тарқаладиган вақтлардир. Бу ҳақда ҳадисда: “ Қуёш ботса, болаларингизни йиғиб олинглар, чунки бу вақтда шайтонлар тарқалади. Кечадан бир соат ўтса, эшикларингни ёпинглар чунки шайтонлар ёпилган жойга кирмайдилар” дейилади. ( Бухорий ривояти). Луқмони Ҳаким ўз ўғлиларига насиҳат қилиб: “ Эй ўғлим, кун ботиш пайтида ухлама! Бу вақтда фақат ахмоқ, маст ёки касал киши ухлайди” деган экан. Шу сабабли баъзан кексаларимиз бизни ҳар хил ёмонликлардан асраш маъносида кун ботиш пайтида ухлашдан қайтаришади.
Яхши ухлаб, яхши дам олиш ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ. Инсон уйқунинг фазилатли вақтларида яхши ухлаб дам олиш билан соғлиқ ва хотиржамликка эришади. Соғлом ва хотиржам инсонлар эса жамиятга файз-барака бахшлайдиган кишилардир.
Муҳаммади ҚОРАЕВ
- Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби