Ислом дини таълимотига кўра, бирор мамлакатнинг аҳолиси тинч яшаб келаётган пайтда шу мамлакатнинг бошлиғига қарши бош кўтариб кишилар ўртасига фитна қўзғаб юрувчилар тоифаси боғийлардир. Боғий сўзи арабча сўз бўлиб –“душманлик қилувчи” деган маънони билдиради. Тинч яшаб турган аҳолини тинчлигини, хавфсизлигини ва хотиржамлигини бузиб кишилар ўртасида таҳликали вазиятларни юзага келтиради. Арзимаган нарсалардан ўт чиқариб яшаб турган давлати раҳбари ва бошқарув раҳбариятига қарши қабиҳ ишлар орқали фитна қўзғайди. Улар ҳеч кимга тажовуз қилмаган тинч умргузаронлик қилиб турган кишиларни ҳеч бир сабабсиз ўлдирадилар, портлатиб юборадилар ёки ўғирлаб кетадилар.Уларнинг бу ҳаракатлари билан миллатлар, ҳалқлар ва ёки давлатлар ўртасида катта уруш ўчоқлари очилиб кетиши мумкин.
Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 204-оятида шундай марҳамат қилади: “Одамлар орасида шундай кимса борки, унинг дунё ҳаёти тўғрисидаги гапи Сизга қизиқарли бўлади. Дилидаги “имони”га Аллоҳни гувоҳ қилади, ваҳоланки, ўзи (Исломга нисбатан) душманларнинг ашаддийсидир”.
Бугунги кунда юртимизда яшаётган ҳар қайси инсон, ҳар бир мусулмон дунёда нима бўлаётганидан хабардор бўлиб, хавф-хатарлардан огоҳ бўлиб, уларнинг олдини олиш, бартараф этиш учун, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш йўлида курашиб яшаши зарурлигини ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда.
Шундай экан, ким бўлишимиз ва қандай мавқега эга бўлишимиздан қатъи назар, ҳар биримизнинг вазифамиз экстремизм ва терроризмнинг қабиҳ ва ғаразли мақсадини халқимиз, айниқса ёшларимиз орасида тинимсиз фош қилиш асосида огоҳликка чақиришдан иборат.
Нормурод Шойимов
Китоб тумани "Севаз" жоме масжиди имом-хатиби