НАВОИЙНИНГ ҲАЁТИ ИБРАТ, ИЖОДИ ҲИКМАТ
10178
9-02-2024, 16:04
401
Ўқиш режими
+
-
Қуръони Каримниг Бақара сурасида (Бақара, 269) “Бир инсонга ҳикмат (айтиш қобилияти) берилган бўлса, унга жуда улуғ хайр ва эзгулик берилибди демакдир” дейилади. Шу маънода айтиш мумкинки, ҳазрат Навоийнинг бутун ҳаёти ибрат, ижоди эса ҳикматдир.
АлишерНавоийнинг ҳаётига ва бу орқали ижодига ҳамэътибор берилса, бунга яна бир бор амин бўлиш мумкин. Туркий халқларнинг “Шамсу-л-миллати” ўлароқ, миллат юзи, унинг ор-номуси бўлган туркий тил ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида кўп гапирилган. Аслида бир миллат, бир халқ учун бундан ортиқ хизмат бўлиши мумкинми.
Бундан ташқари, “Бобурнома”даНавоий ҳақида шундай қайдлар бор: “Мунча бинойи хайрким, ул қилди, кам киши мундоққа муваффақ бўлмиш бўлғай”.Бобур унинг бунёдкорлик ишлари – халқ манфаати йўлида қурдирган бинолари учун бу эътирофни қилган эди.Унинг туркийзабон халқлар, хусусан ўзбек халқининг маънавий юксалиши, мамлакат ободлиги, эл юртнинг фаровонлиги йўлидаги фаолияти беқиёс. Навоий биргина Ҳирот шаҳри яқинида, Инжил анҳори бўйида бир қанча бинолар: “Ихлосия” мадрасаси (меҳнаткаш халқ болаларини ўқитиш ва тарбиялаш учун), унинг қаршисида “Холисия” хонақоҳи, “Қудсия” жомеъ масжиди, “Шифоия” даволаш уйи, “Сафоия” ҳаммоми, улар қошига тошҳовузлар қурдиради. Бундан ташқари, қатор карвонсаройларнинг бунёд этилиши, бузилганларини эса таъмирлаб тузаттириши ҳам шулар жумласига киради.Албатта, буларнинг барчасига ўзи ҳомийлик қилди.
Навоий умрни хайрли амаллар билан ўтказишнинг ҳикмати хусусида шундай дейди:
Ҳарамалеким киши хайр айлагай,
Коми буким –равзада сайр айлагай.
Яъни, кишининг амали гўзал бўлса, ҳаёт саҳифаларини хайрли ишлар билан безаган бўлса, у энг олий мукофот – жаннат боғларида сайр этажак.
Тасаввуф таълимотига кўра, Аллоҳ васлига мушарраф бўлишнинг икки йўли мавжуд:
- “мажзуби солик” – Ҳақдан жазба етиши, яъни Аллоҳ ёди билан ўзлигидан бехабар бўлиб юриш, тариқат мақомларни эгалламасдан туриб, ҳол мартабасига эришиш.
- “солики мажзуб” – Пирга қўл бериб, унинг иродаси билан риёзат чекиш ва ундан сўнггина жазба етиши, бунда аввал тариқатдаги мақомларни босиб ўтгандан кейингина ҳол мартабасига эришилади. Навоий биринчи йўлга эришиш муяссар бўлмагач, пири комил топиб, ўзини унга топширишга қарор қилади:
Бурун муршиди комил истай юруб,
Ани топқач ўзин анга топшуруб...
Чу аввалғи иш бўлмади дастгир
Икинчисидин хўб эмастур гузир.
Лекин Навоийга бу икки йўл ҳам насиб қилмади. У ўзи истаган, кўнгли тортган йўлдан юра олмади. Тақдир Навоийни халқ ёнидан бир лаҳза ҳам нари кетишга йўл бермади.Шундан сўнг у Ҳақ розилигига халққа хизмат қилиш йўлидан боришни энг маъқул йўл деб билди.
Ҳазрат Навоий умрини эзгўлик йўлида сарф этди, уни фақат хайрли амаллар билан ўтказишга уринди. Яъни у халққа хизмат – Ҳаққа хизмат эътиқоди билан яшади. Шу маънода у:
Нафъинг агар халққа бешакдурур
Билки, бу нафъ ўзунгга кўпракдурур –
дейди.Яъни агар сен халқ манфаати йўлида хизмат қилсанг, уни ўз манфаатингдан устун кўриб иш юритсанг, бундан аввало, ўзиннга катта бир яхшилик келади.
Шарқ тасаввуфи назариётчиси, етук аллома Азизиддин Насафий “Комил инсон” асарида келтирган таърифни айни Навоийга нисбат бериш мумкин. Унда шундай дейилади: “Комил инсон Худо таниб, дийдорига мушарраф бўлгач, нарсалар мохияти ва хикматини англагач халққа роҳат етказишдан яхширок тоатни билмади ва халқққа фойдалисўз айтиш ва савоб ишлар килишдан кўра яхширок роҳатни билмайди”.
Унинг халқ орасидаги машҳур байтини эсланг:
Одамий эрсанг демагил одами,
Оники йўқ халқ ғамидин ғами...
Насафий яна дейди: “Комил инсонда 4 сифат камолга етган бўлиши керак: эзгу сўз, эзгу амал, эзгу ахлоқ ва маориф”. Навоийда мана шу тўр сифат ортиғи билан мужассам, деб бемалол айтиш мумкин. Бунга асос эса Навоийга бағишлаб ёзилган Хондамирнинг “Макориму-л-ахлоқ” ва Ҳусайн Бойқаронинг “Рисола” асарларидир.
Хулоса: Устоз олим Нажмиддин Комилов таъбири билан айтганда, инсоният бугунги XXI асрда Навоий сингари улуғ мутафаккир ижодкорларга янада кўпроқ муҳтож бўлади. Чунки ҳозир инсоннинг ақлий кашфиёти беҳисоб ва ҳайратланарли. Аммо инсоният маънавий камолот жиҳатидан жуда ҳам олдинга борган эмас, аксинча, Навоий маънавияти чўққисидан қарайдиган бўлсак, анчагина орқага қараб кетганимиз маълум бўлади. Шунинг учун ҳам Навоийга қайтиш, Навоий оламини янгидан кашф этишнинг зарурати ва аҳамияти катта.
Ғиёсиддин ШОДМОНОВ, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент