1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Эртага янги ой бошланади

10-02-2024, 12:56 1 102 Ўқиш режими + -
Мана ҳижрий-қамарий 1445 йилнинг Ражаб ойи ҳам тугаб бормоқда. Иншааллоҳ, эртага янги ой бошланади. Бу бошланадиган янги ой Шаъбон ойидир. Шу ўринда шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, халқимиз “Шаъбон” ойини “Барот” ойи деб ҳам атайди.  
                 Маълумки,Шаъбон ойи ҳижрий-қамарий йил ҳисобининг саккизинчи ойидир. У 29 кундан иборатдир. “Шаъбон” арабча сўз бўлиб, у ўзбек тилида “бўлиниш”, “тарқалиш” деган маъноларни англатади. 
             Ривоят қилишларича, қадимда халқлар орасида қиш пайтида бир жойда, баҳор келиши билан бошқа жойларга тарқалиб яшаш одати бўлган. Қамарий-ҳижрий саккинчи ойига ном бериладиган пайтда одамларнинг ҳар томонга бўлиниш, тарқалиш пайтларига тўғри келади. Мана шу ҳолатдан келиб чиқиб, бу ойга “Шаъбон” қўйишган. 
                     Халқимизда  баъзи ойларни кимгадир, нимагадир тегишли қилиб баён қилиш ҳоллари учрайди. Ражаб ойи Аллоҳ таолонинг ойи деб эътироф этилса, Шаъбон ойи пайғамбар ойи, Рамазон эса умматларнинг ойи дейилади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: «Аллоҳ таоло ўн икки ой ичидан Ражаб ойини ўзи учун танлаб олган. Шунинг учун «Аллоҳнинг ойи» дейилади. Ким бу ойни улуғлаб, ҳурматини жойига келтирса, Аллоҳ таоло уни жаннати наимга киритиб, яна Ўз розилигини ато этади. Шаъбон ойи «Расулуллоҳ ойи» ҳам дейилади. Ким бу ойни улуғлаб, ҳурматини бажо келтирса, Қиёмат куни унга жаннатдан жойни ўзим тайёрлаб тураман. Рамазон ойи эса «Умматларим ойи»дир. Ким бу ойни улуғлаб, ҳурматини жойига қўйса, гуноҳлардан ўзини тийса, кундуз рўзадор, кечалари бедор, бировларга беозор ҳолда рўза ойини тамомласа, барча гуноҳлари мағфират қилинади». (Имом Байҳақий ривояти). 
                Шаъбон ойи келса, мўмин-мусулмонлар бу ойнинг ҳурматидан ўзаро  меҳр-муҳаббатни кучайтирадилар. Улар бу ойда ота-она, ёр-биродарлар, хеш-ақроболар,  касалманд, муҳтож кишиларнинг  ҳолидан хабар оладилар. Уларга турли мурувватлар кўрсатадилар. Бу эса Шаъбон ойи инсонлар орасида меҳр-оқибат, ўзаро ҳамжиҳатлик бахш этадиган ой эканлигига далолат қилади.
Аллоҳ таоло кириб келаётган Шаъбон ойини баракали ойлардан қилсин!

Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими