Маълумки ақида ҳар доим энг долзарб масала бўлиб келган. Чунки инсон амали биринчи навбатда ақидасига боғлиқ. Агар ақида тўғри бўлса , амали мақбул бўлади. Ақида бузилиши билан амал ҳам бузилади. Эътиқоди нотўғри одам ҳар қанча уринмасин, қилган амали Аллоҳ таоло даргоҳида мақбул эмас.
Шунинг учун биринчи галда ақида илмини ўрганиш ва эътиқодни тўғирлаш зарур. Сўфи Аллоёр бобомиз бежизга “Ақида билмаган шайтон элдир, амал деб қилса минг йил елдир ” демаганлар.
Энг тўғри ва ҳақ ақида Аҳли сунна вал жамоа ақидасидир. Мана шу ақидада бўлган одам икки дунёда нажот топади.
Аҳли сунна вал жамоа нима дегани ? Аҳли сунна вал жамоа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, солиҳ салафлар (яъни, саҳобалар, тобеинлар, табаа тобеинлар)нинг тутган йўлларидир. Таъбир жоиз бўлса айтиш мумкинки , бу мазҳаб булоқнинг боши саналади. Зеро фитналар авж олмасидан, турли фирқалар чиқмасидан олдинги мусаффо Ислом ақидаси айнан Аҳли сунна вал жамоа ақидасидир.
Сунна нима дегани ? Сунна (т)- Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда у кишининг саҳобалари йўлидир.
Жамоа нима дегани? Жамоа аслида "бир гуруҳ одамлар" маъносини англатади. Бу ерда саҳобалар, тобеинлар, табаа тобеинлардан иборат солиҳ салафлар назарда тутилади. Улар Аллоҳнинг Каломини, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини маҳкам ушлашган. Динда собитқадам бўлишган. Эътиқод масалалари, амалий-фиқҳий масалалар ҳам мазкур авлод вакиллари орқали бизга етиб келган.
Маълумки олдинги қавмлар яъни Мусо ва Исо алайҳиссаломнинг қавмлари етмиш икки фирқага бўлиниб кетган. Ислом уммати эса 73 фирқага бўлинган. Шундай экан, мана шу етмиш учта фирқадан фақат биттаси ҳақ йўлда, яъни Аҳли вал жамоа. Ислом уммати ичида ҳақни топган, ҳақга эргашган жамоа Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, у зотнинг саҳобалари амал қилган йўлдан борадиган мусулмонлардир.
Қолган етмиш икки фирқа ҳақни топмаган. Ислом динининг қатъий ҳукмларини инкор қилмагани учун улар ҳам Ислом доирасида ҳисобланади. Ислом уммати ичида ҳаққа эргашган фирқа "Аҳли сунна вал жамоа" дейилади.
Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни бомдод намозидан кейин бизларга мукаммал насиҳат қилдилар. Уни эшитиб, кўзларга ёш келди, қалблар қўрқувга тушди. Шунда бир киши: "Бу хайрлашувчи одамни насиҳатику. Бизга нимани васият қиласиз, эй Расулуллоҳ", деди. У зот.
" Аллоҳга тақво қилишни, гарчи (бошлиғингиз) ҳабаший қул бўлса ҳам, унга тўлиқ бўйсунишни васият этаман. Сизлардан ҳаёт бўлган одам ҳали кўп ихтилофларни кўради. Шундай экан, янги пайдо бўлган ишлардан сақланинглар. Зеро, у залолатдир. Сизлардан ким ўша вақтга етса, менинг суннатимга, тўғри йўлдаги хулофои рошидин суннатига эргашсин. Уни озиқ тишларингиз билан маҳкам тишлаб олинглар!" дедилар.(Абу Довуд, Термизий, Аҳмад, Ҳоким ривояти).
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Огоҳ бўлинглар! Сизлардан аввалги Аҳли китоблар етмиш икки миллатга бўлиниб кетган. Албатта мана бу миллат етмиш уч фирқага бўлиниб кетади. Етмиш иккитаси дўзахда, биттаси жаннатдадир. У аҳли сунна валжамоатдир" (Абу Довуд ривояти).
Бошқа ривоятга кўра, "Ўша бита фирқа қайси?" деб сўралганида Набий алайҳиссалоту вассалом: "Мен ва саҳобаларим йўлини тутганлар" деб жавоб берганлар.(Имом Термизий ривояти).
Шунинг учун биз суннатга - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, хулафои рошидин йўлларига, мусулмон жамоасига эргашамиз, хилоф нарсалардан, тафриқадан сақланамиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар тобеинлар, табаа тобеинлар йўлларидан юрган мусулмонлар жамоасидан ажралмаймиз.
Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, Аҳли сунна вал жамоа амалий фиқҳда тўрт мазҳабга бўлинган. Булар қуйидагилардан иборатдир:
- Ҳанафий мазҳаби.
- Моликий мазҳаби.
- Шофеий мазҳаби.
- Ҳанбалий мазҳаби.
Бизнинг диёримиз мусулмонлари неча аср, неча йиллардан буён бу мазҳаблар ичида энг биринчиси, саҳобалар ва тобеинлар замонига энг яқини, энг мўътадили бўлган Ҳанафий мазҳабига эътиқод қилиб келадилар.
Бугунги кунда айрим мазҳабни инкор қилгувчиларнинг фитна-фасодларига алданмасдан ,ота-боболаримиз оғишмай амал қилиб келаётган мазҳабимизга амал қилайлик.Аллоҳ таоло ўзи мададкор бўлсин!
Шуҳрат Муродов,
Миришкор туман бош имом хатиби.