1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

БОБУР МАЪРИФАТИ

14-02-2024, 15:31 349 Ўқиш режими + -
                                   БОБУР МАЪРИФАТИ
 
Ўзбек мумтоз адабиётини муқаддас Ислом таълимоти, унинг маърифатидан айри ҳолда тасаввур қилиб бўлмайди. Хусусан, кўплаб ижодкорларимиз адабий меросидан ўрин олган лирик асарларда мажозий тасвирлар билан қаторда ахлоқий-таълимий, диний-тасаввуфий қарашлар ҳам етакчилик қилади. Бироқ истиқлолга қадар айни шу маънавий мерос атайин четлаб ўтилди, “унутилди”. Гўёки бу мавзуларда асарлар яратилмагандек.
Хусусан, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”, “Мухтасар” сингари илмий асарлари, “Девон”и турли даражада тадқиқ қилинган бўлса-да, диний-маърифий, ахлоқий-таълимий мавзулардаги “Мубаййин” асари, “Рисолаи волидия” таржимаси ўқувчилар назаридан узоқ тутилгани ҳам сир эмас. 
Бобур ҳаёти ва фаолиятини кузатарканмиз, унинг оқил ҳукмдор, нозиктаъб шоир, зукко олим экани билан бирга етук фақиҳ ва тасаввуф билимдони бўлгани ҳам кўзга ташланади.
“Волидия” асари XV асрда Марказий Осиё халқларининг ижтимоий-сиёсий, маърифий ва маданий тафаккури ривожида муҳим ўрин тутган Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор – Хожа Аҳрори Валининг “Рисолаи волидия” асарининг эркин таржимасидир. 
Шу ўринда асар муаллифи тўғрисида икки оғиз сўз: XIV аср охири – XV аср бошларида ўзаро сиёсий зиддиятда бўлган темурий ва шайбоний ҳукмдорларнинг бу зотни ўзларига пири муршид деб билгани тарихий манбаларда зикр этилади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва шайбоний ҳукмдор Убайдулла Султонларнинг исмлари Хожа Аҳрори Вали томонида қўйилгани ва уларнинг бу зотга эҳтироми фикримизни далиллайди. Қолаверса, Алишер Навоий ҳам бир қатор асарларида мазкур зотни ҳурмат билан зикр қилади. Масалан, “Ҳайрат ул-аброр”нинг учинчи ҳайратида Хожа Аҳрор ҳақида шундай ёзади: 
Улки бу офоқ ичида тоқ эрур,
Тоқ неким муршиди офоқ эрур.
Яъни, у (зот) бутун оламнинг ягонаси, нафақат ягонаси, балки бутун оламнинг пири муршидидир. Шоир ўз фикрини давом эттириб қуйидаги таърифни келтиради:
Юз қуюбон қуллуғиға шоҳлар,
Базмида бехуд ўлуб огоҳлар,
Хизматида ҳар киши огоҳ ўлуб,
Гарчи гадо, маъни била шоҳ ўлуб...
Шаҳға дема, лутф чоғи, тож бахш,
Балки гадоларға доғи тож бахш.
Ҳақ сўзини элга қилурда адо,
Тенг кўрунуб олида шоҳу гадо.
Бобур ҳам “Бобурнома”да бир неча маротаба Хожа Аҳрорнинг ўз фаолиятига таъсири ҳақида, темурзодаларнинг унга муносабати борасида маълумот беради. Отаси Умаршайх Мирзонинг ҳам Хожа Аҳрорга ихлосмандлиги, ўз навбатида у ҳам отасини фарзанд қаторида кўриши ҳақида маълумот беради. Бир неча бор Бобурнинг ҳам тушларига кириб, унга руҳий мадад берганини қайд этади. Ана шу руҳий яқинлик Хожа Убайдуллоҳнинг “Рисолаи волидия” асарини Бобур томонидан туркий тилга назмий таржима қилинишга сабаб бўлган. 
Асарнинг таржима қилиниш тарихи “Бобурнома”нинг 1528 йил (ҳижрий 935 йил) воқеалари баёнида зикр қилинган: 
“Одина куни ойнинг йигирма учида ҳарорате баданимда зоҳир бўлди. Андоқким, жумъа намозини масжидта ташвиш била ўтадим. Намози пешин эҳтиётини келиб, китобхонада бир замондин сўнг машаққат била ўтадим. Индини якшанба куни иситиб, озроқ титрадим”. 
Шундан сўнг муаллиф ўзида такрорланаётган иситма заҳматидан халос бўлиш ниятида хайрли бир амал хотирига келганини таъкидлайди: 
“Сешанба кечаси сафар ойининг йигирма еттисида ҳазрат Хожа Убайдуллонинг “Волидия” рисоласини назм қилмоқ хотиримға кечти. Ҳазратнинг руҳиға илтижо қилиб, кўнглумга кечурдумким, агар бу манзум ул ҳазратнинг мақбули бўлур, худ нечукким, соҳиби “Қасидаи Бурда”нинг қасидаси мақбул тушуб, ўзи афлиж марази (фалаж касали)дин халос бўлди, мен доғи бу оризадин қутулуб, назмимнинг қабулиға далиле бўлғусидур. Ушбу ният била “рамали мусаддаси махбуни аруз” ва “зарбгоҳи махбуни маҳзуф” вазнидаким, мавлоно Абдурраҳмон Жомийнинг “Субҳа”си ҳам бу вазндадур, рисола назмиға шуруъ қилдим, ҳам ўшал кеча ўн уч байт айтилди. Илтизом йўсунлуқ, кунда ўн байттин камрак айтилмас эди, ғолибо бир кун тарк бўлди. Ўтган йил ва балки ҳар маҳал мундоқ оризаким бўлди, ақалли бир ой-қирқ кунга тортти. Тенгри инояти била, ҳазратнинг ҳимматидин, панжшанба куни ойнинг йигирма тўққузида андаке афсурда бўлди, ўзга бу оризадин халос бўлдум. Шанба куни рабиул-аввал ойининг секкизида рисола сўзларининг назм қилмоғ ихтитомиға етти. Бир кун эллек икки байт айтилди”. 
Бобур ўша пайтда хаста бўлишига қарамай, асарни жуда тез ва илҳом билан таржима қилади. Сешанба куни бошланган таржима шанба кунига бориб, яъни беш кунда ўз ниҳоясига етади. Бобур ўзи таъкидлаганидек, авваллари бир ой – қирқ кунгача азоб берган хасталик шундан сўнг уни умуман безовта қилмаган. 
“Волидия” таржимасида Бобур асарни шартли равишда фаслларга ажратган. “Рисола назмининг сабаби”ни изоҳлар экан, уни қуйидагича асослайди: 
Ҳар сўз андаки, ман анга етсам,
Етти кўнглимга: ани назм этсам.
Токи бўлғай манга ҳушёрлиғи,
Уйқулик кўнглима бедорлиғи.
Яна бу назм ўқуса ҳар толиб,
Кўнглунинг рағбати бўлгай ғолиб.
Рағбат айлаб, анга файзе етса,
Тийралик кўнглидин анинг кетса.
Кўринадики, таржимон асардан, аввало, ўзи англаган ҳикматларни ўқувчиларга, толибларга етказишни мақсад қилган. Шунингдек, ундаги илму маърифат шоир кўнглини ҳам нурлантириши, уни ўқиган ҳар бир талабгорнинг кўнгли ҳам илоҳий файздан баҳраманд бўлиб, қоронғуликдан халос бўлишини ният қилади. Ва, ниҳоят, “Рисола”даги чуқур ва мураккаб мазмунни Бобурнинг ўзига хос содда шеърий услуб билан ўқувчига етказишнинг самарали натижаси асосий муддао бўлган.
“Волидия” диний-тасаввуфий йўналишдаги асар бўлиб, бу йўналишнинг бош ғояси инсон камолоти, яъни комил инсон тарбиясидир. Комилликнинг асоси эса маърифат: 
Маърифат бетабаъиййат бўлмас,
Қойиди раҳ бетабаъиййатдуру бас.
Бил, Набийға табаъиййат қилмоқ, 
Қайси ишларда керак сўзума боқ.
Қавлию феълию ҳоли дурур ул,
Сўз будур, иш будуру будур йўл.
Маърифат Муҳаммад алайҳиссаломга эргашмасдан, тобеъ бўлмасдан ҳосил бўлмайди. Хўш, қайси ишларда у зотга эргашмоқ керак. Буни билмоқ истасанг, сўзларимга қулоқ сол: Муҳаммад алайҳиссаломнинг сўзлари, феъл-атворлари ва ҳолларига эргашиш билан инсонда маърифат ҳосил бўлади. Сўзинг, ишинг ва йўлинг у зотга мутаносиб бўлмоғи – бу маърифат йўлидир.
Асар таржимасининг муҳим хусусияти шуки, Бобур уни сўзма-сўз таржима қилиш йўлидан бормайди. Балки Хожа Аҳрор илгари сурган ирфоний фикрларини шарҳлаб, изоҳлаб ўқувчига мантиқий моҳиятни, умумий мазмунни тушунтиришга ҳаракат қилади. Илоҳий ишқ асрори билан теранроқ таништиришга жидду жаҳд қилади. 
Умуман, “Рисолия волидия” асари таржимасининг ўз ўқувчиларига қайтарилиши ва ўрганилаётгани Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахсияти, унинг эътиқодий қарашлари тўғрисидаги тасаввурларимизни бойитиш билан бирга диний-маърифий меросимизнинг нодир намунаси экани билан ҳам қимматлидир.
Шаҳобиддин НУРИДДИНОВ, 
филология фанлари доктори, доцент