1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ҳазрат Навоийнинг жавоби

19-02-2024, 17:01 252 Ўқиш режими + -
Алишер Навоий даврида туркий тил билан бирга яна икки тилда ижод қилиш анъана ҳисобланган. Ҳазрат араб ва форс тилидан ҳам фойдаланиб, асарларининг жозибали, ўқувчини ўзига сеҳрлай оладиган даражада бўлишига эришган. Шу боис Навоий асарлари нафақат бадиий, балки мислсиз маънавий, лисоний бойлик ҳамдир.
Навоий ижодида Жомий билан бевосита боғлиқ ҳолда яратилган асарлар алоҳида ўрин тутади. Бироқ Жомийга алоқадор асарлар орасида “Хамсату-л-мутаҳаййирин” яққол ажралиб туради. Чунки асар, авваламбор, бошдан-охир Жомий таърифу тавсифига бағишлангани, Жомий вафотидан кейин ёзилгани учун ҳам у, қайсидир маънода, икки буюк ижодкор муносабатларининг ўзига хос хотимаси ҳам ҳисобланади.
Мазкур асар асосан “муқаддима”, учта мақолат ва “хотима”дан ташкил топган. Юқорида айтиб ўтилганидек, Навоий ҳамд ва наът, Жомий таърифидан кейин асарнинг ҳар бир қисмида айнан нималар ҳақида тўхталишини ўзи батафсил ҳикоя қилиб ўтган.
Ушбу асарнинг иккинчи мақолатида Ҳазрат Навоийнинг қанчалар ҳозиржавоб ва сўзамол шоир ва иқтидор эгаси эканлигини кўрсатувчи бир ҳикоя келтириб ўтилган. Навоий Жомий билан олиб борган ёзишмалари асносида “туҳфатул афкор” қасидасини битади ва унда қуйидаги мисра келтирилган.
Як назар фармо, ки мустасно шавам з-абнои жинс,
Саг чу шуд манзури Нажмиддин сагонро сарвар аст
Шеърнинг мазмуни: 
Бир назар ташла тенгқурлардан фарқли бўлай, 
Нажмиддинга манзур бўлган ит, ҳамма итларга бошлиқ бўлди. 
Шеърда тилга олинган Нажмиддин – Нажмиддин Кубро номи билан машҳур бўлган тасаввуф шайхларидан. Тўлиқ исми Нажмиддин Кубро Аҳмад ибн Умар Хевақий (1145 – 1226) «Айн ул-ҳаёт» номли Қуръонга ёзилган кенг тафсир – шарҳнинг  муаллифидир. Навоийнинг «Насойим ул-муҳаббат» асарида келтирилишича, бир йиғинда Нажмиддин Кубро суҳбатдош ва мухлисларидан Шайх Саъдиддин Ҳамавий деган киши хаёлидан «бу умматлар орасида суҳбати итга таъсир қиладиган бормикан?», деган фикр ўтади. Шайх Нажмиддин Кубро каромат қилиб, буни англайди, хонақоҳ эшигидан бир итни келтирадилар. Унга Шайхнинг назари тушади. Ит бағоят ўзгаради ва шаҳардан чиқиб қабристонга равона бўлади. 50 – 60 га яқин бошқа итлар ундан айрилмас, ҳеч нарса емас, агар у ит бирор жойда тўхтаса, атрофини халқа бўлиб ўраб, уни чиқармас эдилар. Ўша ит ўлгач, Шайх буйруғи билан уни дафн этиб, қабри устида иморат ясаган эмишлар. Навоий юқоридаги байтида ана шу ривоятга ишора қилмоқда. Асли Туркистондан бўлган Ҳирот шоирларидан Навоий ва Жомийга суҳбатдош Мирсарбараҳна Навоийга ёзган шу мисраси юзасидан эътироз билдиради. Ҳазрат Навоий буни қуйидагича хотирлайди. 
“...Мирсарбараҳнаким замон аҳлининг мутааййин хуштабъ ва зарифи эрди, фақирни мухотаб қилиб, бу байтға эътироз қилдиким: “Агарчи сен бу байтда изҳори касри нафс қилибсен ва ўзунгни итга нисбат берибсен, аммо абнойи жинсға дағи ушбу нисбат воқеъ бўлубтур. Шоядки абнойи жинс бу нисбатдин ор қилиб, қабул қилмағайлар. Ташбиҳеким, кишининг ўз касри нафси жиҳатидин бир жамоатға иҳонат етгай — яхши бўлмағай”.
Яъни, Мирсарбараҳна замонасининг таъйинли, хушфеъл ва оқил кишиларидан ҳисобланади. У киши каминага бу байт юзасидан эътироз қилиб: “сиз бу байтингизда нафсингизни синдиришни кўрсатмоқчи бўлиб ўзингизни итга ўхшатибсиз. Бу ҳам етмагандек қолган одамларни ҳам итга ўхшатибсиз. Ўйлайманки, улар бу нарсани қабул қила олмайдилар”, дейди.
Унинг бу гапларига жавобан Навоий ҳазратлари шундай дейди.
“...Фақир айттимким: “Ўзумни итга ташбиҳ қилибмен — касри нафс жиҳатидин эмас, балки нафсоният туғёнидин баёни воқеъдур. Абнойи жински дебмен, сизни демаймен, сойир итларни дебменким, кўйкўчада юрурлар”.
Яъни, ўзимни итга ўхшатишим боиси нафсимни синдириш қабилидан эмас, балки нафснинг туғёнкор эканини кўрсатиш эди. Одамларга келсак, у ерда сизни эмас, кўча-куйда юрадиган итларни назарда тутганман. Навоийдан бундай жавобни кутмаган шоир кўзда ёш билан ҳазратни дуо қилди. Ушбу ҳолатни ҳазрат Навоий қуйидаги сўзлари ила тасвирлайди.   
“Мири мазкур бу сўзимдин мутаассир бўлиб, кўз ёши била дуо ва таҳсин қилди”. 
Уларнинг ўртасида бўлиб ўтган мазкур савол-жавоб халқ орасида машҳур бўлиб кетади. Бу Навоий ҳазратлари шундай дейди.
“...Ва Мирнинг бу саволи ва фақирнинг жавоби шуҳрат тутти. Аларнинг дағи муборак самъиға етишганда истеҳсон қилиб дебдурларким: «ул байти худ яхши байтдур, аммо жавоби ҳам ул байтидин яхшироқ воқеъ бўлубтур», — деб, бу фақирни ғойибона фотиҳа била баҳраманд ва аржуманд қилибтурлар”.
Яъни, мен билан Мирнинг ўртасидаги савол-жавоб ҳаммага овоза бўлиб кетди. Ҳатто у зотнинг (Жомийнинг) қулоғигача етиб борибди ва у зотга кўп маъқул келибди. Жомий ҳазратлари: “аввало бу байт жуда яхши чиққан, аммо (Навоийнинг) жавоби ундан ҳам ўтиб тушибди”, деб каминанинг ҳақига ғойибона дуо қилибдилар.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Навоий асарларни қунт билан ўрганиш, у билан ёш авлодни таништириб бориш ва илмий доираларда кўпроқ мулоқатга киритиш муҳим ҳисобланади. 
 
Омон Қодиров,
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси