1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

АЁЛ ҚАДРИ

21-02-2024, 08:21 511 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таоло барча мавжудотлар қатори инсонни ҳам жуфт, яъни эркак ва аёл қилиб яратди. Кишилик жамияти шу эркагу аёлдан пайдо бўлиб, унинг бир қисмини аёллар ташкил этар экан, ҳаётда турмуш юмушларининг ярми улар зиммасидадир. Аёл - ҳаётда онамиз, жуфту ҳалолимиз, опа-синглимиз, қизимиз бўлиб яшайди. Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса демак, жамият соғлом бўлади. Чунки, келажакнинг меваси бўлмиш фарзандлар оналар сабабли дунёга келадилар. Уларга бошланғич таълим-тарбия ва одоб-ахлоқни кекса онахон-момохонларимиз ўргатадилар. Шундай экан, келажак авлоднинг солиҳ бўлишлиги бугунги кун аёлларининг солиҳа бўлишларига ҳар жиҳатдан боғлиқдир.
Маълумки, Исломдан олдинги жоҳилият араблари орасида ғайриинсоний бир одат авж олган бўлиб, улар қиз фарзанд кўрган кишини масхаралаб таҳқирлар эдилар. Ҳақоратга чидай олмаган ота норасидани тириклайин кўмиб ташлар эди.
Билакс, Ислом динида аёллар масаласига алоҳида эътибор берилган бўлиб, уларнинг оилада, жамиятда ва умуман ҳаётда муносиб ўринга эга эканликлари баён қилинган.
Аёл киши аввало, Она сифатида қадрланади. Қуръони каримнинг бир нечта оятларида онани эъзозлашга, унинг ҳаққини адо этишга буюрилган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам ҳадисларининг бирида: яъни:“Жаннат - оналар оёғи остида”, деб марҳамат қилганлар.
Ислом таълимотида оилали аёлнинг зиммасига қатор вазифалар юклатилиши билан баробар, оилада у ўз ҳақ-ҳуқуқига ҳам эга эканлиги айтилган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида: яъни:“Мўминларнинг энг имони мукаммали гўзал хулқлисидир. Сизларнинг энг яхшингиз аҳли аёлига яхши муносабатда бўладиганингиздир”, деганлар.
Аллоҳ таолонинг ота-онага берган энг улуғ неъмати фарзанд  экан, хусусан қиз фарзандни гўзал ахлоқу одобли қилиб вояга етказиш ота-онанинг жаннатий бўлишларига сабаб бўлади. Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилганлар: яъни: “Кимнинг битта қизи бўлиб, унга чиройли одоб берса, Аллоҳ берган неъматларидан уни ҳам баҳраманд қилса, номаи аъмоли ўнг тарафдан берилишига ва дўзахдан осонгина қутилиб жаннатга дохил бўлишига сабаб бўлади”.
Ислом динида Аллоҳ таолога ибодат қилишдан кейинги биринчи ўринга қўйилган амал силаи раҳм бўлиб, уни энг яқин жигарлардан, яъни оналар, фарзандлар, опа-сингил, амма ва холалардан бошлашлик мақсадга мувофиқдир.
Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг яъни: “Аёллар эркакларнинг ажралмас бир қисмидирлар”, деган ҳадисларига биноан аёл киши жамиятнинг ажралмас бир бўлаги экан, у ижтимоий ҳаётда ўз мавқеига эга бўлиб, илм олишга, касб-ҳунар қилишга ҳақлидир.
Юқорида кўриб ўтдикки, динимиз аёлларни мўътабар инсон сифатида қадр-қийматларини ниҳоят даражада юқори баҳолаган. Шунга биноан бугунги куннинг аёли ҳам унга берилган ҳақ-ҳуқуқлардан оқилона фойдаланиш билан бир қаторда, аёллик иффатини сақлаб, ўз шаънига доғ туширмасликка ҳаракат қилмоғи лозим. Афсуски, баъзи бир аёллар ўткинчи ҳавасга берилиб, оналик шаънига доғ тушириб, ўз жигар гўшаларини кўча кўйларга, меҳрибонлик уйларига ташлаб кетмоқдалар. Яна баъзилари эса, “охират илмини ўргатамиз” деган баъзи нопок кимсаларнинг қўлига тушиб, мутаассибликка берилиб кетмоқдалар. Айримлари турли сабабларни рўкач қилиб, Аллоҳнинг улуғ неъмати – ўз жонларига қасд қилиб, кечириб бўлмайдиган гуноҳга қўл урмоқдалар. Бундай аёллар Аллоҳ ва Пайғамбар улуғлаган сифатларга доғ тушурмоқдалар, гуноҳга ботмоқдалар, жамият келажагини таҳдид остига қўймоқдалар. Уларни ҳимоялаш ва тўғри йўлга солиш биз эркакларнинг зиммамиздадир.
Жамиятимизнинг фаровонлиги ҳар жиҳатдан аёлларга ҳам боғлиқ экан, Аллоҳ таоло уларни Ўз ҳифзу ҳимоясида сақлаб, уларга хайрли ва баракотли ҳаётни насиб қилсин.
Muslim.uz материаллари асосида
 
Х.Хонимов
Деҳқонобод тумани бош имом-хатиби