Ҳизбут-таҳрир оқими охирги асрда Ислом душманлари томондан мусулмон жамиятларини парчалаб ташлаш учун қурилган диний-сиёсий оқимдир. Мазкур оқим 1953 йил Яқин Шарқ минтақасида Тақиюддин Набаҳоний (1909-1979) томонидан тузилган бўлиб, Унинг ҳар тарафлама яъни биринчи навбатда ақийда ва ғоявий сўнг фиқҳий ҳамда услубий томонлама аҳли сунна вал-жамога ва умуман соф ислом таълимотига зид ва қарама-қарши экани исбот қилинган.
Оқим аъзоларининг эътиқодлари бир-биридан ажабтовур даражада фарқ қилади. Мазҳабсизликка қаттиқ берилишган. Асосий мақсадлари—Ислом халифалигини қайта тиклашга уриниш ва шу ҳаракатда бирлашишга тарғиб қилишдир. Бу уларнинг энг зарур ақидавий ва амалий машғулотлари бўлиб, гўё улар учун халифалик тузиш намоз, рўза, закот ва ҳаж каби ислом арконларидан ҳам муҳимроқдек тус олган.
Халифаликни зое қилган сабабларни ўрганиб унинг муолажаси ва ўз нафсларининг ислоҳоти билан шуғулланиш ўрнига, давлат тўнтариши, султонга қарши чиқиш, мавжуд тузум раҳбариятига бўйсунмаслик, халқни давлатга қарши гиж-гижлаш каби ишларга зўр беришади.
Ҳизб учун сиёсатдан бошқа соҳалар ҳатто диний бўлса ҳам, доим иккинчи даражали бўлиб келган. Хатиб ва даъватчилари ҳам халққа аксар ҳолда сиёсатдан нутқ қилишади. Халқда норозилик кайфиятини пайдо қилиш, исёнкорлик руҳиятини сингдириш каби фитнали мавзуларга кўпроқ урғу беришади. Улар шу йўл билан ўзларининг фиқҳ, ақида, тафсир, ҳадис каби Исломда асосий ўрин тутган фанларда нўноқ эканликларини яшириб келишади.
Ҳизбчиларнинг ўзаро ақидавий бирлик ва чуқур диний илмдан мосуволиклари уларни дунё ҳукмронлигини кўзлаган ташқи кучлар қўлида ўйинчоқ бўлишларига сабаб бўлиб келади. Фаолият кўрсатган минтақаларида асосан, кучлар мувозанати ва дунё сиёсатидан бехабар қизиққон ёшларни сафларига жалб қилишга муваффақ бўлишган. Уларнинг сиёсат илмида ҳам нўноқ бўлишлари кўпдан кўп фитналарни уйғотишларига сабаб бўлди. Шундоқ ҳам қўл остидаги мусулмонларни йўқотиш ҳақида бош қотириб, қулай фурсат кутиб турган ғараз ниятли кучларга ҳизбут-таҳрирчилар ўша фурсатни икки қўллаб тақдим қилишди. Натижада Ислом дини ва мусулмон жамиятларига фақат зиён ва надомат келтирдилар холос.
“Ҳизбут-таҳрир” хатолари ҳақида
(ўз китобларига кўра)
Бугунги кунда Аҳли сунна вал жамоа олимларини ҳамда кўпчилик оддий мусулмонларни ташвишга солаётган “Ҳизбут-таҳрир” гуруҳига қўйилмиш баъзи асосий айблар:
- “Ҳизбут-таҳрир” ақидавий масалаларда Аҳли сунна вал жамоа ақидасига зид равишда фикр юритиб, содда ва илмсиз мусулмонларни адаштиради.
- “Ҳизбут-таҳрир” ўз ақидасида асосан ислом тарихида адашган фирқалар дея танилмиш “мўтазила” ва “қадария” тоифаларининг фосид қоидалари ва фикрларига таянади.
- “Ҳизбут-таҳрир” гуруҳи аъзолари ўз раҳбарияти тўғрисида фақат “ҳусни зонн”, яъни чиройли гумон қилаверишлари оқибатида – уларни хатодан маъсумлик даражасига чиқариб қўядилар. Уларга бўлган ҳурматни “шахсга сиғиниш” даражасига кўтарадилар.
- “Ҳизбут-таҳрир” уламолари Қуръон ва суннатни ўз хато ақидаларига мувофиқлаштиришни истайдилар. Бошқача тушунтирсак, улар Қуръони карим ва Саҳиҳ суннат йўлига юриш ўрнига, Қуръони карим билан Саҳиҳ суннатни ўзларининг йўлларига, мазҳабларига юргазишни хоҳлайдилар.
- Улар Қуръон оятлари тафсирида ҳамда ҳадислар шарҳида шундай ғайриоддий таъвилот ва мулоҳазалар келтирадиларки, аслида, айни матнларнинг муроди тамоман бошқа нарса бўлиб, гоҳида ҳатто булар айтганининг акси назарда тутилган бўлади.
- “Ҳизбут-таҳрир” уламолари ўз таъвилларига одатда ҳеч бир ҳужжат келтирмайдилар. Минглаб саҳиҳ ҳадислар мавжуд бўла туриб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан аниқ ва саҳиҳ ривоятларни келтирмайдилар. На саҳобалардан, на тобеъинлардан ва на уларнинг атбоъларидан бирон асар тақдим этмайдилар. Барча Ислом уммати бирдек тан олган Аҳли сунна вал жамоа уламолари ижтиҳодларидан ва айтган сўзларидан мисол келтирмайдилар.
Ҳизбчилар бир қанча ақидавий муҳим масалаларда уммат етакчилари бўлмиш аҳли сунна уламоларига беодобона хилоф қилишганки, бу билан аҳли суннат ва жамоатдан ажраб кетишган:
- Муқаллиднинг иймони саҳиҳ деб эътиборга олиниш масаласи. Аҳли сунна жамоасининг таълимотига кўра, ота-боболарининг йўлига эргашган ҳолда мусулмон эканини айтиб, ўз иймонини ҳар тарафлама илмий исботлаб беришдан ожиз саводсиз киши мўмин-мусулмон деб ҳисобланаверади. Бу масалада ҳизбнинг фикри бошқача. Яъни, уларнинг таъкидлашича мўмин киши мўмин эканлигини илмий асослар билан исботлаб бермас экан у мусулмон эмас.
- Қабр азоби, Дажжол фитнаси каби муҳим эътиқодий ҳақиқатларга иймон келтириш масаласи. Ҳанафий мазҳаби асосчиси, аҳли суннат раиси имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўзлариниг “Фиқҳи Акбар” номли китобларида бу масалани қуйидагича баён қилганлар: “Қабрда Мункар ва Накир исмли фаришталарнинг кириб, марҳумдан савол сўрашлари ҳақ ва ростдир. Қабрда бандага руҳнинг қайтарилиши, қабрнинг кофирлар ва баъзи гуноҳкор мусулмонларни қисиши, уларнинг қабр азобини тортишлари ҳақ ва ростдир. Дажжол ва Яъжуж-Маъжужнинг чиқишлари, қуёшнинг кун ботар томонидан чиқиши, Исо алайҳиссаломнинг осмондан тушишлари ва бошқа қиёмат аломатлари саҳиҳ хабарларда зикр этилганидек ҳақ ва ростдир!”. Бу ҳақиқатларни Ислом тарихида фақатгина ҳаддан ошган, асосли илмдан узоқда бўлган ва замон зайли билан йўқ бўлиб кетган нобакор тоифаларгина инкор қилган эдилар. “Ҳизб”чилар ҳам уларнинг эътиқодий бузуқликларини такрорлаб умматга қарши томонга ўтишган.
- Амри маъруф наҳй мункар масаласи. Аҳли сунна таълимоти бўйича ҳар бир мусулмоннинг зиммасида қирқта муҳим фарз масъулиятлари бордир. Эзгулик, яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариб насиҳат қилиш ўша қирқ фарзнинг ичидан ўрин олган фарз амаллардандир. Ҳизбчиларнинг иддаосича амри маъруф ва наҳй мункарни шахс эмас исломий давлат бажаради, исломий давлат йўқ экан ҳеч кимга амри маъруф ва наҳй мункар вожиб бўлмайди эмиш…
Ҳизбут таҳрирнинг “халифалик” масаласига раддия
Таниқли аллома Саъдуддин Тафтазоний раҳимаҳуллоҳнинг “Шарҳ ал-ақоид ан-насафия” асарида “халифалик” масаласи алоҳида келтирилган. Чунки, “халифалик” масаласи ўша даврда ҳам, бугун ҳам муҳим муаммолардан ҳисобланади. Бугунги кунда ҳам баъзи оқимлар томонидан “Ислом халифалиги”ни қуриш ғояси илгари сурилмоқда. Агарда тарихга назар ташланса, бу масала ҳам даврий такрорланиб турганига гувоҳ бўлиш мумкин.
“Шарҳ ал-ақоид ан-насафия” асарида бу тўғрида қуйидагича баён қилинган:
الخِلَافَةُ ثَلَاثُونَ سَنَةً ثُمَّ بَعْدَهَا مُلُكٌ وَ إِمَارَةٌ.
“Халифалик ўттиз йилдир. Ундан кейин подшоҳлик ва амирликдир”.
Ушбу фикрини исботлаш мақсадида аллома Тафтазоний Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидаги ҳадисни келтиради:
الخِلَافَةُ بَعْدي ثَلَاثُونَ سَنَةً ثُمَّ تَصْيِرُ بَعْدَهَا مُلُكًا وَ عُضُوضًا.
“Мендан кейин халифалик ўттиз йилдир. Ундан кейин подшоҳлик ва яккаҳокимликларга айланиб кетади”.
Мазкур ҳадис саҳиҳ бўлиб, бир қанча муҳаддислар томонидан ривоят қилинган. Шундан кейин, Аллома Тафтазоний саҳоба Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг мазкур ўттиз йилнинг бошида туришлигини айтганлар. Ундан кейин ҳукмронлик қилганлар эса, подшоҳ ва амирлар бўлади, дейдилар. Жумладан, саҳоба Муовия разийаллоҳу анҳу ва ундан кейинги амирлар халифалардан эмаслигини айтилади. Лекин, бу мавзунинг тушунилиши мушкул деб, фикрини қуйидагича ёритиб беради:
Аббосий халифалиги ва Умар ибн Абдулазиз каби марвонийлар сулоласининг баъзи вакилларини мусулмон уммати халифа деб келган бўлса-да, бироқ Аллома Тафтазоний фикрига кўра, ҳадисда тилга олинган халифаликдан мақсад тўлиқ халифалик, яъни у шундай халифаликки, унга қарши ҳеч бир мухолафат бўлмаган, ундан бошқаларга байъат қилишга одамларда майл уйғонмаган.
Яъни, “хулафои рошидин” (“тўғри йўлдан борувчи халифалар”) Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн ал-Хаттоб, Усмон ибн Аффон ва Али ибн Абу Толиб разийаллоҳу анҳум ажмаъин бўлиб, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифалари бўлганлар.
Демак, Аллома Тафтазоний айтишича, мусулмонларнинг норозилигига сабабчи бўлиб, бир тўда одамлар ўзларича халифалик эълон қилгани билан улар ҳақиқий бўла олмайдилар. Улар ўзларининг “халифалиги”га қанчалик оят ва ҳадис келтирсалар ҳам, улар ишончли ва том маънодаги халифа эмаслар!
Аллома Тафтазоний ҳам ҳозирги даврда халифалик тузишни тарғиб қилувчилар доим келтирадиган ҳадиси шарифга эътибор қаратган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидаги ҳадис келтирилади:
مَنْ مَاتَ مِنْ أَهْلِ الْقِبْلَةِ وَلَمْ يَعْرِفْ إِمَامَ زَمَانِهِ مَاتَ مَيِّةً جَاهِلِيَّةً.
“Аҳли қибладан ким ўз замонасининг имомини танимасдан вафот этса, жоҳил бўлиб вафот этибди”.
Аллома Тафтазоний мазкур ҳадис эътиборидан уммат Набий (с.а.в.) вафотидан кейин энг муҳим ишни қилдилар. Яъни, ўзларига раҳбарни тайинладилар. Ҳатто, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дафн қилинмасдан олдин бу ишни амалга оширдилар ва бу ишни ҳар бир раҳбар вафотидан кейин ҳам давом эттирдилар, деганлар. Яъни, бу ерда ҳеч қандай халифалик ҳақида гап-сўз йўқ. Мазкур ҳадисда ҳар бир даврдаги, ҳар бир юртнинг ўзлари тинч йўл билан сайлаб қўйган раҳбарлари назарда тутилган. Ҳадисда тилга олинган “имом” сўзи диний раҳбар – масжид имомини ҳам, сиёсий раҳбар – давлат раҳбарини ҳам назарда тутади. Фиқҳий манбаларда ҳам “имом” сўзи ана шу икки маънода қўлланади. Ундан фақат “халифа”ни эътиборга олиш маъноси йўқ. Иккинчидан, айтиш лозимки, “Шарҳ ал-ақоид ан-насафия”нинг энг машҳур шарҳ қилувчиларидан Рамазон афанди фикрича, бу ҳадисдаги “ўз замонининг имоми” сўзидан мурод ўша даврга юборилган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир.
Халифаликни ва халифалик тузишни тарғиб қилувчилар юқоридаги ҳадиси шарифни келтириб, ўзларининг ғаразли мақсадлари учун ниқоб қилиб оладилар, лекин шу маънодаги қуйидаги саҳиҳ ҳадиси шарифни яшириб келадилар:
من خرج من الطاعة وفارق الجماعة فمات مات ميتة جاهلية ومن خرج على أمتي يضرب برها وفاجرها لا يتحاشى من مؤمنها ولا يفي لذي عهدها فليس مني ومن قاتل تحت راية عمية يدعو إلى عصبية أو يغضب لعصبية فقتل فقتلة جاهلية
“Кимки итоатдан чиқиб ва жамоатдан ажралиб вафот қилса, жоҳилият ўлиги ҳолда ўлиб кетади. Кимки умматимга қарши чиқиб, яхшисини ҳам, ёмонини ҳам (бўйинига қилич ва болта ила) ура бошласа, уларнинг мўъминлигига парво қилмай қўйса, уларнинг аҳдлашган кимсаларига вафо қилмаса, у мендан эмас! Кимки асабийликка чақирадиган кўр байроқ остида уришса, ёки асабийлик билан ғазабланаверса, у ўлдирилса, жаҳолат ҳолида ўлдирилган бўлади!”.
Мазкур ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳозирги кунда аҳмоқона “халифаликни қайта қуриш” режаси билан мўъмин-мусулмонларга қарши чиқаётган, мусулмонларни ўлдираётган, асабий ва ғазабнок нокасларни огоҳлантирмоқдалар, уларнинг ўзлари жаҳолатда, ҳаром ўлимтик ҳолида ўлиб кетишларини башорат қилмоқдалар.
Хулоса қилиб шуни таъкидлаш керакки, “халифаликни қайта қуриш” масаласи асрлар давомида турли фирқалар томонидан даврий равишда кўтарилиб турган. Бугунги кунда ҳам бу масала баъзи адашган фирқалар томонидан кўтарилмоқда. Юқорида келтирилган далиллар мазкур оқимларнинг қарашлари нотўғрилигини исботлайди ва уларнинг қилаётган бу даъволари фақат ўзларининг ғаразли мақсадларини ниқоблашдан ўзга ҳолат эмас эканини кўрсатади.
Биринчидан, “раҳбар” деб таржима қилинган сўз матнда “имом” (“الْإِمَامُ”) шаклида келган. Ақоид илми истилоҳида “имом” сўзи икки маънода келади: давлат раҳбари ва имом-хатиб. Бу ўринда давлат раҳбари маъносида келган.
Лекин, “مَنْ مَاتَ مِنْ أَهْلِ الْقِبْلَةِ” ҳадисида келган “имом” (“الْإِمَامُ”) сўзидан мурод эса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Унда ва унинг маъносидаги ҳадисларда “халифа” сўзи келтирилган эмас.
Иккинчидан, юқорида келтирилган ҳадис маъносидан маълум бўладики, “комил халифалик” ўттиз йил. Яъни, Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон ва Али ибн Абу Толиб разийаллоҳу анҳумлар даври. Шунингдек, мазкур тўрт саҳоба Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифалари бўлганлар. Мазкур ўттиз йилдан кейин пайдо бўлган давлатлар эса, подшоҳлик ва амирликлар эди. Демак, бундан маълум бўладики, подшоҳлик ва амирликлар “ўринбосар”, яъни, “халифа” томонидан эмас, балки, “подшоҳ” ва “амир”лар томонидан бошқарилади.
“Ҳизбут таҳрир" раҳбарияти ҳар сафар қуролли амалиёт муваффақиятсизликка учраган заҳоти гўёки ушбу ҳаракатлар ташкилотнинг "ажралиб" чиққан қисми томонидан амалга оширилди, деган даъво билан айбни бўйнидан соқит қилишга интилиб келган. Шунинг учун ҳам бизларга ҳизбут-таҳрирни асоссиз, ёлғон даъволарига алданиб қолмаслигимиз, ёшларимизни бундай зарарли ғоялардан огоҳ қилишимиз энг зарур ишлардан ҳисобланади.
Тинчлик, саломатлик катта неъмат. Улар бор жойда ривожланиш, эркинлик бўлади. Ваҳоланки, шу кунларда ҳам фитна ўчоқларида қурбон бўлаётган, уй-жойсиз қолиб, қочоқ бўлиб юрган, урушдан қўрқиб, болаларини мактабга ҳам чиқармай қўйган миллионлаб инсонлар бор. Бу воқеаларни тафаккур қилган киши, аслида инсон ўз уйида хотиржам истироҳат олиши ҳам улкан неъмат эканини англайди.
Аллоҳ таоло фитна ва қийинчиликда қолган инсонларга ҳам хотиржамликни қайтарсин! Жонажон ўлкамизни турли хил фитна-фасод ва бало-офатлардан Ўз ҳифзу ҳимоясида сақласин.
Б.Норқулов, Чироқчи туман бош имом-хатиби