Қабрдаги савол-жавоб
10225
22-02-2024, 18:06
590
Ўқиш режими
+
-
Баъзи адашган тоифалар қабрда бўладиган савол-жавобни, қабр азобини инкор қиладилар. Аҳли-сунна вал-жамоат эътиқодига кўра қабрдаги савол-жавобни, қабр азобини инкор қилиш нотўғи ҳисобланади. Аслида, қабр савол-жавоби ва қабр зоби ҳақдир. Бу ҳақда “Ақидатут-Таҳовия” китобининг шарҳида:“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар розияллоҳу анҳумлардан келган хабарлар асосида қабр азобига, ким шунга лойиқ бўлса, ва ундан Мункар-Накирнинг Роббисидан, динидан ва набийсидан сўроқ қилишига иймон келтирамиз. Қабр жаннат боғларидан бир боғдир ёки дўзах чуқурларидан бир чуқурдир” дейилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси муборакларида шундай дейдилар: “Банда қабрига қўйилиб, асҳоблари ундан қайтганларида, у аларнинг ковушлари таққиллашини эшитиб турганда, ҳузурига икки фаришта келиб, уни ўтқазишади ва унга: “Мана бу одам (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳақида нима дер эдинг?”-дейишади. Шунда мўмин: “Унинг Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканига гувоҳлик бераман”, дейди. Шунда, унга: “Дўзахдаги жойингга назар сол. Аллоҳ унинг ўрнига сенга жаннатдан жой берди”, дейилади. У икки жойни ҳам кўради”, деганлар.
Бир куни пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабрнинг ёнидан ўтиб кетаётиб: “Албатта, бу иккови азобланмоқда. Азобланишлари катта нарсада эмас. Улардан бири сийдикдан тоза бўлишга эътибор бермас эди. Бошқаси эса, чақимчилик қилиб юрар эди”, -дедиларда бир хурмонинг ҳўл шохини олиб келиб, иккига бўлиб, икки қабрга биттадан суқиб қўйдилар. Кишилар: “Эй Аллоҳнинг Расули, нега бундоқ қилдингиз?” - дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шоядки, булар қуригунча икковларидан азоб енгиллатилса”, дедилар.
Қабрда азобнинг зўридан суяклар бир-бирига киришиб кетгач ҳам, инсондан азоб тўхтатилмайди. Улар яна жойига келади-да, азоб қайтадан бошланади. Бу жараён ҳамма қайта тириладиган кун-қиёмат келгунича давом этади.
Қабр азобининг, фитнасининг ҳақлиги ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ҳадис ривоят қилинган: Асмо бинт Абу Бакр разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, у аёл айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб, хутба қилдилар. Шунда инсоннинг бошига тушадиган қабр фитнасини зикр этдилар. Ўшани зикр қилган пайтларида мусулмонлар ўкириб юбордилар”(Имом Бухорий ривояти)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доим Аллоҳ таолодан қабр азобидан паноҳ сўрар эдилар.
Икки Шайх ва Насаий ривоят қилган ҳадисда: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дуода: “Аллоҳим! Сенинг ила қабр азобидан, дўзах азобидан, тириклик ва ўлим фитнасидан ва Масийҳ Дажжолнинг фитнасидан паноҳ сўрайман”, дер эдилар”, дейилган.
Инсон умри поёнига етиб қабрга дафн этилгач, унинг жони яна қайта жасадига киради. Бу масалада баъзи аҳли илмлар таваққуф қилиб қатъий қарорга кела олмаган бўлсаларда, лекин аксар уламоларга кўра бу ҳақиқатдир. Аҳли суннат раиси имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ очиқ-ойдин шундай деган: “Қабрда жоннинг жасадга қайта киритилиши ҳақдир!” (Ал-фиқҳ ал-акбар. Имом Абу Ҳанифа).
Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг узун бир ҳадисларида ҳам бор: Бас, унинг руҳи жасадига қайтарилади… (Имом Аҳмад ривоят қилган ва исноди саҳиҳ деган).
Бу ҳадис ва имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шу сўзларига кўра, қабр азоби руҳгами, жасадгами ё икковигами, деб ихтилоф қилган баъзи мутааххирларнинг ихтилофига чек қўяди. Қабр азоби инсон руҳи ва жасадига биргаликда бўлади.
Шунингдек, бу масала билан жаҳмий ва мўътазилийларга ҳам раддия берилади. Чунки улар жони йўқ жасадни азобланади, деб эътиқод қилиш мантиққа тўғри келмайди, деб айтишади.
Матнда имомимиз Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ “қабрда” деб айнан қабрни келтиришлари ғолибият эътибори билан. Аслида денгизда чўкиб балиқларга ем бўлганлар ҳам, йиртиқ ҳайвонлар ҳужумига учраб ўлганлар ҳам, ёки жасади парча-парча бўлиб йўқ бўлиб кетганлар ҳам юқоридаги масала тахтига дохилдир. Аллоҳ ҳар қандай ҳолатдаги жасадга ҳам унинг руҳини қайтаришга қодир Зотдир!
Аллоҳ Қуръони каримда айтади: “Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни ўликлар деб ҳисобламанглар. Балки улар тирик, Роббилари ҳузурида ризқланмоқдалар”. (Оли Имрон сураси 169-оят).
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Уҳуд жангида шаҳид бўлган саҳобалар Аллоҳ тарафдан анвойи неъматлар билан ризқлантирилиб, жаннатнинг роҳат-фароғатларини тотишар экан, бир-бирларига “қани энди, ортимизда тирик қолган биродарларимиз бизнинг тириклигимизни ва ризқимиз етказиб бериб турилганини билишганида эди, Аллоҳнинг йўлидаги муҳорабаларда дангасалик қилишмаган бўларди… бизнинг ҳолимизни уларга ким етказиб қўяр эканааа”—дейишар экан. Шунда Аллоҳ таоло: “Мен етказаман”—дейди ва юқоридаги оятни нозил қилади. (Тафсир билмаъсур. Жалолуддин Суютий).
Машҳур саҳоба Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадр жанггидан уч кун ўтгач яна Бадр майдонига келади ва “Эй Абу Жаҳл, эй Умайя ибн Халаф, эй Утба ибн Робиъа, эй Шайба ибн Робиъа Раббингиз ваъда қилган нарсанинг ҳақлигини билмадингмизми?! Мен Раббим ваъда қилган нарсанинг ҳақлигини билдим”—дейдилар.
Буни Умар ибн Хаттоб ҳам эшитиб турган эди. У киши: Эй Расулуллоҳ, улар қандай эшитишади ва қандай жавоб қайтаришади, ваҳоланки ҳаммаси ўлиб бўлишган бўлса?—деб сўрайди. Расулуллоҳ: “Жоним эгаси бўлган Зотга қасам, сизлар улардан кўра яхшироқ эшитувчи эмассиз. (Улар ҳам сизлардек эшитади) Лекин жавоб қайтара олишмайди холос”—дедилар. (Имом Муслим. 2874).
Хулоса шулки, қабр азоби ва неъмати ҳақида, икки фариштанинг савол қилиши ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан инкор қилиб бўлмайдиган даражада кўплаб хабарлар келган. Бунга иймон келтириш вожибдир.
Эй Аллоҳ! Бизларнинг қабримизни Ўзинг кенг ва нурли қилгин, ҳамда бизларни қабр савол-жавобини осон қил!
Раҳматилло Усмонов,Ўзбекистон мусулмонлари идорасинингҚашқадарё вилоятидаги вакили