1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

НИКОҲ НИМА?

12-03-2020, 15:10 4 358 Ўқиш режими + -

 

Никоҳ нима?

              

  “Никоҳ”( نكاح )  сўзи арабча (نكح) “накаҳа” феълидан ясалган бўлиб,  уйланмоқ, турмушга чиқмоқ маъноларини англатади. Бу ҳақда “ Аннаиъумул-кабийр” арабча-ўзбекча луғатда: “ ( نكاح ) никааҳун- никоҳланмоқ, уйланмоқ, турмушга чиқмоқ, қовушмоқ[1]” дейилади.  “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китобида “никоҳ” сўзига шундай изоҳ берилади: “Никоҳ ( نكاح ) -уйланиш, эрга тегиш; эр-хотинлик; эр-хотиннинг   қовушиши[2]”.

Никоҳнинг шаръий маъноси ҳақида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари шундай ёзадилар: “ Шариатда эса никоҳ бир боғланиш бўлиб, у туфайли икки боғланувчига бир-биридан шаръий асосда қасддан ҳузурланишни ҳалол қилишдир[3]”.  

Никоҳ ҳақида “Ислом энциклопедияси”да шундай дейилади: : “Никоҳ завож (арабча-турмуш қуриш, уйланиш, эр-хотинлик. 1) эр-хотинликни шариат йўли билан расмийлаштириш маросими ва шу маросимда мулла томонидан ўқиладиган аҳдлашув. Никоҳ тартиби жоҳилият давридаги оила ҳуқуқий муносабатлар асосида шаклланиб ислом дини вужудга келгач мукаммаллаштирилган. Исломда никоҳ Аллоҳга хуш келадиган амаллардан саналади.  ...Никоҳнинг биринчи босқичи-келишиш, унаштириш бўлиб,   унда куёв, ўзи ёки вакиллари келиннинг отаси,  васийси ёхуд ишончли кишисига таклифини айтади. Эрнинг аёлга ажратадиган мулки (маҳр) ва никоҳ шартномаси (сиға)га кирувчи бошқа шартлар хусусида ҳам шу вақтда келишиб олинади. 2)-, 3)-босқичлар-келинни куёв хонадонига узатиш (зифоф) ва тўй тантаналари ( урс, валима). Сўнгги босқич- амалда эр-хотин бўлиш (никоҳ), шундан кейин никоҳ амалга ошган ҳисобланади. Никоҳнинг зарурий шартларига маҳр тўлаш,  аёлни боқиш ва унга унинг оиласининг мавқесига қараб муомила қилиш, эрлик вазифаларини адо этиш ва фарзандларини боқиш киради[4]”. 

Никоҳланиш илоҳий амрдир. Аллоҳ таоло “Қуръони Карим”да шундай марҳамат қилади: “Бас, ўзингизга ёққан аёллардан иккитами, учтами, тўрттами,  никоҳлаб олинг. Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани (олинг)” ( Нисо сураси, 3-оят).

 

 

 Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “ Никоҳ менинг суннатимдир, кимки суннатдан юз ўгирса, у биздан эмас”.   (Бухорий ривояти).   Бу ҳадисга диққат қилинса, унда никоҳланмай тоқ ўтишдан қайтарилади. Инсоннинг сабабсиз уйланмай ёки турмушга чиқмай юриши яхшилик ҳисобланмайди. Ер юзида одамзод ҳаётининг давом этиши инсонларнинг балоғатга етгандан сўнг оила қуриб, ўзидан зурриёт қолдириш билан бўлади. 

 

Никоҳга риоя қилмаслик, унинг зиддини қилишлик инсоннинг бошига турли хил машаққатларни олиб келади. Никоҳга риоя қилмасдан  зино, фоҳишалик каби нопок йўлларга кириб кетиш инсоният бошига турли хил дарди бедаво касалликларни олиб келса, жамиятга эса катта зарарлар беради. Инсоният тарихига назар солинса, бу нопоклик инсониятга ва   у яшаётган жамиятга яхшиликлар олиб келмагани маълум бўлади.

 

        Никоҳ инсоннинг ҳалол жуфтланиш орқали оиласини вужудга келтириб, унинг насл-насаб поклигини ҳимоя қилади. Никоҳ аёл ва эркак учун насл-насаб поклигини таъминлаш билан бирга никоҳланувчиларга масъулият ҳам юклайди. Бу масълият эса оилани боқиш, унга бош бўлиш, оила аъзоларининг ҳақларини адо этиш, улардан етган баъзи камчиликларга сабр қилиш, у камчиликларни тузатиш, ҳалол ризқ топиш, фарзандлар тарбияси билан шуғулланишдан иборат. 

                        

 

Р. Акбаров. 

 


[1] “Аннаъиумул-кабийр”. Арабча-ўзбекча луғат. Наманган. Наманган нашриёти. 2014. 716-бет. 

[2] “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” . Т. 3-жилд. 38-бет. 

[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Кифоя. Т. Ҳилол нашриёти. 2-жилд. 334-бет. 

[4] Ислом энциклопедияси. Т.  358-359-бетлар.