Ўзганинг ниҳоли
10241
27-02-2024, 11:59
297
Ўқиш режими
+
-
Ислом дини мусулмонларни ўзганинг мол-мулкини эгасини рози қилмай туриб олишдан қайтаради. Бировнинг нарсасини сўрамай олиш ўғирликдир. Бировнинг нарсасини сўрамай олган киши уни қайтариши ва сўрамай олгани учун нарса эгасини рози қилиши ва қилган иши учун пушаймон бўлиб, истиғфор айтиши лозим.
Масалан, бирор киши бировнинг ниҳолини сўрамай олса, олган ниҳоли ўсиб дарахт бўлса, унга ўша дарахтнинг мевасини ейиш ҳалол бўлмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фатво маркази томонидан қуйидагилар баён қилинади: “Динимизда ҳеч ким ўзгага тегишли нарсани унинг рухсатисиз ейиши, ишлатиши мумкин эмас. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
لا يحل مال امرئ مسلم الا عن طيب نفسه رواه احمد
“Мусулмон кишининг моли бошқага ҳалол эмас, фақатгина ўзи рози бўлиб, кўнглидан чиқариб берса, ҳалол бўлади”. (Имом Аҳмад ривояти). Ўғирланган нарсалар ҳақиқий эгасининг ҳақи ҳисобланади. Шунинг учун бу одам ниҳол эгасини топиб, дарахтни ҳам, мевасини ҳам қайтариши ва қилган ўғирлиги учун истиғфор айтиши лозим бўлади. Ёки қийматини бериб, эгасининг розилиги билан мазкур дарахтлардан фойдаланиши ҳам мумкин.
Агар эгасини топишнинг иложи бўлмаса, дарахтни кўчириб, бирор умумий фойдаланиш жойларига, масалан, кўча, болалар боғчаси, мактабларга экиб берсин. Ана шунда савоби эгасига бориб туради.
Бу ҳақида фиқҳий манбаларимизда мана шундай дейилган:
مَنْ عَلَيْهِ دُيُونٌ وَمَظَالِمُ جَهِلَ أَرْبَابَهَا وَأَيِسَ مِنْ مَعْرِفَتِهِمْ فَعَلَيْهِ التَّصَدُّقُ بِقَدْرِهَا مِنْ مَالِهِ وَإِنْ اسْتَغْرَقَتْ جَمِيعَ مَالِهِ وَيَسْقُطُ عَنْهُ الْمُطَالَبَةُ فِي الْعُقْبَى
“Бирор кишининг зиммасида қарзлар ёки зулм билан олинган нарсалар бўлса ва уларнинг эгалари топилмаса, гарчи барча мол-мулкига тенг миқдорда бўлса ҳам олган нарсалари миқдорича садақа қилади. Шу билан у охиратдаги жавобгарликдан қутилади” (“Танвирул абсор” китоби).
Ўзганинг нарсасини унинг розилигисиз олишдан сақланайлик! Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг тўғри йўлида бардавом қилсин!
Руҳиддин Акбаров, ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими