Аввалам бор, “фитрат” сўзининг маъносига эътибор берадиган бўлсак, “Фират” сўзи арабча сўз бўлиб, у ўзбек тилида “софлик”, “яратилган”, “табиат”, “асл ҳолат” деган маъноларни англатади. Аллоҳ таоло “Фотир”, У яратган нарсалар эса “фитрат”дир. Айрим уламоларимиз эса “ Инсон фитрати бу — банда ўзининг яратилган эканини ва унинг Яратувчиси борлигини билишга лаёқатли табиати” деган тушунчани беради.
“Фитрат” сўзини Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам Ўзларининг қуйидаги ҳадисларида ишлатганлар: “Ҳар бир туғилган (гўдак) Ислом фитратида туғилади. Уни ота-онаси яҳудий қилади ё насроний қилади ё мажусий қилади..” (Имом Бухорий ривояти).
Инсон фитратидаги қуйидаги ўн нарса бор:
- Мўйлабни қисқартириш;
- Мисвок қилиш;
- Бурунга сув олиш:
- Тирноқларни олиш;
- Бўғимларни ювиш;
- Қўлтиқ тукини олиш;
- Соқол қўйиш;
- Қовуқ тукини қириш;
- Оғизни чайиш;
- Истинжо ( пешобнинг қолдиқларини сув билан ювиш) қилиш.
Бу ҳақда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ўн нарса фитратдандир: мўйлабни қисқартириш, соқолни қўйиш, мисвок қилиш, бурунга сув олиб, қоқиш, тирноқларни олиш, бўғимларни ювиш, қўлтиқ тукини юлиш, қовуқ тукини қириш, сувни кесиш», дедилар». Закариё айтади: «Мусъаб: «Ўнинчисини унутдим, оғизни чайиш бўлса керак», деди».Қутайба қўшимча қилади: «Вакиъ: «Сувни кесиш», яъни истинжо қилиш», деб айтди». (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни икки дунё саодатига муваффақ қилсин!
Руҳиддин Акбаров, ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими