1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

АЛЛОҲ ЁҚТИРМАЙДИГАН ҲАЛОЛ НАРСА

27-02-2024, 15:43 713 Ўқиш режими + -
Турмуш  қурган ва турмуш қуриш арафасида бўлган ҳар бир мусулмон фарзандлари никоҳ-талоқ масалаларидан хабардор бўлиши шарт бўлиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: “Илм олиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, - деган ҳадисларидан мана шу маъно чиқади.
ТАЛОҚ - луғатда бўшатиш, қўйиш маъноларини, шаръий истилоҳда эса, эр-хотин ўртасидаги никоҳ ақдини бузиш маъносини англатади. Ислом шариати таълимотида гарчи, баъзи ҳолатларда талоқ қилишга ижозат берилган бўлсада, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам талоқ беришни Аллоҳ ёқтирмаслиги айтилган. Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: яъни: “Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳга ёқимсизи талоқдир”, - деб марҳамат қилганлар (Имом Абу Довуд ва Ибн Можа ривоятлари).
Демак, Аллоҳ таоло талоқ лафзининг ишлатилишини, оилаларнинг бузулиб пароканда бўлишини хоҳламайди. Шунинг учун Қуръони каримда ҳар қандай ҳолатда ҳам никоҳни сақлаб қолишга, оилани  бузмасликка буюриб: яъни: “Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки), балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин”, - деган (Нисо сураси, 19-оят). Талоқ сўзи айтилган вақтда Аллоҳнинг Арши ларзага келиши ҳақида ҳам ҳадиси шарифда айтилган. 
Талоқ сўзининг маъносини тушунмай, ҳуда беҳудага айтавериш гуноҳ саналиши билан бирга, ундай талоқ шариатда эътиборга олинади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: яъни: “Уч нарсанинг жиддийси ҳам жиддий, ҳазили ҳам жиддий; талоқ, никоҳ ва итоқ (яъни қул озод қилиш)”, - деганлар. Мазкур ҳадиснинг мазмунига қараганда, талоқ масаласида ҳазил қилиш ярамайди. Айниқса ёшларимиз шуни яхши билсинларки, зеро ҳазиллашиб айтилган талоқ ҳам шариатда эътиборга олинади. 
Маълумки, эркак киши аёл кишига қараганда табиатан босиқ, мулоҳазали, жаҳли чиққанда ўзини тута оладиган бўлгани боис, талоқ бериш ҳуқуқи эрга берилган. Қуръони каримда бунга: “...Никоҳ ўз ихтиёрида бўлган киши...”, деб ишора қилинган (Бақара сураси, 237-оят). Албатта, оила бошлиғи бўлиш, ўз қарамоғидагиларни нафақа билан таъминлаш, оиланинг шаънини сақлаш эркаклар учун ҳам шарафли ва ҳам масъулиятли бурчдир. Шундай экан, эркаклар ўз ҳуқуқларини суистеъмол қилмасликлари, ажралиш ниятлари бўлмаган тақдирда ҳам талоқ сўзини айтмасликлари лозим. 
Тилга эрк бериб талоқ сўзини айтиш номақул ишлардан бўлиб, уни айтган киши Раҳмоннинг ғазабини келтирган, шайтонни хурсанд қилган бўлади. Ривоятларда айтилишича, ҳар тонгда шайтон ўз малайларини одамлар орасига юбориб, куннинг охирида уларнинг кун бўйи нима иш қилганлари бўйича ҳисобот олар экан. Шундай кунларнинг бирида малайлардан бири: Мен бугун икки дўстни бир-бирига нисбатан низо чиқариб, қайраб, душманга айлантирдим, дебди. Бошқаси: Мен ака-укани юзкўрмас қилиб юбордим, дебди. Учинчиси: Мен эса икки кишини уруштирдим, оқибатда бири иккинчисини ўлдирди, дебди. Шу тариқа ҳаммалари ўз қилмишларини айтиб беришибди. Шунда шайтон уларга: Сенлар мақтанишга арзигулик ҳеч қанақа иш қилмабсанлар, дебди. Шу вақт малайлардан бири: Мен бугун тинч-тотув яшаётган бир оиладаги эр-хотиннинг орасига тушиб, эрни хотинга қайраб, унга  талоқ сўзини айттирдим, дебди. Шунда шайтон унга: Ҳаммасидан ҳам сенинг ишинг мақтовга лойиқ бўлибди, деб ёнига ўтказиб, унга иззат-икром кўрсатган экан. Аллоҳ таоло барчаларимизни шайтоний васвасалардан асраб, оилаларимиз билан тинч-тотув ва фаровонликда ҳаёт кечиришимизни бардовом қилсин.

Х.Хонимов
Деҳқонобод тумани бош имом-хатиби  
Muslim.uz материаллари асосида