Ҳар нарсанинг яхши ва ёмон тарафи бўлганидек, сўнги пайтларда ижтимоий тармоқларнинг ҳам жиддий хатарлари юзага чиқмоқда. Жумладан: Кишиларнинг шаънига тажовуз қилиш авж олмоқда. Энг ачинарлиси – кўпинча тарқатилган ёлғон маълумотлар оқибатида инсоннинг обрў ва шаъни топталмоқда, таъна тошлари отилмоқда, шариатимизда қайтарилган катта гуноҳларга йўл очилмоқда.
Дини исломга кўра, ҳар бир мусулмоннинг шаъни ва обрўсини тўкиш – ҳудди қонини тўкиш ёки молини ўзлаштириш каби, бошқа мусулмон учун ҳаромдир. Конституциямизда ҳам инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.
Қолаверса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак ҳадиси шарифларидан бирида шундай деганлар:
“Жаброил алайҳиссалом мени осмонга олиб чиққанда, бир қавмнинг олдидан ўтдим. Уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб, у билан юзлари ва кўксиларини тимдалашар эди. Мен: “Эй Жаброил, булар кимлар?” – деб сўрадим. Шунда: “Улар одамларнинг гўштини еб – уларни ғийбат қилиб, обрўларини тўккан кимсалардир”, – деб жавоб бердилар” (Имом Абу довуд ривоятлари).
Ушбу ҳадиси шарифдан динимизда инсоннинг шаъни, обрўси қанчалик қадрли эканлиги, уни поймол қилишнинг оқибати аянчли экани маълум бўлмоқда.
Албатта, ижтимоий тармоқни буткул ёмонга чиқаришга ҳаққимиз йўқ. Ижтимоий тармоқ ҳам телевидения, радио каби бир восита. Уни яхшиликка ишлатса – яхши, ёмонликка ишлатса – ёмон натижа беради.
Шундай экан, бугунги куннинг талаби – интернетнинг ижобий жиҳатларидан фойдаланиб, дунё-охиратимизни обод қиладиган, халқимизга манфаат келтирадиган ишларни қилишдир. Ҳар бир мусулмон ҳаётда қандай умуминсоний ва диний қоидаларга амал қилиши лозим бўлса, интернетдан фойдаланишда ёки ўзаро алоқада ҳам шу асосларга риоя қилиши шарт. Акс ҳолда, турли ноқулайликлар ва гуноҳ ишларга аралашиб қолинади. Демак, яқинларимиз, айниқса ёшларни ижтимоий тармоқнинг салбий жиҳатлари ва оқибатларидан ҳимоя қилиш, доимий тушунтириш ишларини олиб бориш – ҳар биримизнинг бурчимиздир!
Аллоҳ таоло барчамизга ижтимоий тармоқлардан оқилона фойдаланишни насиб қилиб, уни икки дунёмизнинг обод бўлишига сабабчи воситалардан айласин! Омин! Я роббал ъаламийн
Алимардон Кароматов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти 3-курс талабаси