Таъзия билдириш
10247
28-02-2024, 16:41
1 573
Ўқиш режими
+
-
Дунёда инсоннинг бошида ҳар хил кунлар бўлади. Баъзида шод-хуррамлик кунлар келса, баъзида мусибатли кунлар келади. Бир хонадонга мусибат етса, у хонадон аҳлларига таъзия билдирилади. « Таъзия» сўзи сабрга чақириш, юпатиш, каби маъноларни англатади. Таъзия бу-вафот этган кишининг аҳли оиласига яқинларига тасалли гапларни айтиш уларнинг қайғусига шериклик ҳамдардлик билдиришдир.
Таъзия марҳумнинг ҳамма яқинларига, каттаю -кичикларига билдирилади. Таъзия билдириш мусибатдор хонадонга ҳамдардлик бўлиши билан бирга катта савоб олинадиган амалдир. Ҳадисда: “Кимки мусибат етган кишига таъзия билдирса, унга ҳам мусибат аҳлига берилган савоб миқдорича савоб берилади» дейилади. Таъзия инсон дафн қилинган кундан бошлаб уч кундир. Ҳадисда:“ Ҳар бир киши вафот этган кишига уч кундан ортиқ мотам қилмасин.Фақат эри ўлган аёл тўрт ойу ўн кун мотам тутади”-дейилади. . Марҳумнинг жанозасига келолмай қолган кишилар шу уч кун ичида келиб таъзия билдириб кетадилар. Таъзия кунларида таъзия бир марта берилади, қайта-қайта таъзия билдириш ( макруҳ) маъқул эмас.
Марҳумнинг яқинига таъзия билдириш ҳақида Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Фатво маркази томонидан қуйидагилар маълум қилинади: “Таъзия эгасига “Марҳум (отангиз ё онангиз)ни Аллоҳ раҳматига олсин. Сизга сабр ва ажр берсин,” деб таъзия изҳор қилинади. Шунингдек, қуйидаги Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таъзияларини айтиш ҳам яхши саналади:
إنَّ لِلَّهِ مَا أَخَذَ وَلَهُ مَا أَعْطَى وَكُلُّ شَيْءٍ عِنْدَهُ بِأَجَلٍ مُسَمًّى
яъни: “Албатта, олгани ҳам, бергани ҳам Аллоҳникидир. Унинг ҳузурида ҳамма нарса ўлчовлидир”. Валлоҳу аълам”.
Таъзия кунлари мусибат етган хонадонга қариндошлари, ҳамсоялари овқат қилиб ўтишлари фазилатдир.Ҳадисда: “Жаъфар оиласига таом қилиб киритинглар, чунки уларга кўнгилларига овқат қилишлик сиғмайдиган мусибат тушди”-дейилади. Таъзия кунлари кўчада йўловчиларнинг ҳаракатланишига ҳалақит бериб, у ерда ўриндиқлар қўйиб ўтирмасдан, марҳум хонадонида ўтириб таъзия олиш фазилатли ҳисобланади.
Таъзия кунлари тугагандан сўнг мусибат етган хонадонга “душанбалик, пайшанбалик, жума оқшоми ” деб одамларнинг тўпланиб бориши бидъат ишлардандир. Бу ишлар мусибатдаги хонадонни ортиқча ташвишга қўяди
Руҳиддин Акбаров, ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими