Эркак киши уйланаётганда келин бўлаётган қизга маҳр беради. Ислом динида маҳр– илоҳий амрдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўзининг муборак каломида шундай дейди:
وَآتُواْ النَّسَاء صَدُقَاتِهِنَّ نِحْلَة
“Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг” ( Нисо сураси,4 оят).
Ушбу оят маҳр бериш илоҳий амр эканлигига далолат қилади. Уни аёлларга чин кўнгилдан бериш лозим. Ушбу оятнинг тафсирида: “Никоҳ эрнинг зиммасига бўлажак хотинига маҳр бериш мажбуриятини юклайди. Маҳр эр томонидан бўлғуси турмуш ўртоғига унинг никоҳига киргани учун бериладиган, кейин ҳам қайтариб олинмайдиган совғадир. Маҳр хотиннинг шахсий мулки ҳисобланади ва унга на эр, на хотиннинг яқинлари дахл қила олишади. Ҳанафий мазҳабига биноан маҳрнинг энг оз миқдори ўн дирҳамдан кам бўлмаслиги керак. Аммо ундан кўп бўлиши келин-куёвнинг ўзаро келишувига боғлиқ. Хотин кишининг маҳри кўнгилдан чиқариб берилиши керак. Агар хотин маҳрининг бир қисмини қайтариб берса, эр уни хушвақтлик билан қабул қилиб ишлатаверсин” дейилади.
Афсуски,ҳозирги кунда айрим йигит-қизлар маҳр нима эканлиги ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмаслар. Баъзи кишилар никоҳда маҳр белгиланган бўлса-да, орадан йиллар ўтсада ҳали ҳам ўз аёлларига маҳр беришни пайсалга солиб келмоқдалар. Баъзида айрим кишиларнинг тўйга, дабдабабозликка ҳаддан зиёд эътиборни қаратиб, маҳрга унчалик аҳамият бермаётганликларини ҳам гувоҳи бўласиз.
Тўғри, никоҳдан сўнг қурби етганича, исрофгарчиликка йўл қўймасдан халққа дастурхон ёзиб, уларнинг дуосини олиш хайрли амаллардандир. Динимизда турмушга чиқаётган қизга маҳрни бериш вожиб (шарт) амалдир. Уйланишда энг аввал эътиборни маҳрга бериш муҳим ҳисобланади. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳуда сариқлик аломатини кўриб: “Бу нима?”, - дедилар. У: “Эй Аллоҳнинг Расули, данак оғирлигидаги тиллони маҳр қилиб бериб, бир аёлга уйландим”, - деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй сўйиб бўлса ҳам валима (зиёфат) қилиб бер”, - дедилар.
Хулоса қилиб айтамизки, маҳр илоҳий амр, уни Аллоҳ таолонинг розилиги учун адо қилайлик! Аллоҳ таоло барчамизни икки дунё саодатига мушарраф қилсин!
Руҳиддин Акбаров, Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик