1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИСЛОМДА АЁЛЛАРНИНГ ҲАҚЛАРИ

6-03-2024, 14:41 489 Ўқиш режими + -
Ислом аёлларнинг ҳурмат-эҳтиромини ўрнига қўйиб, аёллик латофатларини сақлаб қолишлари учун, аёллик вазифаларини тўлиқ адо этиш орқали ўз жамиятларига, ватанларига, динларига керакли хизматни адо этишлари учун барча шароитни яратиб берган. Исломнинг бошқа дин ва тузумлардан аёлларга нисбатан бўлаётган ноҳақ муомаланинг асосини ташкил этувчи нотўғри эътиқодни тузатиши ҳам аёл зоти учун катта ҳурмат бўлган.
Аввало аёл деганда кўз олдимизда оналаримиз, турмуш ўртоғимиз, опа-сингилларимиз ва қизларимиз гавдаланади.  Уларни ҳурмат-иззатини жойига қўйиш, ҳурматини сақлаш худди эркакларнинг ҳурмати каби бир хил, балки баъзи ўринларда зиёда ҳам бўлишини асло унутмаслик керак. Аёлларнинг нафақасини шунчаки мажбурият эмас, балки ибодат деб билмоқ лозим. Бу Аллоҳ таолонинг амри, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг кўрсатмалари ва шариатнинг талабидир.
Ислом дини аёллар учун бир қатор ҳақ-ҳуқуқларни жорий қилди:
Биринчидан: Аёлларнинг ҳаёт ҳуқуқи. Ислом дини келишидан олдин яъни, жоҳилият даврида арабларда оилада қиз бола дунёга келса уни тириклайин кўмиш, ҳаётига зомин бўлиш одати бор эди. Бу жирканч қоидани ислом ҳаром қилди ва қизларнинг яшаш ҳуқуқини, уларнинг ҳаётига ҳеч ким дахл қила осмалигини эълон қилди. Бу борада Аллоҳ таоло Такфир сурасида қуйидагича оятни нозил қилди. 

 وَإِذَا الْمَوْءُودَةُ سُئِلَتْ. بِأَيِّ ذَنبٍ قُتِلَتْ 

Ва вақтики, тириклай кўмилган қиздан сўралса. «Қайси гуноҳ учун ўлдирилган?» 
Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади. Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим: “Эй Аллоҳнинг расули қайси гуноҳ катта?.  У Зот айтдилар: “Сени яратган Роббингни шериги бор дейишинг”, сўнгра қайси гуноҳ катта дедим, У зот: “Ўз фарзандингни сен билан таомланишидан қўрқиб ўлдирмоғинг” дедилар”.
Иккинчидан: Аёл кишини оналик ҳаққи борлиги. Аллоҳ таоло онанинг ҳурматини ва унга яхшилик қилишни Ўзига ибодат қилишдан кейинги ўринда қўйди. Аллоҳ таоло Исро сураси, 23‑ояти каримасида шундай дейди: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди”. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Инсонлардан менинг суҳбатимга энг ҳақлиси ким?, деб сўради”. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Онанг”, дедилар. Ҳалиги киши ушбу саволни уч марта такрорлаганида ҳам “Онанг” дедилар ва тўртинчи мартага “Отанг” деб, жавоб бердилар. 
Учинчидан: Аёлларнинг тарбия ва таълим олишдаги ҳақлари. Ислом дини аёлларнинг тарбиясини ва уларнинг илм олишини улуғ ишлардан деб қарайди. Шунинг учун “Аёлни тарбияламоқ ва унга таълим бермоқ, миллатни тарбия қилмоқ ва уларга таълим бермоқликдур” деган, гап бежизга эмас. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг илм талабидаги сўровларни ўз ўрнида қондирганлар ва уларга алоҳида илм мажлислари ташкил қилиб берганлар. Пайғамбаримиз кимни бир чўриси бўлса-ю унинг одобини гўзал қилиб ва яхши илм берса, шу иши учун унга савоб борлигини таъкидлаганлар. Бир чўри аёлга шунча муносабат бўлгандан кейин, ҳур аёлнинг одобини гўзал қилиш, уларни илмли қилиб тарбиялаш батариқа вожибдир. 
Тўртинчидан: Аёл кишининг ҳақларидан яна бири  - уларга адолат билан муносабатда бўлиш. Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига эриштиришни ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қилур. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир», деган (58 - оят). Мўмин-мусулмон одам оила аъзоларига, аёлларга ва махлуқотларга нисбатан адолатли бўлишга ҳаракат қилмоғи матлубдир. Бунинг учун у адолатга ундовчи оят ва ҳадисларни тез–тез ўқиб, ўрганиб туриши лозим. Болаларга совға беришда улар ўртасида адолат қилиш керак, аммо кўнгли нозик бўлгани учун совға беришни биринчи қиз боладан  бошлаш кераклиги айтилади. 
Бешинчидан: Аёлларнинг молиявий ҳуқуқлари борлиги. Жумладан, «Маҳр» ақди никоҳ ёки эру хотин бўлиш билан эр зиммасига юкланадиган хотинга бериш лозим бўлган молдир. Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Аёлларга маҳрларини чин дилдан чиқариб беринглар. Агар улар ундан бирор нарсани ўз розиликлари ила берсалар. Бас, уни енглар, ош бўлсин», - деган (4 - оят). Ушбу ояти карима эрга маҳр бериш вожиб эканини англатувчи тўртта ояти каримадан биридир. Ақди никоҳ бўлиши билан маҳр бериш вожиб бўлади. Имом Муслим, Абу Довуд ва Моликлар видолашув ҳажи ҳадисида Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Бас, аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олгансизлар. Уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ҳалол қилиб олгансизлар. Улар учун сизнинг зиммангизда маъруф йўл билан ризқлари ва кийимлари мажбурияти бор».
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, халқимизни фаровон бўлишини насиб этсин! Аёл-қизларимизни шариатимизда кўрсатилганидек эъзозлашимизда Аллоҳ таоло тавфиқ берсин! Омин!

Ўткир Маҳмудов
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари