1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

РАМАЗОНДА ИСРОФГА ЙЎЛ ҚЎЙМАНГ!

11-03-2024, 09:32 271 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таолонинг марҳамати ва фазли ила, бу йилги муборак Рамазон ойи рўзасини ҳам бошладик. Мўмин-мусулмон халқимиз бу ойда турли хайрли ишларни амалга оширишга, кўпроқ савоб олишга ва рўзадорларнинг дуосини олишга ҳаракат қилишади. Жумладан, рўзадор кишиларга ифторликлар қилиб ажр олиш шулар жумласидан. Албатта, бу ишлар мақтовга сазовордир. Сабаби ҳадисларнинг бирида: “Ким бир рўзадорга ифторлик қилиб берса, унга ўша рўзадор эга бўлган савобдан бирон нарса камайтирилмаган ҳолда берилади”, дейилган. Ифторлик маросимларидаги исрофгарчилик қилиш, кимўзарга ўйнаш, дабдабага берилиш иллатидир.
Муқаддас динимиз Исломда исроф қаттиқ қораланган. Аллоҳ таоло Ўз Каломи мажидида:
وَكُلُوا وَاشْرَبُوا وَلاَ تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ
“Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас”, деб айтган (Аъроф, 31). Бундан келиб чиқадики, Аллоҳ таоло берган неъматларни исроф қилиш, уларни қадрига етмаслик гуноҳдир. Банда ҳадисда айтилган мақомга кўтарилиш, рўзадор эришган савобни қўлга киритиш учун ифторликни дабдаба билан, исрофгарчиликка йўл қўйиб ўтказиши шарт эмас. Ифторлик бир пиёла сув ёки чой, бир коса овқат билан ҳам бўлади. Аммо, афсуски, орамизда ифторлик қилиш билан ўзини халққа кўз-кўз қилувчилар, хўжакўрсинга, риёга ҳаракат қилувчилар кўпайиб бормоқда. Рамазон тақво ойи, Рамазон меҳр-мурувват ва саховат ойидир. Албатта, бу саховат ўз ўрнига қилингани маъқул. Меҳрга, эътиборга, моддий таъминотга муҳтожлар бир четда қолиб, қорни тўқлар, бой-бадавлат кишиларни ифторликка чақиришдан не фойда? Устига-устак бундай маросимларда исрофгарлик жуда авжига чиқади. Бу ишга ҳам меҳмонга ҳақдор кишиларнинг таклиф қилинмаслиги сабаб бўлади.
Амаллар қабул қилинишида энг муҳим жиҳат ният ва амалнинг шариатга тўғри келишидир. Ифторлик қилаётган одам холис Аллоҳ учун қилмоқдаман, деб ният қилиши керак. Шунда ҳамма нарса ўз ўрнида бўлади, исроф ҳам, кибр ҳам, мақтанчоқлигу ҳар хил кимўзарга ўйнаш ҳам бўлмайди. Савобли ишни, Аллоҳ розилиги учун қилинадиган амални камтарона, исроф ва дабдабадан сақланган ҳолда ўтказиш, ниятни холис қилиш, одамларнинг маломатию мақтовларини ўйламай, холис Аллоҳ учун қилиш талаб этилади. Агар сиз Аллоҳ йўлида шу ишни қиладиган бўлсангиз, қилган ифторлигингиз қабул бўлгани қалбингиз хотиржамлиги, хонадонингизга файз кирганидан маълум бўлади. 
Бунда фақат ташқи кўринишга, зоҳирий жиҳатга эмас, ички моҳиятига эътибор бериш керак. Неъматларни исроф қилиб ифторлик қилиш билан гуноҳга ботгандан кўра ҳеч ким билмаса ҳам бир камбағалнинг рўзғорини бутлаб беришингиз минг марта афзал. Ифторлик фақат одамларни чақириш билан бўлмайди. Шундай ифторлик қилингки, уни Аллоҳ билсин. Одамлар сиз ифторликнинг энг зўрини қилганингизни билмай қўя қолсин. Исрофгарчилик билан одамларни рози қиламан, деб дастурхон ёзсангизу аммо мисқолча савобга ҳам эришмасангиз, бу ачинарли ҳолат. 
Луқмонхон Олимов,
Китоб тумани бош имом-хатиби