“Тараббеҳми” ёки “таровеҳ”
Мана Рамазон ойи ҳам бошланди. Мўмин-мусулмонлар бу ойнинг кундузларини рўза билан, кечаларини эса ибодат билан ўткармоқдалар. Рамазон ойида масжидларда хуфтон намозининг фарз ва суннатидан кейин йигирма ракаатлик суннати муаккада бўлган намоз адо қиланади. Ана шу намозни айрим кишилар “тараббеҳ” деб атаса, айрим кишилар эса “таровеҳ” деб номлашади.
Хўш, у “тараббеҳ”ми ёки “таровеҳ”?
Аслида, у намозни “тараббеҳ” деб аташ нотўғри. Уни “таровеҳ” деб аташ тўғридир. “Таровеҳ” сўзи арабча сўз бўлиб, у ўзбек тилидаги “роҳат қилмоқ”, “ҳузур қилмоқ”,“истироҳат қилмоқ” деган маъноларни англатади. Маълумки мазкур намознинг ҳар тўрт ракаатидан кейин тасбеҳлар айтилгунга қадар дам олинади, истироҳат қилинади. Шундан келиб чиқиб у намоз “таровеҳ” деб номланади.
Аллоҳ таоло Рамазон ойи кечаларида ўқиётган таровеҳ намозларимизни Ўз даргоҳида мақбул айласин!
Руҳиддин Акбаров, ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими