Тил офати
10311
15-03-2024, 10:57
394
Ўқиш режими
+
-
Аллоҳ таоло инсониятга беҳисоб неъмат берган. Инсондаги тана, ақл, тафаккур, фаросат, кўриш. эшитиш, гапириш, сезиш каби неъматларни санасак, саноғига етолмаймиз. “Қуръони карим”да шундай дейилади:“ Агар сизлар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига етолмайсизлар” (Иброҳим сураси, 34-оят). Ушбу оятнинг тафсирида: “Аллоҳ таоло бандаларига ато этиб қўйган барча неъматларнинг ҳисобига етиш жуда мушкул иш. Биз билган ва билмаган барча нарсалар Аллоҳ таоло ато қилган неъматлар денгизининг бир томчиси. холос. Ушбу ояти каримада У зот айтаяптики, Мен инсонларга ато қилган неъматларимни санамоқчи бўлсанглар, уларнинг ҳисобига асло етолмайсизлар” дейилади. Инсондаги тил ана шундай неъматлардан биридир. Инсондаги тил унинг учун энг яхши ва хавфли аъзодир. Агар инсон тилини яхшиликка нисбатан ишлатса, у катта ажр ва мукофотларни қўлга киритади. Мабодо, инсон тилини ёмонликка нисбатан ишлатса, у унинг учун катта офат келтиради. Шу сабабли инсон эрталаб уйғонганда унинг танасидаги барча аъзолар тилига нотўғри гапирмасликни, тўғри бўлиш тавсия қилишар экан. Бу ҳақда Имом Термизийдан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Одам боласи тонг оттирганда, тана аъзоларининг ҳаммаси тилга танбеҳ бериб: “Бизнинг тўғримизда Аллоҳдан қўрқ! Биз (нима аҳволга тушсак ҳам), сен сабабли (тушамиз). Агар тўғри бўлсанг, биз ҳам тўғри бўламиз. Агар эгри бўлсанг, биз ҳам эгри бўламиз”.Халқимизда “Бошингга бало тилингдан келади” деган гап бор. Инсон тилини сақласа, унинг бошига бало йўқ, тилига эрк берса унинг бошига турли офатлар келади. Инсон тилига эрк берса, ўйламасдан гапирадиган бўлса, тили орқали ғийбат, бўҳтон, ёлғон гапириш. чақимчилик каби катта гуноҳларга мубтало бўлиши аниқ. Тил офатларидан бири ёлғон гапиришдир. Ислом динида ёлгон гапириш улкан гуноҳлар сирасига киради. Ёлғончи кишидан фаришталар ҳам безор бўлиб, узоқ- узоқларга қочади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар “Қачонки киши ёлғон гапирса, фаришта у гапнинг сассиқлиги сабаб бандадан бир мил масофага узоқлашади”, – дедилар (Имом Термизий ривояти). Ҳозирги кунда интернет тармоқларида турли асоссиз уйдирма ва бўҳтонларни, ёлғон хабарларни тарқатиш ҳам улкан гуноҳни содир этиш ҳисобланади. Инсонларни ғийбат қилиш ҳам тил офатларининг каттасидир. Ғийбат – бир кишини йўқлигида унга ёқмайдиган гап (сифат) билан ёдга олишдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган: “Бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз!” (Ҳужурот сураси 12-оят).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло ғийбатдан қайтариб, уни ўлакса гўштини ейишга ўхшатмоқда. Табиийки, инсон ўлаксадан жирканади. Шундай экан, бошқаларни ғийбат қилиб, обрўсини тўкишдан ҳам мусулмон киши худди ўлакса гўштидан жиркангандек жирканиши лозим. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ғийбат нима эканлигини биласизларми?” – дедилар. Саҳобалар: “Аллоҳ ва Расули билгувчироқдир”, – деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат – бир биродарингизни орқасидан ўзи эшитса ёмон кўрадиган сифат билан гапиришингиздир”, – дедилар. Шунда улардан бири: “Агар биродаримда мен айтган ўша сифат бор бўлса ҳам ғийбат бўладими?” – деб сўради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам эса: “Унда бор айбни айтган бўлсангиз, ғийбат қилган бўласиз. Агар сиз айтган сифат унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласиз”, – деб жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти).
Демак, бировнинг айбини ошкор қилувчи сўзни тўғри бўлса ҳам, айтиш жоиз эмас экан. Чунки ғийбат бўлади. Агар ёлғон бўлса, туҳмат ва бўхтон бўлгани учун, гуноҳи ҳам икки ҳисса бўлади. Қиёмат куни ғийбатчини аҳволи оғир бўлади. Бу ҳақда Абу Умома ал-Боҳилий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Кишига савоблари ёзилган китоби очиқ ҳолда берилади. У: “Эй Раббим, фалон-фалон савобли ишларим қани, саҳифамда йўқ-ку?” – дейди. Шунда унга: “Одамларни ғийбат қилганинг туфайли уларни ўчириб, ғийбат қилинганларнинг амал дафтарларига ёзиб қўйдим” – дейди” (Ибн Ҳиббон ривояти). Ғийбатчи киши тили туфайли қиёмат кунида ҳам ўз бошига офат келтиради. Ғийбатчи киши қиёмат куни савобли амалларидан маҳрум бўлиб, ғийбат қилинган кишиларнинг гуноҳлари ғийбатчининг устига юкланади. Инсон тили билан дунё ва охиратга фойдаси бўлган сўзларни гапириши лозим. У бугун ва эртага зарари тегадиган сўзларни гапиришдан тийилгани, жим юргани маъқул. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда: “Жим юрган киши нажот топади”деб марҳамат қилганлар. Инсон тил офатлардан сақланиш учун одамларни ёмонлашдан тилини тийиб, Аллоҳ таолонинг зикрини қилишлик афзал ҳисобланади. Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу шундай дейдилар: “Одамларни (ёмонлаш) гапиришдан сақланинг, чунки у касалликдир. Аллоҳ таолонинг зикрини маҳкам тутинг, у шифодир”.Инсон тилини офат келтирадиган нарсаларни гапиришдан сақлаши яхши амал ва шу билан бирга Аллоҳ берган тил неъматига шукр қилиш ҳисобланади. Зеро, инсон неъматга шукр қилар экан, Аллоҳ таоло у неъматни янада зиёда қилади. Аллоҳ таоло шундай дейди “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг” ("Иброҳим" сураси, 7-оят). Хулоса қилиб айтганда, бизга неъмат қилиб берилган тилимиз шукронасини қилиб, уни дунё ва охиратга фойдаси бўлмаган сўзларни гапиришдан сақлайлик! Аллоҳ таоло барчамизни икки дунё саодатига муяссар қилсин!
Р. Усмонов,Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Қашқадарё вилоятдаги вакили