Рўзадорга ифторлик
10336
26-03-2024, 09:49
206
Ўқиш режими
+
-
Мана Рамазон ойи бошланганига анча кун бўлди. Саҳарда рўзага ният қилиб оғизларни ёпиб, қуёш ботганда эса ифторлик қилишга шошиламиз. Рамазон ойида рўзадорга ифторлик қилиб беришда катта ажр бор.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким рўзадорга ифторлик қилиб берса, унга унинг ажрича ажр бўлур. Рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас», дедилар» (Имом Термизий ривояти). Ушбу ҳадиснинг изоҳида шундай дейилади: Ҳадиси шарифда рўзадор кишига ифторлиги учун таом бериш улкан савобли иш экани таъкидланмоқда. Рўза тутган одамга қанча савоб берилса, унга ифторлик ҳозирлаб берган одамга ҳам шунча савоб берилиши баён қилинмоқда. Унга рўзадорнинг савобидан олиб берилмайди, балки ўзига алоҳида савоб берилади. Лекин бу ўзи рўза тутмай, рўзадорга ифторлик қилиб берса, рўза тутган ўрнига ўтади, дегани эмас. Рўза тутиш ҳар бир инсон учун фарздир. Ҳар ким ўзига фарз қилинган рўзани ўзи тутиши керак. Бошқа ҳеч нарса бунинг ўрнини боса олмайди. Рўзадорга ифторлик бериш эса фақат хайр-эҳсон ҳисобланади. Бу ишни қилган одам шунга яраша савоб олади”.
Аллоҳ таоло барчамизни Рамазон ойида улкан ажр-савобларга эга бўлишга муваффақ қилсин!
Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими