Рамазон ойи рўзасини тутиш ҳар бир балоғатга етган ақлли шахсга, Аллоҳнинг амри, Пайғамбар алайҳиссалом суннатлари ва Ислом умматининг ижмоъси ила иккинчи ҳижрий йилда фарз бўлган. Яъни, иккинчи ҳижрий йилда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Рамазон ойи рўзасини тутиш ҳақидаги оятларни нозил қилган.
Узрсиз Рамазони шарифнинг бир кунлик рўзасини тутмаган одам шариат ҳукми ила олтмиш кун кетма-кет, орасини узмай рўза тутиб бериши керак. Бу ҳам ямоқ солганга ўхшаш иш бўлади. Чунки, Пайғамбаримиз айҳиссалом: "Ким Рамазондан бир кунни узрсиз оғзи очиқ ҳолда ўтказса, замоннинг ҳаммасини рўза тутиб ўтказса ҳам унинг қазосини адо эта олмас”[1], яъни савобини топа олмайди деганлар. Назарий иймонга суяниб, Аллоҳнинг амрларини бажаришдан, жумладан, намоз, закот, рўза каби ибодатлардан бўйин товлайдиган одамлар катта хато қиладилар. Уламоларимиз ундай кишиларни шайтондан фарқи йўқ, дейдилар. Чунки, шайтон ҳам Аллоҳ таолонинг борлигига қаттиқ ишонади. Аммо, одамга сажда қил, деган амрига бўйсунмагани учун лаънатга учраган. Аллоҳнинг барча амрларини бажаришга иинтилаётганлар жумладан, рўза тутаётганлар ўзлари учун фойда қилади.Исломда рўза-ҳақиқий илоҳий маънони касб этган ибодатдир. Рўза араб тилида «совм» дейилиб, луғатда, ўзини тийиш маъносини билдиради. Шариатда эса, Рамазон ойида тонг отгандан қуёш ботгунча ният билан, ейиш-ичишдан ва шаҳвоний амаллардан ўзини тийиб туришга айтилади. Ояти кариманинг сўнгида Аллоҳ таоло: «Шоядки тақводор бўлсангиз», деб рўзадан кўзланган асосий мақсадни ҳам баён қилиб қўймоқда. Демак, рўза ҳам тақво йўлларидан биттаси экан. Рўза тутган шахс қалбида тақво руҳи уйғониши керак. Агар ким рўза тутса-ю, қалбида тақво ҳисси уйғонмаса, у одам ҳақиқий рўза тутмаган бўлади. Рўза ҳавою нафснинг ноўрин қўзғалишларини йўлга солишга, тўғрилашга, шаҳватни жиловлашга, қорин талабларини ҳам изга солишга хизмат қилади. Рўза нафс балосидан қутулиб, Аллоҳнинг тоатига холис ажраб чиқишга ёрдам беради. Кимки иймон ва эътиқод билан рўза тутса, Аллоҳ таоло ўша бандани тақво, деб номланувчи, икки дунё саодатига элтувчи бахтга муяссар қилади.
Аллоҳ таъоло айтади: “ Саноқли кунлар. Сизлардан ким бемор ёки мусофир бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутадир. Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таоми фидя бордир. Ким яхшиликни ўз ихтиёри ила қилса, ўзи учун яхшидир. Агар билсангиз, рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир ”.[2] Яъни, рўза фарз қилинган кунлар «саноқли кунлар»дир. Рўза тутишнинг ўзига яраша машаққати бор. Шунинг учун Аллоҳ таоло беморлик ва мусофирлик туфайли бир оз қийинчиликда турган бандаларига, машаққат устига машаққат бўлмасин, деб енгиллик берди. Яъни, бемор тузалгандан сўнг, мусофир сафардан қайтгандан сўнг, неча кунни тутмаган бўлса, ўшанча кун қазо рўза тутади. Уламоларимиз беморлар сафига ҳомиладор ва эмизадиган аёлларни ҳам қўшганлар. Ҳомиладор аёл неча кун рўза тутмаган бўлса, туққанидан кейин шунча кун қазо рўза тутади. Эмизадиган аёл ҳам боласини кўкракдан ажратгандан сўнг қазо рўза тутади. «Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таоми фидя бордир». Яъни, ёшлари улуғ бўлиб, рўза тутишга ярамай қолган кишилар киради. Улар тутилмаган ҳар бир кунлик рўза ўрнига бир мискинни тўйғазадилар. Бу эса, ўзи яшаб турган диёрнинг ўртача таоми ҳисобида бўлади. Буни, фидя бериш, дейилади.
Уламоларимиз ушбу тоифага тузалмайдиган, сурункали касали бор кишиларни ҳам қўшганлар. Уларнинг касаллари рўза тутишга қўймайди. Қазосини тутади, дейилса, тузалишларидан умид йўқ.
Бошқа ибодатлар каби рўза ҳам, аввало, бу ибодатни адо этувчига яхшилик келтиради. Жаннатга кириш, олий мақомларга эришиш, ироданинг кучли бўлиши, раҳм-шафқат сифатининг кучайиши, тақво ҳиссининг уйғониши, соғлиқ ва саломатлик ва бошқа кўплаб биз билган-билмаган яхшиликларга рўза тутиш орқали эришилади.
Рўза уни тутувчининг фақат ўзига эмас, балки оиласи, жамияти, бутун инсоният ва қолаверса, барча мавжудотга фойда келтиради.
Ўз ихтиёри билан, Аллоҳдан савоб умид қилиб, бир ой давомида, кундуз кунлар емоқ-ичмоқдан, шаҳватдан ўзини тўхтатиб юрган инсон улкан фойдалар топади. Аввало рўза инсонга ўз хоҳиш ва истакларини жиловлашни ўргатади. Агар инсонларда бу сифат бўлмаса, дунё тезда ҳалокатга учраши мумкин. Рўза сабр мадрасаси ҳамдир. Фақат ҳақиқий рўзадорларгина ҳақиқий сабр даражасига эришадилар. Ўз ихтиёрлари ила рўза тутиб, очлик, чанқоқларга чидаган инсон ғоятда мустаҳкам иродали бўлиб етишади.
Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ойининг барокотидан насибадор қилсин!
С. Жаҳонов,
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
[1] Шайх Муҳаммад Муҳаммад Юсуф “Ҳадис ва Ҳаёт”9ж.108 бет
[2] Бақара сурасининг 184 ояти