ФИТР-САДАҚА КИМЛАРГА БЕРИЛАДИ?
10345
28-03-2024, 11:08
267
Ўқиш режими
+
-
Фитр-садақа Ҳанафия мазҳабига кўра, закот олиши мумкин бўлган кишиларга берилади. Закот олиши мумкин бўлган саккиз тоифани Аллоҳ таоло “Қуръон карим”да қуйидагича баён қилади. “ Садақалар фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, диллари улфат қилинадиганларга, тутқунларни озод қилишга, қарздорларга, Аллоҳ йўлига ва мусофирларгадир. Аллоҳ шуни буюрган, Аллоҳ билувчи ва ҳикматлидир” (Тавба сураси, 60-оят).
Ушбу оянинг тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да шундай дейилади “Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло садақа-закотлар тақсимоти у зотга ёки бошқаларга топширмай, Ўзи бунга қуйидаги ҳақдорларни тайин этган: 1) фақирлар, яъни еб-ичгулиги бўлса-да, ўзи закот беришга бўлмаганлар; 2) мискинлар, яъни ҳеч нарсаси бўлмаган қашшоқлар; 3) садақа йиғувчилар, яъни закот-садақаларни одамлардан йиғиб, расмийлаштириб, бошқаларга тарқатишда хизмат қиладиганлар; 4) диллари улфат қилинадиганлар, яъни Исломга янги кирган ёки киришидан умид қилиниб турганлар. Бу Ислом динини қувватлантириш учун эди, аксари уламолар Пайғамбаримиз (с.а.в.) вафотларидан кейин бунга ҳожат қолмаган, деб ҳисоблашади; 5) тутқунлар, яъни қуллар ва асирларни озод қилишга тўлаш учун; 6) қарздорларнинг қарзларини узишга; 7) Аллоҳ йўлига, ҳажга кетаётганларга ёки Аллоҳ динини ёйишда ҳаракат этаётганларга; 8) мусофирларга, яъни ватанларида бой бўлишса ҳам сафарда муҳтож бўлиб қолганларга. Ҳанафий мазҳаби уламолари юқоридаги саккиз тоифани садақа олишга тамоман ҳақли ҳисоблашади”.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бериладиган фитр-садақа рўза тутганларни Рамазон ойи давомида йўл қўйган беҳуда гап-сўзлардан покласа, фитр-садақа олганларни эса моддий жиҳатдан бир оз бўлсада қувватлантиради. Бу эса жамият кишилар орасида ўзаро меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик, оқибатли бўлиш каби яхшиликларни бардавом бўлиши учун хизмат қилади.
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими