1445 йил 21 Шаввол | 2024 йил 29 апрель, Душанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:16
Sunrise
05:41
Dhuhr
12:34
Asr
17:26
Maghrib
19:28
Isha
20:53


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУҚАДДАС ҚЎРҒОН ТАЪМИНОТИ ЭРНИНГ ЗИММАСИДАДУР.

29-03-2024, 10:53 45 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таоло эркакларга оиладек муқаддас қўрғонга раҳбарлик қилиш вазифасини юклади.  Шу билан бирга эркакларни руҳий ва жисмоний жиҳатдан аёллардан фарқли қилиб, уни оила раҳбари бўлишига муносиб ҳолда яратди. Эркаклар ўз зиммаларидаги вазифаларини адо этишлари бу оиланинг тинчлиги ва бахту саодатига сабаб бўлувчи энг катта омилдир. 
Аллоҳ таоло ўз каломи шарифида шундай марҳамат қилади. 
“Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар”. (Нисо сураси, 34-оят).
Дарҳақиқат, эркакларнинг зиммасига аҳли аёл нафақаси фарздир. Минг афсуслар бўлсинки, ояти каримадаги зикр қилинган раҳбарликни қаҳр, ғазаб, зулм ва жабр учун бир фурсат деб биладилар. Аслида эса бу раҳбарлик улкан масъулиятдир.    Бу хусусда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам ҳадисларининг бирида:
“Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади, деб марҳамат қилганлар, (Абу Довуд ривояти).
Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи бир оила бошлиқлари айни шу масалада ўз вазифаларини унутиб қўймоқдалар. Ҳатто баъзилари ориятсизлик билан ўз жуфту ҳалолларини  ўзга юртларга бориб, ишлаб пул топиб келишга мажбурлаётганликлари ва аёлини топган маошига кун кечираётганликлари ҳам маълум бўлмоқда. Бундай ҳолатларни пайдо бўлиши ачинарли ҳолдир.
  Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир кишига Аллоҳ таоло кенглик қилиб молу давлат берсаю у киши ўз аҳли аёлига торлик қилса у биздан эмасдир”, деганлар (Имом Дайламий ривояти).
Аҳли-аёлга нафақа бериш энг муҳим ва савобли ишлардан эканлиги ҳақида Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Қиёмат куни тарозуда  биринчи тортиладиган нарса кишининг аҳли-аёлига қилган нафақасидир”  (Имом Табароний ривояти).
Шу билан бирга, аёли бемор бўлганда дори-дармон олиб бериш, шифокорга кўрсатиш кабилар ҳам эрнинг зиммасидаги вазифалардандир. Аёли касал бўлса, отасининг уйига олиб бориб қўйиш ҳолатлари ҳам кўпаймоқда. Соғлик пайтида уйдами, томорқадами, даладами ишлатиб, камига бозорга чиқариб, бетоб бўлиб ишга ярамай қолганида, парваришга муҳтож бўлиб турганда, ота уйига олиб бориб қўйиш, ортидан хабар олмаслик, меҳнатга ярайдиган бўлганда, олиб кетишлик  инсофли эркакни иши эмаслигини унутмаслигимиз керак.
Энди эса, эрнинг аёли олдидаги маънавий вазифаларини баъзилари ҳақида тўхталиб ўтсак. Улар қуйидагилардир:
Аёли билан чиройлик муомалада бўлиш.
Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида қуйидагича марҳамат қилади:
“Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (Нисо сураси, 19-оят).
Динимиз ўз аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшиси қаторига қўшади. Бу хусусда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам бундай марҳамат қилганлар:
 Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг ичингизда энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганингиздир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман”, (Имом Термизий ривояти).
Албатта, ҳар тўкисда бир айб деганларидек, инсон зоти айбу нуқсонлардан ҳоли эмас. Шундай экан, эркакларга ўз аёлларининг айбларини беркитиб, оиланинг бардавом ва бахтиёр бўлишини кўзда тутган ҳолда уларга вақти-вақти билан панду насиҳат қилиб туришлари лозим бўлади.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам марҳамат қиладилар:
яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч бир мўмин ҳеч қайси мўмина аёлини ёмон кўрмасин. Агар унинг ҳулқ атворидан бирини ёқтирмаса, бошқа ҳулқини ёқтириши мумкин” (Имом Муслим ривояти).
Аёлига эътиборли  бўлиш.
Эркаклар ўз хотинига нисбатан ҳар томонлама эътиборли бўлишлари зарур. Ўз аёлига бепарволик оилада катта муаммолар чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Одатда эридан меҳр ва эътибор кўрмаган аёлда эрига нисбатан ҳурматсизлик ва итоатсизлик ҳисси туғилади. 
Демак, аёлидан меҳр ва итоат кутган ҳар бир эр ўз хотинига ҳам меҳрли ва эътиборли бўлиши лозим.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, эр ота-онаси ва бошқаларнинг гапига кириб ўз аёлига зулм қилиши ва талоқ қўйиши динимиз кўрсатмаларига мутлақо зиддир.
 
Бекзод Нарқулов
Чироқчи туман бош имом-хатиби