1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Хатму-қуръоннинг фазилати

2-04-2024, 10:49 339 Ўқиш режими + -
Маълумки, “Қуръони-карим” Аллоҳ таолонинг муборак китобидир. У ўқилганда ҳар бир мўмин-мусулмон жим туриб тинглаши лозим. Бу ҳақда “Қуръони карим”да: “ Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз! ( Аъроф -204). Ушбу оятга кўра, Қуръон ўқилганда, ҳар бир мўмин-мусулмон банда жим туриб Қуръонга қулоқ солиши, уни тинглаши лозим. Қуръон ўқилаётганда туриб кетиш, юриш ёки бирон иш билан машғул бўлиш мумкин эмас. Қуръон ўқиш ва эшитиш учун алоҳида тайёргарлик ва эътибор талаб қилинади. Зеро бу оддий калом эмас, оламлар Парвардигорининг сўзидир. Ушбу оятдан келиб чиқиб ҳанафий уламолар намозхон имом ортида турганда унинг қироатига қулоқ солади, тиловат қилмайди, деб айтишган. 
 Аллоҳ таоло мўминлар сифатларини қуйидагича келтиради: “Ҳақиқий мўминлар фақат Аллоҳ (номи) зикр қилинган вақтда қалбларига қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат қилинганда имонлари зиёда бўладиган ва ёлғиз Парвардигорларигагина суянадиган кишилардир” (Анфол, 2).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким Аллоҳ таолонинг Китобидан бир оятга қулоқ тутса, унга икки баробар ҳасана (яхшилик, савоб) бўлади. Кимки уни тиловат қилса, қиёмат куни унинг учун (йўлини ёритгувчи) нур бўлади”. 
Қуръон тилавотига қулоқ солиш Аллоҳнинг раҳматига эришиш ва шайтоннинг найрангларидан ҳимояланиш йўлидир. У қачон ўқилса қулоқ солиш ва қироат асносида жим туришдир. Қулоқ солиш эшитишдан кучлироқ. Чунки қулоқ солиш маълум мақсад ва ният билан, шу сўзни идрок қилишим керак деган маънода бутун ҳиссини унга қаратади. Эшитиш эса ундай эмас, у йўл-йўлакай ҳам бўлиши мумкин. Ким қулоқ солса ва жим турса тушиниш ва тадаббур қилишга лойиқ бўлади. Ва шундайларга Аллоҳнинг раҳматини умид қилса бўлади. Оят мутлоқ қироатга қулоқ солишга далолат қилади, ҳоҳ намозда бўлсин, ҳоҳ ташқарида. Бу Ҳасан Басрийдан ривоят қилинган.
“Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир” (Бақара сураси  2-оят). Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам: “Қуръони каримнинг бошқа сўзлардан афзаллиги худди Аллоҳ таолонинг Ўз махлуқотидан устунлиги кабидир”.
Амр ибн Осс р.а. айтадилар: “Қуръондаги ҳар бир оят жаннатда бир даража ва хонадонингизда чироқ бўлади”. Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади: “Қуръон тиловат қилинган хонадон аҳли учун кенг бўлиб, хайриётлар кўпайиб, фаришталар у ерда ҳозир бўладилар ва шайтонлар у ердан чиқиб кетадилар. Аллоҳнинг китоби тиловат қилинмайдиган хонадон эса аҳли учун тор, хайриётсиз, фаришталар ундан чиқиб кетиб, шайтонлар эса ҳозир бўладиган макон бўлади”. 
Айниқса, ҳозирги Рамазон ойи Қуръон ойи эканини бутун вужудимиз билан ҳис қилишимиз лозим. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Рўза ва Қуръон бандага шафоатчилик қилади. Рўза: «Ё Раббим! Мен буни кундузлари таом ва шаҳватдан тўсганман, унинг ҳақидаги шафоатимни қабул қил», дейди. Қуръон: «Ё Раббим! Мен уни кечалари уйқудан тўсганман, унинг ҳақидаги шафоатимни қабул қил», дейди. Шунда икковининг ҳам шафоати қабул қилинади».
 
                 Аллоҳ таоло барчамизни икки дунё саодатига мушарраф қилсин!

 
 Муҳаммади Қораев,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакили ўринбосари