1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

РАМАЗОН – БАРАКОТЛИ ОЙДИР

3-04-2024, 16:51 265 Ўқиш режими + -
Диёримизга ойларнинг султони, меҳр-шафқат саховат рамзи бўлган, Қуръони карим нозил бўлган, фазилати жиҳатидан бошқа ойлардан афзал моҳи Рамазон ташриф буюриб келмоқда. Аллоҳ таоло барчамизга ушбу ойни муборак қилиб, Ўзи рози бўладиган кўплаб ибодатларни бажаришимизга муваффақ айласин! 
Куни кеча Давлатимиз Раҳбарининг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш” тўғрисидаги қарорлари биз мусулмонлар учун катта хурсандчилик бўлди. Президентимизнинг эътиборлари мазкур ойнинг янада барокатли, шукуҳли ўтиши, рўзадорлар ва намозхонларга ўз ибодатларини эмин-эркин, хотиржам амалга оширишларига кўмак бўлади.
Рўза араб тилида “совм” деб аталиб, луғатда “бир нарсадан ўзини тиймоқлик”ни билдиради. Истилоҳида эса “тонгдан то қуёш ботгунча рўзани ният қилиб, уни очувчи барча нарсалардан ўзини тийиш”дир.
Рамазон рўзаси ҳижратнинг иккинчи санасида фарз қилинган. Аллоҳ таоло Рамазон рўзасининг ҳукм ва ҳикматларини Қуръони каримда батафсил баён қилиб берган: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят). 
Маълумки, рўзадан бошқа ҳамма амалларга риё аралашиши мумкин. Лекин рўзада эса бундай бўлмайди: тонгга яқин ҳеч ким кўрмайдиган вақтда саҳарлик қилади, кундузи эса ҳамма қатори юраверади. 
Рўза – Аллоҳ билан банда орасида сир бўлган ибодатдир. Ҳеч кимсиз, ёлғиз ўзи қолганида ҳам рўзадор Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб, бирор нарса емайди. Ана шулар – рўза Аллоҳ учун тутилишининг белгисидир. Шунинг учун ҳам ёлғиз Аллоҳ учун бўлган ибодатнинг мукофотини Аллоҳ таолонинг Ўзи беришга ваъда қилмоқда. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таоло: “Одам боласининг ҳамма амали – ўзи учун, фақат рўза – Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман”, деди. Рўза – сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи бўлса, “Мен рўзадорман” десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, рўзадорнинг оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки марта хурсандчилик бор: бири – ифтор вақтида оғзини очганда ва иккинчиси – қиёмат кунида Роббисига рўбарў бўлганда” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган). 
Рамазонда бойлар ҳам бир ой очлик ва чанқоқликни бошларидан кечиришиб, камбағалларнинг йил давомидаги ҳолатларини ҳис этадилар. Бу эса кам таъминланганларга раҳм-шафқат кўрсатишларига сабаб бўлади.
Ушбу ойнинг фазилатини олий қилувчи икки нарса борки, уларнинг биринчиси – Рамазон ойида инсониятга қиёматгача илоҳий дастур қилиб туширилган Қуръони каримнинг нозил қилиниши бўлса, иккинчиси – бу ойда фазилати жиҳатидан минг ойга татийдиган Қадр кечасининг борлигидир.
Рамазон – Қуръон ойидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда Қуръонни Жаброил алайҳиссаломга тўлиқ ўқиб берар эдилар. Вафот топадиган йилларида эса Қуръонни бу улуғ фариштадан икки марта ўтказиб олганлар.
У зот Рамазон ойида Қуръон тиловатини кучайтириб, тунги намоздаги қироатларни узайтирардилар. Ўтган солиҳларимиз ҳам бу ойда Қуръонни бир неча бор хатм қилиб чиқишарди. Рамазон ойида бошқа нафл ибодатларни қўйиб, фақат Қуръон билан машғул бўлганлар. Имом Зуҳрий Рамазон кирса: “Бу ой фақат Қуръон ўқиш ва (ифторда) очларни тўйдириш ойидир”, – дердилар.
Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойи кирса, ҳадис дарсларини тўхтатиб, Қуръон билан машғул бўлар эдилар. Шунингдек Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ ҳам Рамазон ойи келса, барча нафл ибодатларни қўйиб, Қуръонга юзланар эдилар.
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойида ҳар куни бир марта хатм қилар эдилар. Таровеҳ намозидан кейин ҳам қоим бўлар ва уч кунда бир маротаба хатм қилар эдилар (“Тариху Бағдод”).
Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Китабуз-Зуҳд” китобларида келишича, машҳур тобеин Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳ Рамазонда тунларини ибодат билан ўтказар экан.
“Сияру аъламун-Нубала” китобида нақл қилинишича, “Қатода етти кунда бир маротаба Қуръонни хатм қилар эди. Рамазон ойида эса – уч кунда бир хатм қилар, агар рўзанинг охирги ўн кунлиги келса, ҳар куни бир маротаба хатм қилар эди”.
Робиъ ибн Сулаймон устози Имом Шофеъийнинг Рамазон ойида Қуръонни намозда ўқиганларидан ташқари 60 маротаба хатм қилишларини нақл қилган. Ҳудди шу каби ривоят Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан ҳам нақл қилинган. 
Имом Заҳабий ўзларининг “Сияр аъламун-нубала” китобларида Муртазо ибн Афифни таржимаи ҳолида: “У фақир ва ўта сабрли инсон эди. Бир ойда ўттиз маротаба Қуръонни хатм қилар, Рамазон ойида эса олтмиш маротаба хатм қилар эди” – деганлар.
Рамазон – нафсни тарбиялаш ойидир. Рўза тутган инсон доимо Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун ўзи ёлғиз қолганида ҳам рўзасини очишга журъат этмайди. Доимий равишда Аллоҳни ҳис этиб туриш эса киши қалбини мусаффо қилади. Унинг қалбига Аллоҳ муҳаббатидан бошқа нарса сиғмай қолади. рўза тутиш орқали инсон гуноҳлардан сақланади, шаҳвати синади ва гуноҳга ундовчи омиллар заифлашади. 
Бу ҳақда қуйидаги ҳадисда баён қилинган: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рамазон ойининг биринчи кечасида, шайтонлар ва ёмон жинлар кишанланади, дўзах эшиклари ёпилиб, ундан бирортаси очилмайди. Жаннат эшиклари очилиб, улар ёпилмайди. “Эй яхшиликни хоҳловчи, буёққа кел! Эй ёмонлик истовчи, бу ишдан тўхта!” деб нидо қилинади. Бу кечада Аллоҳ таоло кўпчиликни дўзахдан озод қилади. Мана шу ҳар куни такрорланади”, – дедилар” (Имом Термизий ривояти). 
Рамазон – ибодат ойидир. Ўтган улуғларимиз Рамазонга шундай интиқ бўлишганидан, ҳатто ойлар давомида “Эй Аллоҳ, бизларни Рамазонга эсон-омон етказ!” дея, Яратганга илтижо қилишган. Унинг ҳар лаҳзасини ғанимат билиб, савоблар тўплашга қизиқишган. Тиловат, зикр, истиғфорда бардавом бўлишган. Бу яхшиликни оила аъзоларига ҳам илинган.
“Саҳиҳ Муслим”да қуйидаги ҳадисда: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказардилар. Қачон ойнинг охирги ўн куни келса, оила аъзоларини ва намозга кучи етадиган катта-ю кичикни уйғотардилар”, дейилган. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Уч кишининг дуоси рад этилмайди: отанинг (фарзанд ҳаққига) дуоси, рўзадорнинг ва мусофирнинг дуоси” (Имом Байҳақий ва Имом Зиё ал-Мақдисий ривоят қилган).
Дунёдаги барча мусулмонлар Рамазон ойини соғиниб, катта тайёргарликлар билан кутиб олишади. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зотнинг саҳобалари, тобеинлар ва солиҳ инсонлар Рамазон ойига катта эътибор беришган, бу ой келганида ниҳоятда хурсанд бўлишган. Бу ойда ҳар қачонгидан сахийлик ва олийҳимматлилик кўрсатиб, фақир ва мискин одамларга садақа, эҳсон, таом улашишган, рўзадорларга ифторликлар уюштиришда ўзаро мусобақалашишган. Тожирлар бу ойда молларининг, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархини ҳар қачонгидан пасайтиришган. 
Ҳурматли юртдошлар, мана шундай шукуҳли кунларда, муборак Рамазон ойини тинчлик-ҳотиржамликда, эсон-омонликда ўтказиш катта неъмат эканини унутмаслигимиз лозим. Энг муҳими давлатимиз, Юртбошимиз мўмин-мусулмонларнинг бу қутлуғ ой давомида эмин эркин ибодат қилишлари учун барча шароитларни яратмоқдалар. Ушбу неъматлар учун албатта Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиб қоламиз. 
Аллоҳ таоло Рамазон ойини барчамизга муборак айлаб, ушбу ойдан унумли фойдаланиб қолиш бахтини барчамизга насиб қилсин!
 

Шуҳрат Муродов,
Миришкор туман бош имом хатиби.