1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУҲТОЖЛАРГА ЁРДАМ БЕРИШ УЛУҒ ФАЗИЛАТ (1-қисм)

5-04-2024, 17:36 265 Ўқиш режими + -
Маълумки, Рамазон меҳр-мурувват ва саховат ойи саналади. Зеро, Муқаддас Ислом динимизда ўзаро меҳрибонлик, сахийлик, қийналган кимсага ёрдам бериш ва ҳожатбарорлик каби хислатларга кенг тарғиб
қилинади. Дарҳақиқат, комил инсон нафақат ўзи ҳақида ўйлайди, балки
ўзгалар дарди билан ҳам ҳамнафас бўлиб яшайди. Чунки, Аллоҳ таоло чин мўмин-мусулмонларни Қуръони каримда шундай таърифлаган:
"Мўминлар ва мўминалар бир-ирларига дўстдирлар: (одамларни)
яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар..." (Тавба, 71-оят).
Демак, биз жамиятда яшар эканмиз, кундалик ҳаётимизда қўни-қўшни,
дўсту ёрлар ва турли инсонлар билан мулоқотда бўламиз. Уларнинг орасида бошига мусибат тушган, қарзга ботган, оғир дардга учраган ва бошқа қийинчиликларга дуч келганлари бўлади. Бундай ҳолатда инсонларни дардини эшитиш ва имкон даражасида кўмак бериш мўминлик вазифасидир. Чунки Аллоҳ таоло берган барча нарсалар бизларга омонат бўлганидек, молу давлатимиз ҳам омонатдир. Аллоҳ берган бу молу давлатни Ўзи буюрган ва рози бўладиганжойларга сарфлашимиз айни муддаодир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг
жуда кўп оятларида хайр-эҳсоннинг савоби кўплиги ва фазилати улканлиги ҳақида марҳамат қилади. Жумладан, Оли Имрон сурасида шундай дейди: "Суйган нарсаларингиздан эҳсон
қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга)
эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир" (Оли Имрон сураси, 92-оят). Инфоқ-эҳсон қилишнинг савоби борасида ҳадиси шарифларда ҳам жуда кўп маълумотлар бор. Хайр-эҳсоннинг фойдаси нафақат бу дунёда балки, қабр ва қиёматда ҳам бўлиши ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам
шундай деганлар: "Албатта садақа ўз эгасини қабр иссиқлигидан сақлайди. Садақа қилувчи мўмин Қиёмат куни ўз
садақаси соясида туради" (Имом Табароний ривоятлари).
Садақа ва эҳсоннинг барча кўринишлари, хоҳ у фарз бўлсин хоҳ нафл
бўлсин, барчаси гуноҳларнинг ўчирилишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
",,,Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради" (Имом
Термизий ривоятлари).
Уламоларимиз хайр-эҳсон инсоннинг имони борлигини тасдиқловчи амал дейишган. Чунки хайр-эҳсон қилувчи киши ўзига бегона бўлган ва ҳеч ҳам ундан манфаат умид қилмайдиган одамга имкониятидан келиб чиқиб бир нарсани беради. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: "Садақа (кишининг имони борлигига) ҳужжат ва далилдир" (Имом Термизий ривоятлари).
Демак, хайри эҳсон қилиш орқали киши яна бир бор имонини мустаҳкамлигини тасдиқловчи ҳужжатни қўлга киритган бўлади.

(Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази
 жумъа мавъизасидан олинди)