Риёкорлик нима?
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати” да: “ Риёкор 1. Мунофиқлик билан шуғулланиш. Мунофиқона ҳатти-ҳаракат, икки юзламачилик. 2. Савобли, эзгу ишларни, хусусан хайр-эҳсонни одамлар кўриб мақтасин, деб ман-манлик билан амалга ошириш” деб изоҳланади.
Мунофиқлик, икки юзламачилик барча жойда қораланадиган сифатлардан. Одамларга тилида дўстман деб, кўнглида эса уларга нисбатан адоват сақлайдиган кишилар мунофиқ, иккиюзламачи кишидир. Бундай кишиларнинг тиллари билан ишлари мувофиқ келмайди. Ҳадисда: “ Иккиюзламачи. мунофиқ бўлган бўлган киши Аллоҳнинг ҳузурида ҳеч бир мавқеъга эга бўлмайди” дейилади.
Риёкорликнинг ёмони айрим кишиларнинг савобли ишларни риё, “ хўжа кўрсин” учун қилишликларидир. “ Қуръони-карим”да : “ Яна молларини хўжакўрсинга эҳсон қиладиган, ўзлари Аллоҳга ҳам, охират кунига ҳам ишонмайдиган кимсаларни ҳам (Аллоҳ севмайди)” дейилади. ( Нисо сураси, 38-оят).
Инсонлар қалбига шайтон кирадиган эшиклардан бири риёдир. Инсонлар ўз ишларини доимо назорат қилиб туришлари лозим. Риёкорлик инсон қалбини ҳақ билан ҳам, халқ билан алоқасини бузади. Пайғамбар (с.а.в.) риёкорлик ҳақида: “ Сизлар учун жуда қўрқадиганим кичик ширкдир” дедилар. Одамлар: “ Кичик ширк нима?” деб сўрашди. Шунда пайғамбар (с.а.в.): “ Риё” деб жавоб бердилар.
Риёкорликнинг турлари кўп. Баъзи кишилар ишлари, баъзилар илмлари, баъзилар эса ибодатлари билан қилишади. Абу Ҳурайра ( р.а.)дан ривоят қилинади Пайғамбар ( с.а.в.): “ Қиёмат куни ҳукм қилинадиган инсонларнинг аввали шаҳид киши бўлиб, унга берилган неъмат кўрсатилади. У уни тан олади. Ундан: “ Дунёда нима қилгансан?” деб сўралади. У: “ Сенинг йўлингда шаҳид бўлдим дейди” –дейди. Унга: “ Ёлғон гапирдинг. Сен одамлар “ журъатли инсон экан” дейишлари учун шаҳид бўлдинг дейилади. Унинг юзидан ушлаб олиб келинади ва дўзахга улоқтирилади. Илм ўрганиб, илм ўргатган ва Қуръон тиловат қилган кишига берилган неъмат кўрсатилади. У уни тан олади. Ундан: “ Дунёда нима қилгансан?”-деб сўралади. У “ Илм ўрганман, ўргатганман ва йўлингда Қуръон тиловат қилганман” дейди. Унга: “ Ёлғон гапирдинг. Сен: “ У олим инсон экан” дейишлари учун илм олгансан ва (Қуръонни) ҳам “ У қори экан” дейишлари учун ўқигансан дейилади. Сўнг унинг юзидан тутиб олиб келинади ва дўзахга улоқтирилади. Аллоҳ таоло бойлик ато қилинган киши олиб келинади. Унга неъмат кўрсатилади. У тан олади. Ундан: “ У ерда нима қилгансан?” деб сўралади. У “ Мен дунёда Сенинг йўлингда мол-давлат инфоқ қилишдан тўхтаб қолмадим” дейди. Унга: “ Ёлғон гапирдинг. Сен: “ У саховатли инсон экан” деб айтишлари учун инфоқ қилгансан дейилади. Сўнг унинг ҳам юзидан тутиб олиб келинади ва дўзахга улоқтирилади” дедилар.
Кишиларнинг ибодат ва яхшиликлар, савоб ишлар ва инфоқ-эҳсонларни одамларга ошкор этиб, бунинг эвазига эҳтиром, мақтов, мол-дунё ёки мартаба кутишлари риёкорликдир. Риё одамларнинг сўзлашида, кийинишида, мол-дунёларининг кўплигини баён беришида, бошқа инсонларни назар-писанд қилмай муносабатда бўлишларида ҳам кўринади.
Баъзи кишилар “ одамлар билсин” деб ортиқча дабдаба, ким ўзарга тўй қилишади. “ Номим чиқсин”, “ хўжа кўрсин” га қилинадиган, молу-дунё беҳудага сарф бўладиган тўйлар ҳеч кимга ҳам маъқул эмас. Бундай тўйлар риё учун бўлаётган бўлади. Аслида тўйлар риёдан холи бўлиб, миллий анъаналаримизга мувофиқ бўлиши лозим.
Баъзи кишилар “ одамлар билсин деб” янги қурилган уйнинг томида мол сўядилар. Сўядиган молни ерга ҳам сўйса бўлади-ку, молнинг қонини билан янги қурилган уйнинг деворини қонга бўяш шартми? Аслида, инсон бирор жойига қон тегишидан ўзини ва ҳовлисини эҳтиётлаши лозим. Агар бирор жойга қон тегса, ўша жой ювиб ташланиши лозим. Чунки қон нопоклик ҳисобланади. Янги уйнинг одамлар кўрадиган томонига қон оқизиб, уни “одамлар кўрсин деб” ошкор қилишлик риёкорликдан бошқа нарса эмас.
Луқмони Ҳаким ўз ўғилларига насиҳат қилиб: “ Эй ўғлим, риёкорликдан ўзингни сақла, риё барча савоб ишларни ботил қилади. Яна шуни ҳам билки, мақтов эшитишни исташ ва айбловдан қўрқиш инсонни риёга ундайди” деган эканлар.
Инсон бирор савоб ишни қиламан деб ният қилса, шайтон биринчи бўлиб уни бу ишдан қайтаришга ҳаракат қилади. Агар шайтон инсонни савобли ишдан қайтара олмаса, уни риёга ундайди. Агар инсон савобли ишини риё билан қилса, шайтон ўз мақсадига эришади. Имом Ғаззолий: “ Риёкорликдан қутулишдан истовчилар тўрт тоифага бўлинади: Биринчи: шайтонни ёлғончига чиқариш билан қаноатланмай, унга қарши курашади ва натижада кураш чўзилиб кетади. Бу нуқсондир. Иккинчи: шайтон билан курашиш бефойда деб билиб, уни “ёлғончи” дейиш билан қаноатланади ва унга қарши курашмайди. Учинчи: шайтонни ёлғончи қилишга ҳаракат қилмайди. Тўртинчи: шайтоннинг инсонга ҳасад қилаётганини тушунади ва савоб ишларига риё аралашмаслигига ҳаракат қилади” дейди.
Ҳар қандай ишни эзгу ният билан қилиш ва унга бошқа ғаразли нарсаларни аралаштирмаслик керак. Бирор ишни ишни риёкорлик ёки таъма учун қилиш ўша қилинаётган ишнинг қиймати пастга урилади. Ўша ишдаги ихлос ва савоб йўқолади. Риёкорлик билан қилинадиган ишлар одамлар орасида холислик, самимийлик, олийҳиматлилик каби яхши хулқларга зарар етказади. Риёкорликнинг турли хил кўринишларидан сақланиб, ишларни сидқи-дилдан бажариш жамият кишилар орасида бирдамлик, меҳр-оқибат, олийжаноблик каби юксак инсоний туйғуларни мустаҳкамлайди.
Р. Акбаров