1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ҳайит муборак бўлсин!

6-04-2024, 11:31 268 Ўқиш режими + -
 Башарият тарихидан маълумки, байрамлар хурсандчилик, сурур-шодлик билан ҳаёт маъракасида қўлга киритилган ғалаба шодиёнаси каби нишонланади.  
         Бу йилги Рамазон ойи Юртимиз мусулмонлари учун ўзгача бир тароватда ўтди. Ватанимиз тинч, осуда, халқимиз ибодатларни бемалол адо этдилар.
         Халқимиз қадимдан, Ислом дини билан мушарраф бўлган кундан бошлаб “Ҳайит” кунини тантанали равишда байрам қилиб нишонлаб келган.  Ийд намозини ўқиш учун бутун шаҳар аҳли бир намозгоҳга йиғилган. Намоздан сўнг бева-бечоралар ҳолидан хабар олиш, фақиру камбағалларга моддий ёрдам кўрсатиш, болаларга ҳайитллик совғалари улашиш халқимиз ичида анъанага айланган. 
          
Ҳайит – Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига зиёфат куни, Қуръони каримда бундай марҳамат этилади:  “Албатта, мана шу (жаннат неъматлари) улкан ютуқнинг ўзидир. Бас, айнан мана шундай ютуқ учун амал қилувчилар амал қилсинлар!” (Соффот сураси, 60-61-оятлар).
Рамазон рўзасидан олган тарбиямизнинг яна бир жиҳати шу бўлдики, бу ой бизларга бир-биримиз билан янада аҳил, тотув бўлиб яшашни, бағрикенг бўлишни, фақат ўзимиз учун эмас, ўзгалар учун ҳам камарбаста, фидойи бўлишни ўргатди.  Чунки   юртимизда  тинчлик ва осойишталик бардавом бўлишида, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги  юксалишида бу инсоний фазилатларнинг ўрни беқиёсдир. 
Рамазон ойини қандай ихлос, ғайрат ва сабр билан ўтказган бўлсак,   ҳайит байрамини ҳам ўшандай файзли қилиб  ўтказишимиз  керак бўлади. Ҳайитдан мақсад, кўнгилларга хушнудлик, нафсларга севинч, жисмга роҳат бағишлаш, дўстлар, яқинлар ўртасида муҳаббат, қариндошлар, қардошлар орасида меҳр ришталарини янгилаш, кишиларни бир-бирларига  ёрдам ва саховат кўрсатишга чорлашдир. 
Ҳайит мусулмонларнинг азиз байрами бўлгани учун бу айём шоду хуррамлик, хурсандчилик қилинадиган, кексалар, ота-она, қариндошлар зиёрат этиладиган, беморлар ҳолидан хабар олинадиган, кўплаб хайр-эҳсон улашиладиган кундир.
         Ҳайит кунлари оила ичида ҳам байрам кайфиятини тиклаш керак. Уйга қилинадиган харажатларни одатдагидан яхшироқ қилиш даркор. Иложи бўлса, уларга совға ва махсус ҳадялар улашилса, янада яхши бўлади.       Ҳайит кунларида беморларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳам ҳайитни нишонлашларига кўмаклашиш айни савоб иш бўлади. 
         Ҳайит кунлари силаи раҳм қилиш, қариндош-уруғ, қуда-андаларни зиёрат қилиш ҳар қачонгидан ҳам кўра таъкидланган бўлиб, савоби кўпроқ бўлади. 
         Узоқлашиб кетган қариндошлар билан, айрим аразлашган дўст-яқинлар билан ҳайит баҳонасида алоқаларни тиклаш, ярашиб олиш лозим. Зеро, силаи раҳмни узган ёки инсонларга гина қилган кишиларга фазилатли кунларнинг яхшилиги етмаслиги ҳақида ривоятлар бор. Шу боис, бунга жиддий қараш керак.. 
         Болаларга муносиб ҳадя ва совғалар улашилса, айни мақсадга мувофиқ бўлади. Фарзандларимиз йил давомида ҳайитни эслаб юрсин, уни орзиқиб кутсин, унинг буюклигини ҳис қила билсин, ана шунда яхши бўлади. Бу каби ишлар фарзандларимиз онгида миллий-диний қадрятларимизга нисбатан эҳтиром туйғусининг шаклланишига, уларнинг Ватан ва миллатга ҳақиқий садоқатли инсонлар бўлиб тарбия топишида муҳим аҳамият касб этади.
         Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу ҳайит куни бирга кетишаётган эди. Мадина кўчаларида ўйнаб юрган болалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳайитлик сўрашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
– Эй Умар, мени бу болалардан сотиб олмайсизми? – дедилар.
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу югуриб кетдилар ва болаларга гўшт, бир оз хурмо ва мевалар келтириб бердилар. Мамнун бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларига табассум ёйилди. ("Тарихул Анбиё"). 
Таниш-билиш, ёру дўст ва ҳар бир кўринган мусулмон кишини ҳайит билан табриклаб, уларга хурсандчилик ва шодлик изҳор қилиш керак. 
         Ҳайит арафасида кўни-қўшниларга меҳр-мурувват кўрсатиш билан бирга моддий ёрдамга муҳтож кишилар, яъни кам таъминланган оилаларга хайр-эҳсон қилинса, уларнинг хонадонларига ҳам байрам шукуҳи кириб келган бўлади.
         Ҳайит кунлари дуолар қабул қилинадиган кундир. Бу кунда баъзи жойларда одамлар урф қилиб, тўп-тўп бўлиб қабристонга, азадор хонадонларга бориши, йиғисиғи қилиши, шаръан дуруст эмасдир. Бундай ношаръий амаллардан қайтайлик, ўзимизни ортиқча бидъат амаллардан сақлайлик. Бунинг ўрнига Аллоҳнинг тинчлик, хотиржамлик каби неъматларига шукр қилиб, эрта тонгдан ҳайит намозини адо этиб, кўпчилик билан қўлларимизни дуога очсак, қалбимиздаги истакларимизни Яратгандан сўрасак, иншааллоҳ, бунинг савоби ўзимизга ҳам, биздан умидвор бўлиб ётганларга ҳам етиб боради. 
         Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ҳайитини муборак қилсин. Кейинги йил Ҳайит байрамларига ҳам соғлик – саломатлик, хурсандчиликда етишлигимизни Яратган барчаларимизга насиб этсин!  Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин! 
 
Муҳаммади Қораев,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили ўринбосари