Бу йил Рамазони ойи ўзгача файз ва ўзгача тароват билан кириб келди. Рамазон ойининг кириб келишида муҳтарам Президентимизнинг “Рамазон ойини муносиб кутиб олиш тўғрисидаги” қарорлари халқимизнинг хурсандчилиги устига яна хурсандчилик қўшди.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорларида: “Мурувват, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни улуғловчи ушбу фазилатли ойда кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, қабристонларни ободонлаштиришга қаратилган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор берилсин” дейилади.
Маълумки, халқимиз ҳар доим Рамазон ойини доим катта хурсандчилик билан кутиб олади. Улар томонидан бу ойда кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат хайру-мурувват кўрсатиш, инсонларга ёрдам кўрсатиш каби савобли амалларни ихлос билан адо этилади.
Дарҳақиқат, Президентимиз томонидан ҳозирги пайтда юртимизда кечаётган янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнларида аҳолининг барча қатлами амалда ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Хусусан, кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор шахслар, етим болаларга ёрдам кўрсатиш, уларни ўқитиш, касб-ҳунарга ўргатиш, ишга жойлаштириш борасида ҳам аниқ ва манзилли чоралар кўрилаяпти. Айни муборак Рамазон ойида бундай эзгу амаллар ҳажми янада кенгаймоқда. Бу ойда кексалар, беморлар, ота-она меҳридан бебаҳра қолганлар ҳолидан хабар олиш
борасидаги ишлар қамрови янада ортди. Айниқса, Давлатимиз раҳбари ташаббуслари ва иштироклари билан мамкатимизда меҳнат фахрийлари, нуронийлар, кам таъминланган оила аъзолари иштирокида ифторлик уюштирилди. Ифторлик вақти дуолар ижобат бўладиган фурсатдир. Ана шу фурсатларда ифторликдан баҳраманд хайрли дуоларда бардавом бўлдилар. Улар бу хайру саховатга бош-қош бўлганлар ҳаққига хайрли дуолар қилдилар. Бу ишлар Президентимиз томонидан мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий ҳимоя сиёсатига ғоятда мос келади.
Рамазони шариф-хайру-эҳсон, мурувват ойидир. Шуни назарда тутган ҳолда бу йилги Рамазони шарифда Қашқадарё вилоятидаги масжид имом-хатиблари ҳомийларни жалб этган ҳолда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга, мурувват уйига, меҳнат фахрийларига моддий ёрдамлар кўрсатдилар.Улар аҳолининг кам таъминланган қатлами, хусусан, ногиронлиги бор шахслар уйларида ифторлик дастурхони ёзиб, уларнинг кўнгилларини кўтаришга ҳаракат қилишди. Ҳадиси-муборакда: “Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади. Бу билан рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас”, дейилади. Бу ифторликлар ва билан зарур озиқ-овқат маҳсулотларини муҳтож оилаларга улашиш билан кўплаб хонадонларга қувончу-шодлик олиб кирилди. Бу эса катта ажр-савобларга сабаб бўлди. Ва яна ҳадисда: “У (Рамазон) ойида ким бирор-бир нафл амал қилса, бошқа ойда фарз амални адо қилган билан тенг бўлади. Кимда-ким бу ойда бирорта фарз амални адо этса, бошқа ойда етмишта фарз амални адо қилган билан тенг бўлади”, дейилади.
Муҳтож кишиларга ёрдам бериш катта савоб ишлардандир. Бу ҳақда
ҳадисда: “Бир биродаримнинг ҳожатини (раво қилиб) юришим мен учун мана бу масжидда (Масжиди Набавийда) бир ой эътикоф ўтиришдан яхшироқдир. Ким биродарининг ҳожатини раво қилиб бергунигача у билан бирга юрса, Аллоҳ уни қадамлар тойиладиган кунда қадамини собит қилади” (Имом Табароний ривояти).
Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан бошланган “Яшил макон” умум миллий лойиҳаси асосида вилоятимиздаги диний ходимлар фаол иштирок этишди. Улар томонидан вилоятимиздаги масжид. қабристон, зиёратгоҳ. қадамжойлар ҳудудида 15 мингдан ортиқ мевали, манзарали дарахтлар ва гул кўчатлари экилди.
Диний соҳада бўлаётган ислоҳотлар натижаси ўлароқ Рамазон ойида вилоятимиздан уч юзга яқин фуқаролар Умра зиёратига боришди. Улар Умра зиёратини амалга оширар эканлар бу муборак кунларда Ватанимиз, халқимиз ҳақига хайрли дуолар қилишди.
Рамазон ойида вилоятимизнинг барча масжидларда таровеҳ намозлари ўқилди. Таровеҳ намозларида хатму-қуръонлар қилинди. Бугунги кунда тинч-осуда мамлакатда яшаётганимизга шукр қилиб, Қуръон каримни ўқиш ва таровеҳ намозларида тинглаш инсонга ҳузур бағишлайди. Муборак ҳадисларда: “Аллоҳнинг китобидан бир оят тинглаган кишига кўплаб савоблар ёзилади, Аллоҳнинг китобидан бир оят тиловат қилган кишига қиёмат кунида нур бўлади” дейилади. Бу йилги Рамазон ойида хатму-қуръонларнинг юртимиздаги масжидларда бир кунда бошланиб, бир кунда тугади. Чунки мамлакатимиз мўъмин-мусулмонлари диёримизнинг қайси бурчагида бўлишмасин ўттиз пора Қуръони Каримни тўлиқ хатм қилиш бахтига муяссар бўлдилар. Шунингдек, хатму-қуръонларнинг Рамазоннинг муборак кечаларида бўлиши, дуолар ижобат бўладиган фурсатларда бутун юртимиз миқёсида мўъмин-мусулмонлар масжидларда йиғилиб дуойи хайрлар қилишлари бу юртимиз тинчлиги, халқимиз фаравонлиги, фарзандларимиз камоли, бир сўз билан айтганда нимаки яхши тилаклар бўлса уларнинг ижобатига боис бўлиши, шубҳасиз.
Маълумки, “Рамазон ҳайити” Рамазон ойида бир ой рўза тутиб, Аллоҳнинг фарзини бўйиндан соқит қилинганлиги туфайли қилинадиган байрам, тантанадир. Рамазон ҳайити яқинлашиб келаётган кунларда яшаб турган маҳалла, ҳовли ва хонадонларни тоза –озода, саронжом –саришталигига эътибор бериш яхши хислатлардандир. Ҳайит байрами яқинлашиб келаётган кунларда тоза ва чиройли либослар кийиб, хушбўйланиш ҳам фазилатли ишлардан ҳисобланади. Халқимизда янги унаштирилган қизларга йигитлар томонидан ҳайитликлар олиб борилади. Эрта ҳайит деган оқшомларда аёл ва қизларимиз қўлларига хина, кўзларига сурмалар қўядилар. Бу билан улар ўзларида ҳайит хурсандчиликларини намоён қиладилар.
Ҳайит куни тонгда тамадди қилиш, тишларни ювиш, ювиниш (ғусл), тоза-озода либосларни кийиш, хушбўйланиш, фитр-садақалар бериш фазилатли амаллардан ҳисобланади.
Ҳайит кунлари инсонларнинг бу муборак кун билан бир-бирларини қутлашлари, ота-она ва устозларни зиёрат қилиб, уларнинг дуолари олинади. Ҳайит кунлари узоқлашиб кетган қариндошларни йўқлаш, айрим хато ва камчиликлар туфайли бир-бирларидан гина-кудурад қилиб ажралиб юрган кишиларнинг ярашадилар. Чунки силаи раҳмни узган ёки гина-кудурад қилиб юрган кишиларга ҳайит кунларининг фазилати тотимайди.
Рамазон ҳайити кунлари муҳтожлар, касалманд кишилар ҳолидан хабар олиш, уларга инфоқ-эҳсонлар қилиш, болажонларга ҳайитлик улашиш халқимизнинг энг яхши одатларидандир.
Халқимиз ҳайит байрамларини ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, ҳиммат ва саховат каби анъаналаримизга содиқ тарзда ўтказиб келмоқда. Ҳайит кунлари қариндош –уруғ, ёру дўстлар билан дийдорлашсак, кекса ёшдагиларни зиёрат қилиб, дуоларини олсак, аҳилларимизга ҳайитликлар ушашиб, уларнинг кўнгилларини олсак, бу катта савоб ишлардандир.
Халқимиз орасида файзу-барокат, меҳру-муҳаббат, хайру-саховатни зиёда қиладиган ҳайит кунларининг шукуҳи қалбларимизни сира тарк этмасин, барчаларимизга Рамазон ҳайити муборак бўлсин!
Раҳматилло Усмонов,Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили