“Ҳазрати Султон Абулхайр” масжиди
“Ҳазрати Султон Абулхайр” масжиди Қарши тумани Бешкент шаҳрида жойлашган. Масжиднинг жанубий шарқида зиёратгоҳ ва зиёратгоҳ атрофида қабристон мавжуд. Бу зиёратгоҳ ва қабристон “Ҳазрати Султон Абулхайр Мазондороний” номи билан аталади. Ана шу зиёратгоҳнинг номидан келиб чиқиб масжидга “Ҳазрати Султон Абулхайр”номи берилган.
“Ҳазрати Султон Абулхайр Мазондороний”зиёратгоҳидаги бино тарихий-меъморий обида ҳисобланади. Бу тарихий-меъморий бино ўртасидаги хонақоҳ тўртбурчак шаклида бўлиб, ҳар бир томони 6 метр, 30 сантиметрдан иборат. Унинг усти гумбаз қилиб ёпилган. Хонақоҳнинг ўнг ва чап томонларида ҳужрачалар бор. Ён ҳужраларнинг бирида қабр мавжуд. Ана шу қабр “Ҳазрати Султон Абулхайр Мазондороний”га тегишли деб тахмин қилинади. ХI-ХII асрларда ёзилган Ас-Самъонийнинг “Насабнома(Ал-Ансоб)” асарида Бешкент (Фийжакас) шаҳри ҳақида қуйидаги маълумот берилади: “Фийжакасий (Бешкентнинг қадимий номи) – Насаф қишлоқларидан, Қози Абу Наср Аҳмад ибн Тоҳир ал-Фижакасий ан-Насафий Самарқандда боболари Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исо ал-Фижакасийдан ҳадис илмидан таълим олганлар, ўзларидан эса Абу ҲафсУмар ибн Муҳаммад ан-Насафий ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 522 (милодий 1129) йилнинг Рабиъулав-вал ойида вафот этганлар. Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Фижакасий ан-Насафий ҳам шу қишлоқдан. Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ан-Насафий шу кишидан ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 452 (милодий 1061) йилнинг Сафар ойида таваллуд топганлар. Қози Абул Музаффар Маҳмуд ибн Абдураҳим ал-Фижакасий ан-Насафий ҳам шу қишлоққа мансуб бўлиб, Самарқандда оталаридан ҳадис илмидан таълим олганлар. Ўзларидан эса Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ан-Насафий таълим олганлар. Ҳижрий 523 (милодий 1130) йилнинг Зулқаъда ойида Фижакасий (Бешкент) қишлоғида шаҳид бўлганлар[1] ”дейилади.
“Ҳазрати Султон Абулхайр” масжидининг ҳозирги биноси 1993 йилда қурилган. Унинг тарҳи тўртбурчак шаклида бўлиб, 8Х8 метрни ташкил қилади. Масжиднинг атрофи айвон қилинган. Масжиднинг ёнида мезона жойлашган.
2013 йилда масжидда янги таҳоратхона қурилди. Ҳозирги пайтда таҳоратхонада таҳорат олиш учун барча шароитлар мавжуд.
1998 йилда “Ҳазрати Султон Абулхайр” масжиди Ўзбекистон республикаси Адлия вазирлиги томонидан қайта рўйхатга олинди.
“Ҳазрати Султон Абулхайр” масжиди халқимизнинг диний эҳтиёжларини қондириш йўлида хизмат қилиб келмоқда.
Р. Акбаров
[1] Ас-Самъоний А. “Насабнома” (Ал-ансоб). Бухоро. Бухоро нашриёти. 2003. 243-бет.