1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

НИКОҲ – МУҚАДДАС РИШТА (ЁШ ОИЛАЛАРДА АЖРИМ МАСАЛАСИ)

27-04-2024, 09:19 376 Ўқиш режими + -
Оила ҳар бир жамиятнинг бошланғич бўғини ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, у оқибатда чуқур таназзулга юз тутади. Бахтли оилалар туфайли бахтли жамият вужудга келади. Чунки, ўзаро меҳрли бўлган ота-оналарнинг фарзандлари ҳам бир-бирларига меҳрибон бўладилар. Бу хусусда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:
Муғийра бин Шўъба розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен бир аёлга совчи қўйдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Уни кўрдингми?” – дедилар. Мен: Йўқ, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни кўргин, кўриб (билиб) турмуш қуришлик ўртангизда улфат ва муҳаббат пайдо бўлишига сабаб бўлади”, дедилар”. (Имом Термизий ривояти). 
Оилада юксак маънавий муҳитни ташкил этиш жуда муҳим. Бунда оила аъзоларининг, айниқса, эр ва хотиннинг ўзаро муроса-мадорага бориши, ғазаби келганда уни енгиши ва ширин сўзли бўлиши, шу билан бирга, оилавий сирларни кўчага олиб чиқмаслиги сингари бир қатор омиллар жуда катта аҳамият касб этади. 
Абу Дардо розияллоҳу анҳу аёлига шундай деган: “Ғазабим келганда мени рози қилишга урун, сенинг ғазабинг келганда мен сени рози қилишга уринай. Акс ҳолда бирга яшай олмаймиз”.
Муҳтарам биродарлар! Кейинги пайтларда оила мустаҳкамлиги, келин-куёвнинг бахтли, туғилажак зурриётларнинг соғлом бўлишини ўйлаб никоҳ олдидан келин-куёвни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳам жорий этилди. Авайлаб-ардоқлаб вояга етказган қизини не-не умидлар ва катта харажатлар билан турмушга узатган, қизлари туфайли куёвли бўлган, набираларни орзу қилган ота-она тўйдан кўп ўтмай куёвининг бедаво дардга йўлиққанини билса, қай аҳволга тушишини бир ўйлаб кўринг. Ёки олган келинингиз бедаво хасталикка чалинган бўлсаю, ота-онаси буни яшириб, узатиб юборишган бўлса-чи? Ана шундай кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олиш, оила ва фарзандлар иқболини ўйлаб, соғлом оила ва турмушни барпо этиш мақсадида жорий этилган бу тадбирнинг келин-куёвга ҳам, уларнинг яқинларига ҳам фақат фойдаси бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин мўминга фириб бериши, уни алдаши мумкин эмаслигини таъкидлаб шундай деганлар:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким алдаса, у мендан эмас”, дедилар”. (Имом Муслим ривояти). 
Бошқа бир ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг ходимлари Анас бин Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳеч бирингиз ўзига яхши кўрган нарсасини биродарига ҳам яхши кўрмагунича мўмини комил бўла олмайди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Оиланинг тинч, фарзандларнинг бахтли бўлишлигида эр-хотиннинг ҳар иккиси ҳам оиладаги ўз бурчларини астойдил адо этишга интилишлари муҳимдир. Эр ўз ўрнини йўқотган, хотин эса, эрнинг мавқесига даъвогарлик қилган оилаларда нафақат нотинчлик бўлади балки, эл-юрт, маҳалла кўй орасида ҳам бундай оиланинг ҳурмати бўлмайди. Оилани бошқариш масъулиятини Аллоҳ таоло Қуръони каримда эркакларнинг зиммасига юклаган. 
Яна бир муҳим масала, бу – қурилган оилани бус-бутун сақлаб қолиш, динимизда оила қуришга тарғиб этиш билан бирга, уни яхшилик билан тутишга буюрилган. Агар эр-хотин ўзаро келиша олмаган тақдирларида ислоҳ қилиш учун ҳар икки томондан ҳакамлар жалб этиш лозим бўлади. Қуръони каримда шундай дейилган:
“Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай. Албатта, Аллоҳ билимдон ва хабардор зотдир” (Нисо сураси, 35-оят). 
Зеро, эр-хотиннинг орасини ислоҳ қилиш энг савобли амал саналади.
Азиз юртдошлар! Минг афсуски, кейинги вақтларда ажримлар сони кўпайди. Бу эса ўз навбатида жамият тараққиётига путур етказмай қолмайди. Зотан бир оиланинг заволи бу жамият заволи демакдир. 
Бу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Давлатимиз раҳбари аёл-қизлар билан ўтган учрашув ва йиғилишларда бу масалага қайта-қайта тўхталдилар. Шундай учрашувларнинг бирида шундай дедилар: “Авваллари бирор оила ажрашса, маҳаллада дув-дув гап бўларди, бутун маҳалла оёққа турарди. Ажрим — бу катта фожиа. Албатта, барчамизнинг истагимиз, тилагимиз битта: қани энди, юртимизда ажрим деган нохуш ҳолатнинг ўзи бўлмаса… Оилалар пароканда, болалар тирик етим бўлиб, сарсон-саргардон бўлмаса… Мен бир фикрни қайта-қайта айтишдан чарчамайман. Оила — бу меҳр ва бахт қўрғони. Оила бор экан, фарзанд деган бебаҳо неъмат бор, инсоний қадр-қиммат ва маънавият бор”.
Шуҳрат Муродов, 
Миришкор туман бош имом хатиби.