ҲАШАР – ЭЛГА ЯРАШАР!
Юртимизда халқимиз маънавиятини юксалтиришда миллий урф-одатларимиз ва уларнинг замирида мужассам бўлган меҳр-оқибат, турли муаммоларни биргалашиб ҳал қилиш каби ибратли қадриятлар тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Бу борада маънавий ҳаётимизнинг узвий қисмига айланган ҳашар истиқлол даврида янгича маъно-мазмунга эга бўлиб, умуммиллий анъанага айланган.
Зеро, ҳашарлар пайтида маҳалла ҳудудлари, гузарлар, кўчалар, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳ ва қабристонларни тартибга келтириш, ёлғиз қариялар, ногиронлар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, жамият тафаккурининг янгиланишида муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, ҳашар минг йиллар мобайнида кишилар ўртасидаги бир-бирига ўзаро ёрдам, инсонпарварлик, олижаноблик, саховатпешалик каби эзгу туйғуларни ёшлар онгига сингдиришга хизмат қилади.
Халқимиз орасида миллий қадриятларимизга хос бўлган ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни янада кучайтириш, маҳаллалар, аҳоли турар-жойларини ободонлаштириш мақсадида ўтказилаётган умумхалқ ҳашари юртимизни янада файзли бўлишида ўзига хос вазифани ўтайди.
Шу муносабат билан умумхалқ хайрия ҳашари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, Қашқадарё вилоятининг қишлоғу маҳаллаларида ҳам уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоят вакиллиги, шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари томонидан 2020 йил 14 март куни вилоятдаги 182 та жоме масжидларда, 182 та масжид имом-хатибларига бириктирилган 182 та қабристонларда, 18 та зиёратгоҳларда ҳамда Китоб тумани “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юртида умумхалқ хайрия ҳашари намунали ўтказилмоқда.
Умумхалқ хайрия ҳашари барча ташкилотлар, муассасалар, корхоналар, шунингдек, фуқаролар йиғинлари ҳудудида жойлардаги имом-хатиблар ва намозхонлар орқали уюшқоқлик билан ташкил этилиб, вилоятимизнинг кўплаб ватанпарвар, меҳнатсевар ва серғайрат инсонлари ушбу ҳашарда ўз ҳиссаларини қўшиб, яна бир бор ўз инсоний бурчларини адо этишмоқда. Зеро, бу ҳам инсоний фазилатнинг ёрқин намоёндасидир.
Кун мобайнида эл-юрт юмушига бел боғлаган ҳашарчиларнинг ғайрат-шижоати билан вилоятнинг жуда катта ҳудудида ободонлаштириш ишлари, ариқ-зовурлар тозаланиши, 18 та зиёратгоҳ, 182 та қабристон ва 182 та масжидда ободончилик, тозалик ва озодалик ишлари давом этмоқда.
Ҳашар инсонларга меҳр-оқибат, одамийликдан сабоқ берувчи бебаҳо тарбиявий аҳамиятга эга тадбирдир. У ўзаро меҳр-оқибат ришталарини, боғлайди. Анъанага кўра, бу галги хайрия ҳашарида ҳам кекса ва ногиронлар, ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга меҳр-мурувват ёрдамлари кўрсатилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги матбуот хизмати