Аллоҳ таоло бандаларига берган неъматларини санасангиз саноғига ета олмаймиз. Тоза ҳаводан нафас олишимиз, зилол сувлардан баҳраманд бўлишимиз, кўзимиздаги нур ва ҳур ватанда тинч осуда ҳаёт кечирмоқлигимиз айни саодатдир.
Бу неъматларнинг ичида энг улуғ неъмати тинчлик хотиржамлик неъматидир. Ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғояси ва муҳим шиорига айлантиргани ҳам бежиз эмас, албатта.
Тараққиётнинг ҳозирги босқичида жаҳонда ғоят мураккаб ва таҳликали жараён кечмоқда. Булар дунёнинг сиёсий, мафкуравий манзарасидаги ўзгаришлар, тараққиётнинг янги босқичга кўтарлиши, бу тараққиётга ғов бўладиган, демократик ривожланишни издан чиқарадиган, жамият барқарорлигига раҳна соладиган ғоявий-мафкуравий тўсиқларнинг пайдо бўлиши билан изоҳланади.
Мафкуравий таҳдид ўз моҳиятидан келиб чиқиб, энг аввало, инсон онгига, тафаккури ва хулқ-атворига хавф-хатар солмоқда. Инсон онги ва қалбини вайронкор ҳамда бузғунчи ғоялар билан издан чиқаришга ҳаракат қилиш мафкуравий таҳдиднинг энг асосий мазмун-моҳиятини белгилайди. Мафкуравий таҳдид муайян жамият аъзоларини ягона мақсад ва муддаолардан чалғитиб, миллий менталитетга мос келмайдиган бегона ғоялар, фикрлар, мақсадлар ва қарашларни четдан туриб экспорт қилиш жараёнида ўзини янада аниқроқ намоён қилади.
Инсониятнинг онгли ҳаёти бошланган кундан ер юзида курашлар даври бошланди. Шундай асрлар келдики, бутун бошли миллатлар ер юзидан супуриб ҳам ташланди. Айримлари миллат сифатидаги қиёфасини йўқотиб қўйди. Баъзилари таланди, ўлдирилди, қул қилинди. Аммо кураш шу билан тўхтаб қолгани йўқ. У шаклан бўлмаса-да, моҳиятан давом этмоқда. Эндиликда бу курашнинг усуллари ўзгарди. Ғанимлар билвосита инсонлар қалбига, онгига ҳужумга ўтдилар. Ҳозирда турли мафкура ва маданиятлар ўртасида кураш авжига чиқди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак сўзларида “Мусулмон, унинг қўли ва тилидан бошқа бировларга азият ва озор етмайдиган кишидир” деганлар. Қуръони каримда уруш чиқариш йўлидаги фитнани қотилликдан ҳам ёмон жиноят ҳисобланган. Динларнинг бирортасида зулм, қотиллик, одам ўлдириш ёқланмаган, аксинча меҳр-оқибатли, сулҳпарвар, инсонпарвар, раҳм-шафқатли бўлишга чорланган.
Халқларнинг, элат ва қабилаларнинг ҳар хиллиги урушиш, жанжаллашиш учун эмас, балки бир-бирлари билан топишиб-танишишлари, бир заминда аҳил-иноқ яшашлари учундир. Бинобарин, бир ота ва бир онадан тарқалган инсониятнинг бир-бири билан Аллоҳ таъқиқлаган ишлар туфайли урушиб-талашиб юриши Ислом динига зиддир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам кўплаб ҳадисларида бу ғояни илгари сурганлар. Жумладан, “Бир-бирингизнинг қонингиз ва обрўйингизни тўкишингиз, мол-мулкингизга тажовуз қилишингиз барчаларингизга ҳаромдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бугун, ХХI аср глобаллашув жараёнида ёшларимиз радио-телевидение, матбуот, интернет каби воситалар орқали ҳар хил ахборот ва маълумотларни олмоқда. Баъзи бир ақидапарастлар ўз ғаразли мақсадлари йўлида мафкуравий таъсир ўтказишга уриниб, қабиҳ ишларини амалга оширмоқда. Маълумки, ҳар қандай касалликнинг олдини олиш учун, аввало, киши организмида унга қарши иммунитет ҳосил қилинади.
Демак, биз ёшлар бундай вазиятда мустақил фикрлайдиган, маънавиятли, миллий қадриятларга содиқ, дунёқараши кенг, иродаси мустаҳкам, сабр – бардошли, ошкора ва пинҳона кўринишдаги маънавий таҳдидларга доим тайёр турадиган, замон билан баробар қадам ташлайдиган инсон бўлишимиз лозим.
Абдуллаев Намоз,
Косон туманидаги “Катта масжид” жоме масжиди имом-хатиби