Илмни холис Аллоҳ учун ўрганайлик
10494
16-05-2024, 11:02
256
Ўқиш режими
+
-
Албатта, илм олиш ҳар бир мусулмонга фарз. Ҳар бир инсон илмни “Бешикдан то лаҳад”гача талаб қилиши лозим. Аммо ҳар бир инсон илмни фақат холис Аллоҳ таоло учун ўрганиши шарт. Агар инсон илмни холис Аллоҳ таоло учун ўрганар экан. у икки дунё саодатини қўлга киритади. Аллоҳ учун илм олиб. унга амал қилган киши дўзахдан нажот топади ва жаннатдаги юқори мартабаларга эришади.
Аллоҳ таоло учун эмас балки дунёда бир мартаба учун ёки жоҳиллар билан тортиши ёки одамларни ўзига қаратиш учун илм ўрганиш эса оқибатда бахтсизлик келтиради. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳиссалом “Ким илмни уламолар билан бирга юриш, жоҳиллар билан талашиб-тортишиш ёки одамларни ўзига қаратиш учун ўрганса Аллоҳ таоло уни дўзахга киргизади” (Имом Термизий ривояти) деганлар.
Ушбу ҳадисда “ким илмни уламолар билан бирга юриш учун ўрганса” дейилишидан мақсад, башарият манфаати учун, ёки ер юзини ободли учун ёҳуд ибодатни тўғри адо этиш учун эмас, балки одамлар уни олим десинлар учун, натижада олимлар қаторидан жой олиш учун ўрганган бўлса, дейилмоқда. Аллоҳ таоло учун илм ўрганган киши илмини жоҳиллар билан тортишишдан, одамлардан мақтов эшитишдан, дунёда мартаба. бойлик топиш учун ўрганишдан ўзини тийиши лозим экан.
Шу сабабли ниятларимизни тўғри қилиб, илмни холис Аллоҳ таоло учун ўрганиш барчамизга насиб қилсин!
Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими