ҚУРЬОННИНГ ЖАМЛАНИШИ
105
8-12-2019, 15:00
555
Ўқиш режими
+
-
ҚУРЬОННИНГ ЖАМЛАНИШИ
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида, яна ваҳий тушиб қолар, деган умидда Қурьон жамлаб китоб шаклига келтирилмаган. У кишининг вафотларидан кейин Қурьон кишиларнинг қалбида ва ёзган нарсаларида қолди.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг мусулмонларга Абу Бакр розияллоҳу анҳу бошлиқ этиб сайландилар. У кишининг даврида диндан қайтганлар билан мусулмонлар орасида қаттиқ жанглар бўлди. Шу жангларда Қурьонни тўлиқ ёд олган кўплаб қорилар шаҳид бўлдилар. Шунда ҳазрати Умар Абу Бакрга (Аллоҳ у зотлардан рози бўлсин) қорилар ўлиб кетаверса, Қурьонга зарар етиши мумкин, шунинг учун уни китоб шаклига келтириб жамлаб қўйиш керак, деган маслаҳатни берди.
Аввал бошда ҳазрат Абу Бакр иккиланиб турдилар, чунки бу иш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида қилинмаган эди. Кейинроқ эса Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам Қурьонни китоб шаклига келтириб қўйиш зарур эканлигини англаб етдилар ва Зайд ибн Собит исмли саҳобани чақириб, бу ишни амалга оширишни унга топширди. Чунки, Зайд ибн Собит Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жуда кўп бирга бўлган, Қурьонни энг яхши ёд олган ва уни Пайғамбар ҳузурида ёзган, Пайғамбаримиз вафот этадиган йиллари Жаброил фариштага Қурьонни аввалидан охиригача ўқиб ўтказганларида бирга бўлган эди.
Зайд ибн Собит, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу мо ва бошқалар Қурьони Каримни пухта ёд билишларига қарамай, бу улкан ишнинг мустаҳкам, ишончли бўлишига ҳаракат қилиб, масжидда: «Кимнинг қўлида ёзилган Қурьон бўлса ва уни Пайғамбаримиз ҳузурларида ёзилганига иккита гувоҳи бўлса, бизга олиб келсин, Қурьонни жам қилишга халифанинг буйруғи бўлди», деб эьлон қилдилар. Икковлари масжидда ўтириб, гувоҳларни текшириб, ниҳоятда аниқлик билан бир йилдан ортиқ вақтда Қурьонни жамлаб бердилар. Сўнг кўпчиликка кўрсатдилар, ҳамма рози бўлди. Агар бирор ҳарфи ўрнида бўлмаса, минглаб ёд биладиганлар қарши чиқарди.
Лекин асосий таянч ёдлаш бўлиб қолаверади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фариштадан ёдлаганлар, у кишидан саҳобалар, саҳобалардан эса улардан кейинги авлод ва ҳоказо, ҳозиргача етиб келган.
Шундай қилиб, Зайд ва Умар машаққатли уринишлардан кейин Қурьонни кийик терисидан ишланган саҳифаларга ёзиб бўлдилар ва уни белидан боғлаб, Абу Бакрнинг уйига қўйиб қўйдилар. У киши оламдан ўтгандан кейин саҳифалар ҳазрати Умарнинг уйларида, у кишидан сўнг эса қизлари ва Пайғамбаримизнинг хотинлари Хафса онамиз ҳузурларида қолди.
Вақт ўтиши билан Ислом давлатининг чегараси кенгайиб, кўплаб халқлар ҳам мусулмонликни қабул қилиб, мусулмонларнинг сони кўпайгандан сўнг Қурьонни ўқишда турлича келишмовчиликлар чиқа бошлади. Бу ҳолатни кўрган ўша вақтдаги халифа Усмон ҳазратлари Ҳафса онамиздан Абу Бакр давридаги саҳифаларни сўраб олиб, ундан олти нусха кўчиришга буйруқ бердилар.
Нусхалар тайёр бўлгандан сўнг муслумонлар яшайдиган диёрлардаги марказий шаҳарларга биттадан нусхага биттадан қори қўшиб жўнатдилар ва ҳаммага фақат шу нусхадан Қурьонни кўчириш ва шу қоридан қироат ўрганишга буйруқ бердилар. Бошқа мусҳафларини ёқиб юборишга фармон чиқди. Дунёда ҳеч бир уммат ҳеч бир китобга Ислом уммати Қурьони Каримга аҳамият берганидек аҳамият берган эмас.
Илк оятлар тушган вақтдан бошлабоқ, аввало, уларни Пайғамбаримиз ёдлар эдилар, сўнг мусулмонларга ўқиб берар эдилар, ёзишни билганларга ёздириб қўяр эдилар. Бошқа муқаддас китоблар каби Қурьон махсус бир тоифа кишилар қўлида турмади. Балки у барча омманинг кўз ўнгида ва қулоқ остида бўлдики, уни ҳамма доимо ўқир эди.
Намозда ҳам, бошқа жойларда ҳам, Қурьон ўқилар эди. Ҳукмни ҳам Қурьондан чиқарар эдилар. Қурьон уларнинг ягона қўлланмаси бўлиб, диний, ижтимоий ва сиёсий ҳаётларида доимо йўлбошчи бўлиб келди. Бундай нарсани ҳеч ўзгартириб бўлмайди. Чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи Қурьони ҳеч қандай ўзгаришсиз сақлашни зиммасига олган. Бу ҳақдаҚурьонда шундай дейилади:
«Албатта, Биз Қурьонни туширдик ва албатта, уни Биз Ўзимиз муҳофаза қиламиз».
“Тафсири Ҳилол” китоби
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.