1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ёмон хулқий сифат

29-05-2024, 12:14 253 Ўқиш режими + -
Инсон ўзидаги яхши хулқий сифатларни асраса, ёмон хулқий сифатлар сақланишга ҳаракат қилади. Инсонлардаги ёмон хулқий сифатлардан бири ёлғончиликдир.
                     “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да:“ Ёлғон- ҳақиқатга зид, нотўғри; ҳақиқатда бўлмаган. Ҳақиқий эмас, сохта, ясама; ёлғондакам. Ҳақиқатга тўғри келмайдиган, нотўғри гап, нарса; уйдирма” деб изоҳланади. Инсоннинг хоҳ қасддан бўлсин, хоҳ ноқасддан бўлсин бирор нарса ёки ҳодиса ҳақида нотўғри хабар бериш ёлғончиликдир. 
               Маълумки, инсон хулқий сифатларда ёмонлик ёки зарар борлиги учун эмас,балки уларни яратганнинг амри сифатида ўзида мужассам қилади. Ислом дини Аллоҳ таоло “Қуръони карим”да инсонларни ёлғончиликдан қайтариб: “ Ҳукм шундай. Ким Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларнинг риоясини қлса, парвардигори ҳузурида бу ўзи учун яхшидир. Сизларга тиловат қилинганлардан бошқа чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди. Бутлардан иборат нажосатдан йироқ бўлинглар ва ёлғон сўздан йироқ бўлинглар” дейди. ( Ҳаж сураси, 30-оят). Ушбу оятнинг тафсирида Ўзбекистон                              Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Усмонхон Алимов ҳазратлари  қуйидаги ҳадиси шарифни келтирадилар: “Абдураҳмон ибн Абу Бакр отасидан (разияллоҳу анҳумо) ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Шунда у зот: “Гуноҳларнинг энг каттасини сизларга айтиб берайми?” деб уч марта айтдилар. Сўнг “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш…”, дедилар. Ёнбошлаган ҳолда эдилар. Ўтириб олдидилар ва: “Огоҳ бўлинглар, ёлғон гувоҳлик бериш ва ёлғон гапириш” деб такрорлавердиларки, ҳатто бизлар “Қанийди, тўхтасалар эди, дедик ( Бухорий ривояти)[1]”.   
                            Ислом динида ёлғон гапириш гуноҳи кабирадир. Ҳар доим ёлғондан сақланиб, рост гапириш одобли , иймонли кишиларнинг сифатидир. Пайғамбаримиз (с.а.в.)“Ёлғондан сақланинглар, чунки иймон бир томонда, ёлғон бир томондадир. Ёлғон билан иймон бир кишида жам бўлмайди”. Ва яна Пайғамбаримиз (с.а.в.): “ Мўмин кишида ҳамма хулқлар бўлиши мумкин, аммо хиёнат ва ёлғончилик бўлмайди” дедилар. Ёлғончилик мунофиқлик аоматидир. Ҳадисда: “ Мунофиқликнинг  аломати учтадир: агар гапирса ёлғон гапиради, омонатга хиёнат қилади, ваъдасига хилоф қилади” дейилади. Шу сабабли ёлғончилик яхшиларнинг иши эмас. Алишер Навоий “ Маҳбубул-қулуб” асарида: “Ёлғончи-киши эмас; ёлғон айтмоқ яхшиларнинг иши эмас. Ёлғон сўз-айтувчини беэътибор қилади; чунки у гавҳарни оддий тошдек хор қилади. Кимки чин сўзни ёлғонга қотади; бебаҳо дурни нажосатга отади”деб ёзадилар.
             Ҳаётда инсоннинг бошига тушадиган кўпгина нохушликлар унинг ёлғон гапиришидан пайдо бўлади. Алдаш, макр-ҳийла, инсофсизлик, ҳақсизлик, эътиқодсизлик, душманлик каби нарсаларнинг барчаси ёлғон ҳамда ёлғончиликдан вужудга келади. 
Баъзи кишилар бирор манфаат кўриш учун ёлғон гапиришади. Аслида эса ёлғондан фойда кўриш йўқ. Пайғамбар (с.а.в.) бундай марҳамат қиладилар:“Ростгўйликда хавфу хатар кўрсанглар ҳам, рост сўзланглар. Шунда нажот топасизлар. Гарчи фойда кўриб турган бўлсангиз ҳам, ёлғондан сақланинглар, чунки барибир ёлғоннинг охири вой.”  
                  Инсон ёлғон гапирса ундан файзи-путур, барака кетади. Пайғамбаримиз ( с.а.в.): “ Агар киши ёлғон гапирса, фаришта у кишидан ёлғони етиб борадиган жойгача узоқлашади” ( Термизий ривояти). Фойда кўраман деб, айрим кишилар савдоларида ҳам ёлғон ишлатадилар. Савдодаги ёлғончилик баракани кетказади. Пайғамбаримиз (с.а.в.):“Мабодо ёлғон гапириб сотиладиган нарсанинг айбини яширсалар, савдоларининг баракаси кетказилади”, дедилар. Пайғамбар (с.а.в.):“ Бир инсонга зарар етказган ва уни алдаган киши биздан эмас” дедилар.
                        Айримлар кишилар ўзаро мулоқотда суҳбатдошини ёлғон гаплар билан ишонтиришга ҳаракат қилиб, бўлар-бўлмасга ёлғон қасам ичишдан ҳам тоймайдилар. Ёлғон қасам ичиш инсонни жаннатдан маҳрум қилиб, уни дўзахга киришига сабаб бўлади.Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.):“Кимки ёлғон қасам ичиб, бировнинг ҳаққини ўзлаштирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром этиб, дўзахга киришини вожиб қилади” дедилар. Шунда бир киши:“Агарда озгина нарсасини олса ҳамми?” деб сўради. Пайғамбар с.а.в.:” Агарда дарахтнинг шохидек нарсасини олса ҳам” деб жавоб бердилар.
            Ёлғон гувоҳлик беришлик ҳам энг ёмон иллатлардан биридир. Ёлғон гувоҳлик бериш нотўғри ҳукм чиқаришга, жиноятчи айбсиз, айбсиз киши жиноятчи бўлиб қолишига сабаб бўлиш мумкин. Шарқ халқларида ёлғон гувоҳлик бериш улкан гуноҳлардан ҳисобланади. Пайғамбар (с.а.в.): “Сизларни учта катта гуноҳлардан огоҳ қилайми?” дедилар. Ва у зот: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, ёлғон гувоҳлик бериш” дедилар. 
                          Баъзи кишилар ўз хатоларини яшириш учун ёлғон гапирадилар. Баъзи кишилар ўзларини қийин вазиятдан чиқариш учун ёлғон гапирадилар. Баъзи кишилар бошқа кишиларни ўз истик –хоҳишларига бўйсундириш учун ёлғон гапиришади. Ёлғон гапираётган инсон ичидан ёлғон гап нотўғри эканлигини билиб туради. Аммо ёлғонга ўрганиб қолганлари учун ундан қайтмайди. Ҳадисда: “ Ёлғончиликдан  ҳазар қилинглар. Чунки ёлғончилик ёмон ишга   бошлайди, ёмон иш эса дўзахга бошлайди. Бир киши ёлғон гапираверса,шу ишда бардавом бўлса, Аллоҳнинг ҳузурида“Ёлғончи(каззоб)”деб ёзилади”, дейилади. ( Бухорий ривояти).  
                       Баъзи кишилар эшитган нарсалари ёлғонми,чинми, уни гапириб юрадилар Ҳадисда: “Эшитган нарсанинг барчасини гапириб юришлик шу кишининг ёлғончилигига етарли далилдир” дейдилар.
Ёлғон гапириш орқали инсонга қуйидаги ёмонликлар келади:
  1. Ёлғончилик туфайли инсон ҳақ ва халқнинг назаридан қолади; 
  2. Ёлғончилик инсоннинг мартабасини туширади;
  3. Ёлғончилик туфайли инсон одамлар орасида ишонарсиз кишига айланади;
  4. Ёлғон сўзлайдиган  шармандаликка яқин кишиб;
  5. Ёлғончилик туфайли инсон ҳар хил ташвишларга қолади;
  6. Инсондаги ёлғончилик унинг калтабин эканлигига далолат қилади;
  7. Ёлғончилик туфайли инсон турли хил нодонликларга, бало ва офатларга яқин бўлади;
  8. Ёлғончилик доимо инсоннинг дунё ва охиратига зарар беради;
  9. Ёлғончилик туфайли инсон кўзга ёмон кўриниб, меҳр-оқибатдан узоқ бўлади.                
                       Ёлғон билан инсоннинг муаммолари ҳал бўлмайди. Балки муаммо устига муаммо кўпайтиради,уни чигаллаштиради. Ёлғончилик  инсонга кулфат-ғам,ташвиш келтиради. Ёлғоннинг умри қисқа, ёлғон туфайли инсон бетайин ва бебурд бўлади. Ёлғончилик инсоннинг уятга қолдиради. Бу ҳақда А. Навоий:“ Ҳар кимнингки сўзи-ёлғон, ёлғонлиги билингач, уятга қолган; ёлғонни чиндек гапирувчи сўз устамони-кумушга олтин қоплаб сотувчи заргар. Ёлғон-афсоналар билан уйқу келтирувчи ёлғончи-уйқуда алаҳловчи. Ёлғон гапирувчи ғафлатдадир; сўзнинг бир-бирдан фарқи кўпдир, аммо ёлғондан ёмонроқ тури йўқдир.Ёлғон гапириш билан ўз вақтини ўтказувчи одам, бу қилиғи ёмон туюлиш ўрнига, кишиларни алдагани билан  фахрланади ҳам. Ёлғончи ўз гапига гўллик билан қулоқ солувчи топса, уларга ёлғонни чинга ўтказса, муродига етган бўлади. Ёлғончи-ҳақ қошида гуноҳкор; халқ олдида шарманда. Бундай наҳснинг беор юзи ёмонликка ўгирилган бўлади; бундай наҳсга ботган одам қутлуғ уйдан нари бўлғай” дейдилар.
             Ёлғон гапиришни тарк қилган киши чиройли хулқ эгасидир. Пайғамбар (с.а.в.):“ ... гарчи, мазахга қолса ҳам ёлғонни тарк қилган киши учун жаннат равзасидан бир уйга кафилман. Хулқини чиройли қилган кишига энг олий жаннатдан бир уйга кафилман” дедилар.(Абу Довуд ривояти).
                Ёлғончилик туфайли инсонлар қалбига озор берилади, инсонлар орасига совуқлик тушади. Ёлғончилик жамият аъзолари ўртасидаги ишонч, ўзаро муносабат ва меҳр-оқибатни йўқолишига олиб келади. Инсон орасидаги меҳр оқибат йўқолиб, инсонлар бир-бирларидан узоқлашадилар. Ёлғончилик ҳамма халқларда қораланадиган ишлардандир. Шу сабабли ҳар қандай ҳолатда ҳам ёлғондан сақланиб, рост гапириш каби яхши хулқий сифатни ўзимизда мужассам қилайлик.  
                                             
Р. Акбаров 
 
[1] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. Тафсири ирфон. “Шарқ” НМАК, 2019.   3-жилд, 435-бет.