1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҚЎРҚУВГА ҲОЖАТ ЙЎҚ

17-03-2020, 10:49 423 Ўқиш режими + -

Қўрқувга ҳожат йўқ

       Ҳаётимиз ўзгарувчан эканлиги, қийинчилик ва енгилликлардан иборатлиги ҳаммамизга маълум. Улар худди кун тунга, тун-кунга алмашгани каби ўзгариб туради. Қувончли ва ташвишли дамларни боғлаб турувчи бир жиҳат бор, у ҳам бўлса иккиси ҳам ўткинчидир. Ҳаётда кўп воқеалар содир бўлади.
        Қуръони Каримда Аллоҳ инсонларни нималар билан синашини маълум қилар экан, ушбу синовларни қандай қабул қилиш керак эканлигини ҳам тушунтиради.“Албатта биз сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) бирон мусибат келганида: “Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У Зотга қайтгувчилармиз”,- дейдиган сабрли кишиларга хушхабур беринг! Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан саловат (мағфират) ва раҳмат бордир. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчидирлар. (Бақара сураси, 155-157 оятлар).
Ушбу ояти кариманинг маъносини  Имом Шаъровий роҳимаҳуллоҳ таъвил қилиб шундай дейдилар: “Биламизки, аслида  кишилар бошига синовларнинг келиши  ёмон эмас, балки уни синовлардан ўта олмаслиги ёмондир. Зеро, ҳар бир синов тажриба ва имтиҳон ҳисобланади. Ҳеч ким имтиҳонларни ёмон демаган.  Балки у муваффақиятга эришиш йўлидаги машаққатларни кўтара олмаган кишининг наздида ёмондир. Аммо, бор-куч ғайратини ишга солиб, пешқадамлардан бўлган киши наздида  имтиҳонлар   яхшидир.
       Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус қурбонлари сони фожиавий ҳисобланувчи кўрсаткичдан ўтиб кетганини маълум қилган эди. Дунё бўйлаб коронавирус 110дан зиёд давлатларда тарқалиб, ушбу вирус билан касалланганлар сони 156 мингга етди. 5 минг 820 дан ортиқ киши вафот этди. Минг афсуски, ушбу касаллик билан касалланган беморлар бизнинг юртимизда ҳам аниқланди. Ушбу касалликдан ваҳимага тушиш ва қўрқув нечоғлик ўринли, динимизда бундай ҳолатларда қандай йўл тутиш мақсадга мувофиқ эканлиги тўғрисида нима дейилган деган саволлар барчаларимизни қизиқтириши тайин. 
Қўрқув — бу кишининг ваҳимага тушишидир. У бирор зарарга йўлиқиб қолишдан қўрқиб ички хотиржамлигини йўқотади. Нафс ҳамма нарсага кўникувчан. Қўрқув ва безовталик заруратсиз руҳий тушкинлик бўлиб, сиз агар  нафсингизни қўрқувдан сақламоқчи бўлсангиз, ўша сизни қўрқитаётган ишни келтириб чиқариши мумкин бўлган сабабларни тўхтатишга қаттиқ ҳаракат қилишингиз лозим. Бироқ хавотирларга таслим бўлсангиз, ҳар қанча тажрибангиз бўлса ҳам сизни қўрқитаётган ишлар қаршисида туриб бера олмайсиз. Чунки сиз тез орада мажбуран ваҳима қилавериб чарчаган жисмингиз билан муаммога  юзма-юз келасиз. Аслида ўша хатар  етиб келгунга қадар  нафсингиз унга аллақачон кўникиб, қабул қилишга тайёр бўлиб турган бўлиши лозим. Шундай қила олсангиз сиз   бу вазиятдан  соғ-омон чиқиб кета оласиз. Аммо ҳадеб хавотир олаверсангиз ва ҳадиксирашни кўпайтириб  юборсангиз хавф-хатарни қўллаб-қувватлаган бўласиз. Бундай ҳолатда сиз ҳар қанча кучли ва фикрли  бўлманг барибир сизни қўрқитган ишга  қарши самарали кураша олмайсиз.
Қўрқув ва ваҳималар ичра яшайдиган кишиларга айтар сўзимиз шуки,  сиз қўрқув билан келиши мумкин бўлган хатарни янада кучайтирмоқдасиз. Сизнинг бу хавотир ва ваҳимангиз  хавф-хатарни тўхтатиб қўймайди. Шундай экан, сиз яхшиси ўзингизни қўрқитаётган ишни олдини олишга ҳаракат қилинг. Уни содир бўлишига йўл қўйманг! Ҳали бошингизга келмаган муаммодан қўрқиб яшашни бас қилинг! 
Корона вирус (CОВИД-19) касаллиги  шиддат билан тарқалиб унинг географик ҳудуди кенгаяётган ва одамлар орасида уни  юқумли касаллик эканлиги ваҳимаси кучаяётган пайтда дунё ислом уламолари бу  касалликнинг шаръий муолажаларини эслатмоқдалар.
            Бундай ҳолатларда мусулмон киши Аллоҳ таолонинг тақдир қилгани юзага чиқишига қаттиқ ишонган ҳолда, касалликдан сақланиш чора тадбирларини кўради. Вабо ва шу каби тез тарқаладиган касалликлар чиққан жойга кирилмайди ва қаттиқ зарурат бўлмаса, у ердан чиқиб кетилмайди. Тиббий соҳа вакиллари кўрсатмаларига тўла амал қилинади. Оят: “...ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара сураси 195-оят).
16 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши барча мусулмонларни мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашгунгача жума намозлари ўрнига уйда пешин намозини ўқишга, беш вақт намозларни ҳам уйда адо этишга, жаноза намозлари вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида хонадонларда ўқилишига, масжидларда намоз вақтини билдириш учун азон ўз вақтида айтилишига,  мўмин-мусулмонлар имкон қадар касалликни тарқалишининг олдини олишга ўз ҳиссаларини қўшишлари кераклигига, ҳар бир мусулмон ибодатлар ва дуоларда Аллоҳ таолодан ушбу касалликни даф қилишини сўраб, ихлос билан илтижо қилиши лозимлигига, касалликнинг олдини олиш борасидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тавсия этилган кўрсатмаларга қатъий амал қилишга,карантин даврида масжидлар ва таҳоратхоналарда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсиялари асосида даврий дезинфекция ишлари ўтказилишига, бундай вазиятларда озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур воситаларни нархини ошириш, сунъий равишда тақчилликни юзага келтириш ҳамда аҳоли ўртасида турли ваҳимали хабарларни тарқатиш шаръан ҳаром эканлигини чуқур англаб, ушбу қоидаларга қатъий амал қилишга чақириб, ўзининг фатвосини эълон қилди.
Ушбу фатвонинг вирус аниқланган мусулмон мамлакатлар ҳамда бошқа ўлкалардаги йирик исломий ташкилотлар ва уламоларнинг ушбу масаладаги фатво ҳамда хулосаларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинганлиги алоҳида таъкидланди. Бизларнинг мазкур фатво талабларига амал қилишимиз, халқимиз манфаати йўлида амалга оширилаётган чора-тадбирларга риоя қилишимиз  айни заруратдир.
Минг афсуски, мазкур вазиятда карантин жараёнлари ва юқоридаги фатво талаблари тўғрисида аҳоли орасида турли нохолис ва текширилмаган, бир ёқлама фикр юритилган ахборотларни тарқатишга уринишлар содир бўлиб турибдики, бундайин ишлардан қатьий сақланиш зарур. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Ҳужурот сураси 6-оятида қуйидагича марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир кишининг эшитган ҳар нарсасини гапиравериши гуноҳ учун кифоя қилади”, дедилар. Шунингдек, инсон ҳар қандай фитналарга алданмаслик, ниҳоятда ҳушёр бўлиши кераклиги ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин киши зийрак, ҳушёр ва оқил бўлади”, деган ҳадислари моҳиятини чуқур тушуниш лозим. 
Бинобарин, ҳар қандай маълумотга ишониб, қарор қабул қилавериш дунё ва охиратда пушаймонга сабаб бўлиши мумкин. Текширилмаган хабарни тарқатган одам ҳам айни гуноҳга шерик бўлиб қолади. Маълумотни олиш ва аниқлашда аввало, ҳар бир соҳанинг ўзининг мутахассисига мурожаат қилиниши керак.
Қуръони Карим, сўзсиз, инсонларга кўрсатма, нур, эслатма, саодат калити этиб юборилган. Қуйидаги оятлар киши ҳаётининг мушкул паллаларида ёрдам беради ва синовларни сабот билан енгишига, чиройли сабр қилишига кўмаклашади.  “Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ сураси 6-оят).Демак, юқоридаги каби бало-офатлар тарқалганда бандалар янада ибодат, зикру тасбеҳга, истиғфорга зўр беришлари, доимо дуо қилиб, Аллоҳ таолодан офият сўрашлари керак бўлади. Аллоҳ таоло дунёдаги мўмин-мусулмонларни, жумладан юртдошларимизни турли бало-офатлардан паноҳида асрасин.
 

Р. Усмонов
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили, 
вилоят бош имом хатиби